Гурлан туманидаги Гулистон қишлоғи “Наврўз” маҳалласида янги Маданият маркази иш бошлади

0
750
марта кўрилган.

Қишлоқ Хоразм вилоятининг энг чекка ҳудуди бўлсада, ободлиги билан кўзни қувонтиради. Кеча фаровон маҳаллада қишлоқ кўркига кўрк қўшаётган яна бир замонавий маданий маскан иш бошлади.

Маданият марказида мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида уч мингга яқин китобга эга кутубхона ташкил қилинди. “Келажакда вилоятда чоп этилаётган китобларнинг тақдимотларини ўтказиб, билим масканининг китобларини кўпайтиришга ҳаракат қиламиз. Ёзувчи, шоирларимизни таклиф этамиз, тадбирлар ўтказамиз” –деди Хоразм вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова.

Шунингдек, болаларнинг мўйқаламга бўлган қизиқишларини кучайтириш ва ёш иқтидор эгаларини қўллаб- қувватлаш мақсадида ёш мусаввирлар тўгараги ўз хизматини бошлади.

Бу ерда ташкил қилинган тикувчилик цехида қишлоқнинг йигирма нафар аёли иш билан таъминланди. “Ҳозирча бу ерда йигирмата тикув машинаси мавжуд.  Келажакда уларни кўпайтириб, цехни кенгайтириш ниятимиз бор. Қишлоқ аёлларига тадбиркорлик йўналишида кредит олиб бериш ҳаракатидамиз”– деди Хоразм вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокими ўринбосари Гулсара Қурбонбоева.

Марказда ёшларга замонавий технологиядан фойдаланиш имконияти яратилди. Ўндан ортиқ компьютерларга болаларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун турли  дастурлари жорий қилинди. Рақс ва гимнастика тўгараги фаолият юритиши учун барча имконият, шарт-шароитлар яратилди.

Қишлоқнинг ушбу муҳташам  марказида ёшларнинг маънавий — маърифий маданиятини янада юксалтиришга қаратилган беш йўналиши бўйича барча имкониятлар, шарт-шароилар муҳайё.

Раъно ЗАРИПОВА

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.