«Энди тадбиркор ўз идорасидан чиқмай туриб, экспорт-импорт операциялари учун зарурий ҳужжатларни расмийлаштириши мумкин» — Давлат божхона қўмитаси

0
312
марта кўрилган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат божхона қўмитаси мутасаддилари иштирокида «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш  ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижросига доир масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу қарорга асосан 2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш назарда тутилгани таъкидланди. Хусусан, 2020 йилнинг 1 январидан эътиборан мазкур тизим www.singlewindow.uz электрон манзилида ишга туширилган.

«Ягона дарча» божхона ахборот тизимига Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияси каби ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилингани қайд этилди.

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Раҳимов сўзларига кўра, «Ягона дарча» — бошқарув фалсафаси бўлиб, унинг доирасида ҳукуматнинг анъанавий тузилмалари фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг талаб-эҳтиёжларига тўлиқроқ жавоб бера оладиган янги дастакларга трансформация бўлади.

«Мақсадимиз ахборот алмашинуви учун ягона интерфейсни яратишдан иборат, — деди бошқарма бошлиғи Нурбек Саломов. — Бу муҳим маълумотлар базаси орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари давлат хизматларидан One-Stop Service тамойили (хизматлардан бир жойда фойдаланиш) бўйича фойдаланади».

Содда қилиб айтганда, энди тадбиркорлар ўз идораларидан чиқмасдан туриб, интернетдаги www.singlewindow.uz манзилида жойлашган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатларни олиш учун ариза юборишса, кифоя.

Аризага жавобан берилган ҳужжатлар ва сертификатлар мазкур портал орқали бир вақтнинг ўзида ҳам тадбиркорга, ҳам божхона органларига божхона расмийлаштируви учун тақдим этилади.

Маълум қилинишича, ҳозирда 4,7 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимидан фойдаланмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.