Геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди

0
119
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни геологияда амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Охирги уч йилда ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Шу даврда тармоққа ажратилган маблағлар 3 баробарга ошди. Ускуналарнинг учдан бир қисми янгиланди. 850 тадан зиёд илғор ва инновацион технологиялар жорий этилди.

Натижада қидирилаётган қазилма бойликлари турлари 3 тадан  17 тага кенгайди. Руда таркибида аниқланадиган элементлар сони 12 тадан 40 тага етказилди. 2019 йилда Марказий Осиёда илк бор замонавий аэрогеофизик комплекс ишга туширилиб, ер қаърини инновацион усулларда ўрганиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, геология ишларининг бошланғич босқичида замонавий ГИС-технологиялари асосида дунёда тан олинган Global-Mapper, Erdas, ENVI дастурлари ва юқори аниқликдаги Landsat, Aster космосуратларидан фойдаланиш жорий этилди. Бу усуллар анча чуқур қатламлар ҳақида юқори аниқликда маълумот олиш ҳамда катта ҳудудларни қисқа муддатда ўрганиш имконини бермоқда. Энг муҳими, вақт ва харажат тежалмоқда.

Ер ости сувларини мониторинг қилиш ва кадастрини юритиш ҳам такомиллаштирилди. 250 та кузатув қудуғида ер ости суви параметрларини масофадан автоматик ўлчаш қурилмалари ўрнатилди.

Соҳадаги ишларни изчил давом эттириш мақсадида жорий йилда геология-қидирув ишларига 1,6 триллион сўм ажратилди.

Бугунги йиғилишда мазкур ишлар ҳажмини ошириш, хорижий инвестициялар жалб этиш масалалари кўриб чиқилди.

Йил якунига қадар олтин ва кумуш ресурслари, мис ва 8 турдаги норуда бойликлари захираларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун техникаларни янгилашни давом эттириш керак. Масалан, замонавий ускуналарни қўллаш ҳисобига бурғилаш чуқурлигини 800 метрдан 1200 метрга етказиш, иш самарадорлигини эса 1,7 бараварга кўпайтириш мумкин.

Шу боис жорий йилда геофизика, бурғилаш, тоғ-кон ва лабораторияда қўлланиладиган 385 та ускунани модернизация қилиш бўйича топшириқ берилди. Йил якунига қадар углеводородга истиқболли 16 та майдонни аниқлаш, 23 та янги кон захираларини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш масаласи муҳокама қилинар экан, давлатимиз раҳбари бунинг учун халқаро стандартларни жорий этиш кераклигини таъкидлади. Хорижий мутахассисларни жалб қилиб, геологларни JORC стандартлари бўйича маълумот тайёрлашга ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзлаштириш учун тайёр 20 та конга тажрибали инвесторларни жалб қилиш, бошқа истиқболли майдонлар бўйича сармоявий лойиҳаларни шакллантириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Геология соҳаси қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, қудуқлар қазиш учун ҳар бир туманга махсус техникалар етказилиши белгиланган.

Йиғилишда 3 минг гектарга сув чиқариш учун 70 та қудуқ бурғилаш бўйича вазифа қўйилди. Шунингдек, жорий йилда 200 та янги қудуқда сув сарфини, 400 та қудуқда ер ости сув сатҳини онлайн мониторинг қиладиган тизим жорий этиш ҳамда ер ости сувлари интерактив харитасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Геология ривожида фундаментал, илмий, инновацион ва амалий тадқиқотларнинг ўрни катта. Шу боис йил якунигача 2,5 минг квадрат километр майдонни космик тасвирлар орқали, 5 минг квадрат километр майдонни аэрогеофизика усули орқали геологик ўрганиш юзасидан топшириқлар берилди.

Жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ҳамда 31 январь куни илм-фан вакиллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари геология соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантиришга доир қатор истиқболли вазифаларни белгилаб берган эди.

Шу асосда Геология фанлари университетини ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Унинг ўқув дастурлари Санкт-Петербург кончилик университети ва бошқа хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибаси ёрдамида ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги йиғилишда мазкур янги университет қошида Геология музейини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ўқув жараёнига боғлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Мутасаддилар соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги топшириқларни бажаришга қаратилган режалар юзасидан ахборот берди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.