Дизайн мактабини ривожлантириш зарурлиги таъкидланди

0
63
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев “Indenim Textile” кластерининг Термиз шаҳридаги тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Бу корхона 2019 йил ишга туширилган бўлиб, унинг умумий қиймати 10 миллион доллардан зиёд. Германия, Япония, Туркия ва Хитой каби давлатлардан келтирилган илғор технология ва ускуналар самарасида йилига 800 турдаги 9 миллион дона кийим-кечаклар ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Уларнинг бир қисми экспортга, асосий қисми ички бозорга – “Indenim” дўконларига етказиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини, маҳсулотларни кўздан кечирди.

— Юртимизда тўқимачилик хомашёси бор, маҳсулотлар сифати ҳам яхшиланиб бораяпти. Фақат бизда дизайн мактаби йўқ. Ҳозир дунёда услублар тез ўзгараяпти. Кийим корхоналаримиз рақобатбардош бўлиши учун дизайн мактабини ривожлантириш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мутахассисларни Италия каби дизайн соҳаси тараққий этган мамлакатларга тажриба учун юбориш бўйича кўрсатма берилди. Шунингдек, бозорни ўрганиш ва прогнозлаштириш, бу борада тадбиркорларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.

Корхонада мономарказ ташкил этилган, ишчилар аввал шу ерда ўқитилади. Бугунги кунда 800 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

“Indenim Textile” кластерининг пахта етиштириш ва қайта ишлаш, ип-калава тайёрлаш, кийим ишлаб чиқариш ҳамда сотиш занжири яратилган. Уларда жами 9 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётир.

Давлатимиз раҳбарига корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берилди. Келгусида мато тўқиш ва бўяш, кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Бунинг учун умумий 55 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Натижада яна 10 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.