Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди, дея ҳабар беради Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг расмий каналида.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилишининг асосий мавзуси — экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш. Шу билан бирга ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
“Кўриб турибсиз – дунёда озиқ-овқат танқислиги муаммоси кучайиб бормоқда. Айниқса, маҳсулот етиштирувчи асосий давлатларнинг экспортга чекловлар қўйиши ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда.
Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади.
Шу боис, юқоридаги хавф-хатарларнинг аҳолимизга таъсирини юмшатиш бўйича ҳар бир маҳалла, туман, вилоят даражасида аниқ ҳисоб-китоб ва чора-тадбирлар қилиш керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб берганмиз”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.
Йил бошида пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобидан аҳолига 80 минг гектар майдонни бўлиб бериш бошланди.
Аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатиш бўйича 3 мингдан зиёд “Томорқа хизмати” инфратузилмаси яратилди.
Томорқада маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли маблағлар ажратилди.
Жорий йил 6 ойида 821 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди.
Ҳозирга қадар ажратилган 64 минг гектарда жами 785 минг аҳоли бандлиги таъминланди.