”Энг улуғ, энг азиз“ Республика кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи

0
311
марта кўрилган.

 Хоразм. Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида  Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган анъанавий “Энг улуғ, энг азиз” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Бу йил вилоят танловига  ижодкорлар томонидан 5 та йўналиш бўйича тўрт юзга яқин ишлар тақдим қилинди.

     Танловга тақдим этилган ишларда мамлакатимиз мустақиллик йилларида барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилгани, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, хавфсизлик ва барқарорлик таъминлангани, Ватанимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортиб бораётгани, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти, аҳолининг, айниқса ёшларимизнинг онгу тафаккури, сиёсий савияси, ижтимоий фаолияти ошиб бораётгани, қишлоқ ва шаҳарларимиз обод бўлиб, юртимизнинг қиёфаси тубдан ўзгараётгани аниқ ва таъсирчан ҳаётий мисоллар асосида акс эттирилган.

Асарларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Бешта ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни кенг тарғиб қилинган. Мамлакатимизда ижтимоий- иқтисодий соҳаларда амалга оширалаётган яратувчанлик ишлари, замондошларимиз  фидойиликлари жамиятимизда миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бетакрор меросимиз, бой тарихимиз, Ватан тақдири, юрт истиқболига даҳлдорлик туйғуси маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланаётгани атрофлича ёритилган.

Ғолибларни тақдирлаш тадбирида вилоят  ҳокими Ф.Эрмановнинг  табрик сўзини вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Р.Аҳмедов ўқиб эшиттирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Д.Бекчанова, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Г.Ибодуллаева, Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ў.Матқурбанов, санъат арбоби, Ўзбекистон бадиий академияси аъзоси, Урганч давлат университети профессори, академик Отахон Оллаберганов сўзга чиқдилар.

Ташкилотчилар ва ҳайъат аъзолари иштирокида ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва диплом билан  тақдирландилар. Тасвирий санъат йўналишида иштирок қилган барча ижодкорларга, ёшларга сертификат билан бирга  “Хоразм” нашриётида чоп қилинган китоблар тақдим қилинди.

Тадбир сўнгида Урганч давлат университети профессори, академик Отахон Оллабергановнинг тасвирий санъат соҳасидаги  умидли ёшлар учун  маҳорат дарси, таниқли шоир ва ёзувчиларнинг ёш истеъдодлар билан мушоира кечаси ўтказилди.

Гулёр ПАЛВАНОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.