Элга меҳр- оқибат, саховат ва ҳиммат намунаси!

0
902
марта кўрилган.

Айни кунда бутун дунё аҳли каби ўзбек халқи ҳам таҳликали вазият, оғир ва синовли кунларни бошидан кечирмокда. Ана шундай синовли дамларда  мамлакатимиз аҳли коронавирус балосини даф қилишда бир тану бир жон бўлиб, ҳамкорликда ҳаракат килаётгани қувонарлидир.

Аслида бошга синовлар тушганда яхшилар жипслашади, эзгулик, яхшилик йўлида бирлашади, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Халқимиз синовли кунларда ҳамиша жипслашганини тарих ҳам исботлаб турибди.

 Айни синовли кунларда халқимизнинг маънавий қадриятларини эъзозлаб яшаётган  меҳр- оқибати, саховати ва ҳиммати  юксак фазилатли инсонлар  ўзлигини намоён қилмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига яна  эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари айни кунда ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги ва ҳалқимиз фаровонлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб яшашга чақирди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.  Мамлакатимизда Президентимизнинг ташаббусига лаббай деб жавоб берадиган тадбиркорлар, фидойи инсонлар жуда кўплиги кишини қувонтиради.

«BIZNES AZIYA» масъулияти  чекланган жамияти томонидан  карантин бошланганидан бери 200дан ортиқ кам таъминланган ва муҳтож оилаларга ёрдам берилди. Жумладан, Яккасарой туманидаги “Белариқ” маҳалласига 30 та жамлама, ушбу туманнинг “Армуғон” маҳалласига 70 та жамлама, Чиланзар туманидаги “Нафосат” маҳалла аҳлига 36 та жамлама, Тошкент вилоятидаги Кибрай тумани»Селекция» маҳалласига 45та жамлама озиқ — овқатлар армуғон қилинди. Йигирма уч турдаги маҳсулотлар жамламаси ичидан кунгабоқар ёғи, туз, шакар, ун, чай, гуруч, “Лоск” кир ювиш кукуни, суюқ совун, лапша, вермишел каби оилада кундалик ишлатиладиган маҳсулотлар ўрин олган.

Ушбу ташкилотга “Армуғон” маҳалласи фуқаролар йиғини кенгаши раиси Н.  Узоқов маҳалладошлари номидан ташаккурнома йўллади:

– Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш бизнинг миллий қадриятларимиздан биридир. Ана шундай пайтда сизнинг ташкилотингиз оғиримизни енгил қилди. Армуғон этилган озиқ-овқатлардан маҳалладошларимиз жуда хурсанд, бари ўз миннатдорчилигини билдиришяпти. Мен шу қиёмат қарз ҳабарни етказмоқдаман.

Ана шундай ташаккурномалар Чиланзордаги «Нафосат» маҳалласи кенгаши раиси Ш. Адамбоев, Яккасарой туманидаги “Белариқ” маҳалла етакчиси Б. Исроиловдан  ҳам келди.

“Оллоҳ савоб йўлида бирни берган кишига мингни беради” дейилади Ҳадисларда. Яратган эгам саховатпеша тадбиркорларимизнинг бирига мингни қўшсин! Юрт ободлиги йўлидаги уларнинг саъй ҳаракатларида Яратган эгам  мададкор бўлишида тилакдошмиз.

Саховатпеша, фидойи инсонлар бор экан  хонадонларимиз тинч, юртимиз обод бўлишига ишонамиз. Чунки, барчанинг қалби ва тилида битта илтижо: Оллоҳим, касалликни бошимиздан арит, барчамизни ўз паноҳингда асра!

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.