Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий телефон орқали мулоқот қилдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Суҳбат аввалида Эрон раҳбари мамлакатимиз етакчисини куни кеча Ўзбекистонда ўтган муддатидан илгари Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклади.
Эрон Президенти ушбу мамлакатнинг Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеийнинг саломи ва табрикларини ҳам етказди.
Жорий йилнинг июнь ойида Эронга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Қабул қилинган “Йўл харитаси”га мувофиқ саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга киришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол мулоқотларни, шу жумладан икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлар маъмуриятлари даражасидаги алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.