Дзюдо. Шаҳрам Аҳадов Тбилиси Гран-Приси совриндори!

0
79
марта кўрилган.
30 март куни Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича нуфузли Гран-при мусобақаси старт олди. Ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этишлари ҳақида хабар қилгандик. Бугунги баҳсларда икки нафар спортчимиз иштирок этди. 
 
-66кг вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Шаҳрам Аҳадов илк жангида мезбонлар вакили Звиад Хубулурини, кейин озарбайжонлик Элчин Ҳусейновни мағлубиятга учратди. Чорак финалда эса афсуски у бразилиялик Даниэль Каргнинга имкониятни бой бериб қўйди. Шундай бўлсада, ҳамюртимизда бронза медали учун курашиш имконияти сақланиб қолди. Ўтиш баҳсида у грузиялик Нико Чикаидзени таслим этди. Бронза медали учун кечган беллашувда эса у бошқа бир мезбон спортчи Лаша Гиунашвилидан устун келиб, Гран-Прининг бронза медали соҳибига айланди. 
 
Шаҳрам Аҳадов январь ойида бўлиб ўтган Тунис Гран-Присида олтин медални қўлга киритганини ҳам эслатиб ўтиш лозим. 
 
-60кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Дониёр Султонбоев арманистонлик Ваган Ховсепян ва Қирғизистон вакили Отар Бестаевни мағлубиятга учратганди. Аммо, ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда у мезбон спортчи Лукуми Чквимианига ютқазиб қўйди. 
 
Маълумот учун, мусобақанинг эртанги кун баҳсларида ўзбекистонлик спортчилардан Ғиёсжон Бобоев, Шарофиддин Болтабоев ва Шермуҳаммад Жандриевлар иштирок этадилар.
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.