Ғалаба боғи – хотира ва қадр-қиммат бўстони

0
375
марта кўрилган.

Халқимиз бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ўзгача нишонлади. Давлатимиз раҳбари  уруш ва меҳнат фахрийлари билан янгидан бунёд этилган Ғалаба боғида ва “ойнаи жаҳон” орқали дийдорлашди. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар юртдошларимизни тарихга янгича нигоҳ билан қарашга ундайди.

Масалан, шу пайтгача урушда Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, дея таъкидланарди. Президентимиз топшириғига кўра олиб борилган ўрганишлар натижасида аслида Иккинчи жаҳон урушида 1 миллион 951 мингга яқин ватандошимиз қатнашган экан. Ваҳоланки, ўша пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган. Демак ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси урушда қатнашган ва бу рақамлар фашизм устидан устидан қозонилган ғалабада ота-боболаримизнинг ҳиссаси катта эканини кўрсатади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган боболаримиз  ва фронт орқасида фидокорона меҳнат қилган элимиз одамларининг    хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда серфайз ва муҳташам Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи ва “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари бунёд этилди. Халқимизнинг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.

Ушбу саъй-ҳаракат замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассамлашган.

Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларни эса доимо эъзозлаш миллий  қадриятларимиздан биридир. Айни кунда юртимизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилиб, захмат чеккан фахрийларимиз бор. Албатта, юртимиз тинчлиги йўлида хизмат қилган марҳумларни ёд этиш билан бирга ҳозирги кунда ҳам ўзининг билимларини шогирдларига ўргатаётган маҳалладошларига намуна бўлаётган фидойиларнинг аҳволидан хабар олиш ҳам ҳар бир маҳалладошнинг фарзидир.

Жумладан, пойтахтнинг Юнус Ражабий маҳалласи жонкуярлари жангоҳларда қон кечиб жанг қилганлар, фронт ортида ишлаган маҳалладошлари Шарипова Гулсун,  Абдуллаева Анастасия, Алимов Марат, Асомов Эркин, Маминова Клавдия,  Воронова Нина, Якубжонова Хосият хонадонларида бўлиб, байрам билан қутлашди. Отахон ва онахонларнинг уруш ва ундан кейинги даврдаги мардонавор хизматлари, юрт тинчлиги ва мамлакат равнақи учун амалга оширган ишлари, ҳаётий кечинмалари эсга олинди. Кексалар юртни, элни алқаб дуо қилишди.

Р. ЗАРИПОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.