Андижон вилоятида ғўза қатор ораларига экилган соянинг Фортуна нави униб чиққанидан 26 кун ўтгач, Балиқчи тумани далаларида гуллади. Шуни айтиш лозимки қанчалик кеч экилган бўлишига қарамасдан биринчи марта соя ўсимлиги ғўза қатор ораларидан жилмайиб, бизга мана мен ҳосил бермоқчиман дегандек гулга кирди. Ушбу тажрибалар бошланганида турли хил фикрлар, мулоҳазалар келиб чиққан эди.
Президентимиз 21 май куни Андижон вилоятига қилган ташрифларида вилоятнинг фермер хўжаликларида бўлиб, ғўза ривожини кўздан кечирар экан, 90 см кенгликда экилган пахта далаларини кузатиб, озиқ-овқат заҳираси муаммоларини ҳал қилишда ердан унумли фойдаланиш бутун дунёда долзарб масала эканлигини таъкидладилар. Вилоят бўйлаб қишлоқ хўжалиги масалаларини ўрганган Давлатимиз раҳбари ғўза қатор ораларига эртапишар соя навларини экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш борасида кўрсатмалар берди. «Бугуннинг фермери албатта, даромад олиши лозим, бундан ташқари тупроқ унумдорлигини сақлаб қолиш унинг бош вазифасидир, чунки ерни биз авлодларимизга мерос қилиб қолдирамиз. Соя экилса, энг биринчи мақсад тупроқ унумдорлиги ошади ва биз одамларни иш билан таъминлашга ҳамда озиқ-овқат заҳираларимизни мустаҳкамлашга эришамиз, — дея қишлоқ хўжалиги мутасаддиларига бир қатор вазифалар белгилаб бердилар. — Ғўза қатор ораларига соя экишдан асосий мақсад- бир майдондан икки марта ҳосил олиш ва тупроқ унумдорлигини тиклашдир.
Ана шундан сўнг тезлик билан вилоятда мутассади ташкилотлар ёрдамида эртапишар соя навлари уруғи хориждан келтирилди, вилоятда соя навлари уруғларини экиш мумкин бўлган ғўза майдонлари аниқланди. Маълумки, вилоятда чигитлар асосан март ойида пленка остига экилган эди, бугунги кунда мақбул далаларни танлаб топиш масаласи муҳим бўлди. Бир қатор мутахасислар билан маслаҳатлашиб ғўза экилган далалар кўздан кечирилиб энг кеч экилган майдонлар танлаб олинди.
Аслида бу икки экин парвариши ва агротехникаси билан бир-бирига нисбатан ўхшаш хисобланади. Соя ҳам ғўзага ўхшаб тик ўсади, бўйининг баландлиги навларига қараб ўзгаради ва 50 см дан 200 см. гача бўлади. Биз ғўза қатор ораларига экканимизда албатта эртапишар, паст бўйли ғўза навларини танлаб олдик. Соянинг ҳам илдизи ғўза илдизига ўхшаб ўқ илдиз бўлиб, барглари ҳам сатҳи катталиги билан бир бирига ўхшашдир.
Бугунги кунда Андижон вилоятида ғўза қатор ораларига экилган соялар гуллади. Ғўза қатор ораларига Сербия селекциясига оид бўлган Фортуна, Фаворит, Меркур, Тайфун ва Россия селекциясига оид бир қатор эртапишар соя навлари уруғи экилди. Соя майсалари 1 июнда ундириб олинса, демак август ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб етилади.
Соя уруғларни аслида чигит экиш билан бирданига экилганда мутахасисларга катта қийинчилик туғдирмасди, аммо биз соя уруғларини экишга киришганимизда далада ўсиб турган ғўзалар бўйининг узунлиги 15-17 см. эди. Бундан ташқари далаларга экилган ғўзаларнинг айримларида қатор ораси кенглиги 60 см, яна бирлари 76 ва 90 см. кенгликда экилган эди. Ҳар бир фермер ўзидаги мавжуд техника воситаларига қараб ўз чигитларини экишган ва парвариш қилишмоқда эди. Энди бизнинг олдимизда ушбу ғўза қатор ораларига соя уруғларини оқилона жойлаштириш масаласи турарди. Дастлабки ишларда албатта соя уруғлари қўл билан экишга киришилди, аммо машина трактор парки ходимлари ва илғор фермерлар билан билан маслаҳатлашиб қатор ораси 76 ва 90 см бўлган майдонларда соя уруғларини техника ёрдамида экилди. Соя уруғлари ғўза қатор ораларига 4-5см. чуқурликка ташланди. Айрим майдонлар эндигина суғорилган бўлса, шу майдонларда тупроқдаги нам билан соя уруғлари 4-5 кунда униб чиқди. Қаердаки майдонлар суғорилмаган бўлса, бундай майдонларга сув қуйиш лозим эди. Аммо бизнинг соя майдонларни суғориш бўйича тавсияларимиз фермерларга унчалик ёқмасди, чунки улар ғўзаларини ғовлаб кетишидан эҳтиёт қилишарди.
Шундай пайтларда уларга эҳтиётлик билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Аммо ғўза майдонлари камроқ сув билан суғорилди ва соя уруғлари намни ўзига тезлик билан сингдириб олиб униб чиқди. Фермерларга ва ишчиларга узлуксиз равишда соя ўсимлигининг аҳамиятини айтиб тушунтириб борилди. Соянинг инсонларга озиқ-овқат, чорва молларига озуқа ва тупроқ унумдорлигини ошириш эканлиги ҳақида қатор семинарлар ва қисқа суҳбатлар ўтказилди.
Ҳақиқатан, илм ва ақл билан иш юритсак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ва мўл ҳосил етиштириш имкониятлари кенг. Чунки бизнинг қишлоқ хўжалигида олиб бориладиган юмушларнинг айниқса янгиликларни жорий қилиш бир қатор қийинчиликлар билан кечади. Буни мамлакатимиз ҳудудларида деҳқончилик ишларини бажариш бўйича олиб борган кўп йиллик илмий изланишлар ва амалий тажрибалардан маълум.
Ғўза қатор ораларига соя экиш учун биринчи навбатда ушбу йилда энг кеч чигит экилган ва тупроқда уруғнинг униб чиқиши учун нам етарли бўлган дала майдонлари танлаб олинди ҳамда уч хил усулда соя уруғлари экилди. Кейинги вегетация йилларида соя уруғлари чигит билан бир қаторда ёки бирданига механизация ёрдамида экиб кетилади. Фақатгина бу йил соя уруғларини экиш ва йиғиб олиш учун айрим майдонларда икки марта қўл меҳнатини талаб қилинди. Акс ҳолда кейинги йилларда, фақат бир марта йиғиб олишда қўл меҳнати ишлатилади.
Соя уруғларининг униб чиқиши учун ўз оғирлигига нисбатан 130-150 фойиз намликни сингдириб олиши лозим бўлади. Соя уруғлари баҳорда экилганда униб чиқиши учун 7-8 кун вақт кетади, аммо далада соя такрорий равишда экилганда ёки тупроқ ҳарорати ошганда ва нам етарли бўлса 3-4 кунда униб чиқади, қараб турибсизки 4 кунда соя майсалари қатор бўлиб кўринади.
Вилоятнинг Жалақудуқ туманидаги «Пахтакор массиви»да жойлашган «Яхши ниятли Фирдавс» ҳамда «Нурли келажак рамзи» фермер хўжаликларида 24- май куни экилган соя уруғлари 28-29 май кунларида тўлиқ униб чиқди. Балиқчи туманидаги “Ол омад” ва Шерали чек массивида “Сортепа ривожи” фермер хўжаликларида кўзни қувонтирадиган соя кўчатлари олинди. Хўжаобод туманидаги “Кўприк боши” массивида “Меҳнаткаш”, ва “Абдували” фермер хўжаликларида ғўза қатор ораларидаги соя майсалари парваришига катта эътибор берилмоқда.
Аслида ушбу йилда ғўза қатор ораларига катта майдонларда соя уруғлари турли хил усулда экилиб, тажрибалар асосида синаб кўрилмоқда ва кейинги йил учун аниқ режалар белигилаб олинмоқда.
Республикамиздаги мавжуд суғориладиган 4 миллион гектар экин майдонининг 1 миллион 300 минг гектарига пахта экилади. Мана шу майдонларда ғўза қатор ораларига соя экиш тажрибаси оммалашиб бораверса, олинадиган ҳосил миқдори икки баравар ошади, аҳолини қўшимча иш билан таъминлаш имкони пайдо бўлади, муҳими, тупроқ унумдорлиги ошади ва қўшимча озиқ-овқат заҳираси тайёрлаш имкони вужудга келади.
Хулосада шуни айтамизмизки, албатта бу ишларни ўрганиш борасида ҳали кўп тажрибалар олиб борилади, бу ишлар йилдан йилга мукамаллашади, Энг асосийси соя билан ғўза қўшиб экилиши натижасида биринчидан тупроқ унумдорлиги ошади, иккинчидан фермернинг оладиган даромади кўпаяди, учинчидан кейинги йилларда пахта хосилдорлиги гектарига 8-10 центнерга ошади. Ҳаракатда баракат дейди халқимиз. Шунга ишонамиз.
Дилором ЁРМАТОВА, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор