Дзюдо бўйича сарҳисоб: Якунланаётган йилда М. Йўлдошев ва Д. Келдиёрова энг яхши спортчи деб топилди

0
71
марта кўрилган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг 2023-йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти, шунингдек, Илиас Илиадис бошчилигидаги дзюдочилар ва мураббийлар штаби иштирок этди.

Унда мазкур йилда қайд этилган натижалар ҳамда янги йил режалари кўриб чиқилди. Тадбир аввалида федерация Бош котиби Азизжон Собиров ушбу йил амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди. Ҳисоботга кўра, турли ёш тоифаларидаги халқаро мусобақаларда 99 та олтин, 72 та кумуш ва 149 та бронза медаллари қўлга киритилган. Шунингдек, мутахассис дзюдо мактабларининг фаолияти ва ушбу спорт оммавийлигини ошириш бўйича қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Анжуманда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов юртимиз дзюдочилари янада юқори натижаларга эришишига ишонч билдирди. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ўз сўзида Ўзбекистон дзюдочилар терма жамоасини “Миллий спорт мукофоти-2023” тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши терма жамоаси” номинацияда ғолиб чиққани билан қутлади.

Анжуманда мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов 2023 йил ўзбек дзюдоси учун муваффақиятли ўтгани, хусусан, биринчи бор жаҳон чемпионатида 4 та медал қўлга киритилгани, Осиё ўйинларида илк бора 3 та олтин медал жамғарилгани, спортчиларимизнинг 12-йиллик танаффусдан кейин “Мастерс” турнирида олтин медални қўлга киритишгани, пойтахтимизда “Катта дубулға” турнири, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги ва қитъа биринчилиги юқори савияда ўтказилганини таъкидлади. Шунингдек, давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан 2024 йил бундан ҳам катта ютуқларга эришиш мақсад қилинганини билдирди.

Тадбир якунида мусобақаларда сараланган спортчилар  тақдирланишди. Унга кўра, жаҳон чемпионатининг бронза, Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Муроджон Йўлдошев ва жаҳон чемпионатининг кумуш, Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Диёра Келдиёрова энг яхши эркак ва аёл спортчилар сифатида эътироф этилди. Шунингдек, бошқа бир қатор йўналишларда ҳам мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Тадбир якунида  мутахассислар янги очиладиган дзюдо академияси, Париж-2024 беллашувларида мамлакат терма жамоаси қатнашиши кутилаётган мусобақалар, Олимпиада режалари ва бошқа кўплаб мавзуларда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

GUJUM.UZ

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.