«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ижроси танқидий таҳлил қилинди

0
173
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 май куни “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Маълумки, 2018 йил 7 июнда Президент қарори билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури қабул қилинган, барча ташкилий, молиявий чоралар белгилаб берилган эди. Жорий йил 7 мартда бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат – давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ушбу қарорга мувофиқ мақсадли жамғармалардан қўшимча 5 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Умуман, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда тижорат банклари орқали барча ҳудудларга 6 триллион 200 миллиард сўм ёки 700 миллион доллардан зиёд ресурслар ажратилди.

Йиғилишда ушбу маблағларни ўзлаштириш қониқарсиз ташкил этилгани ёки ўз ҳолига ташлаб қўйилгани таъкидланди. Жумладан, март-апрель ойларида тикувчилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, маиший хизматларни йўлга қўйиш мақсадларига йиллик маблағларнинг 19 фоизи ажратилган холос.

– Бу рақамлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пул ажратиш учун масъул бўлган раҳбарлар йил якунини кутиб ўтирганидан далолат беради, – деди Шавкат Мирзиёев. – Оқибатда аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг моддий фаровонлигини яхшилаш кечикмоқда.

Кредитлар ажратиш ва ўзлаштиришни жадаллаштириш, секторлар раҳбарлари, тижорат банклари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.  

Кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор берган ҳолда, уларни тадбиркорликка ўргатиш талаб даражасида олиб борилмаётгани қайд этилди. 

Йиғилишда  Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти таҳлил этилиб, уларга юклатилган вазифалар – бўш турган майдонларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, биноларни ишлаб чиқариш ва хизматларни йўлга қўйиш учун тадбиркорларга ажратиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди. 

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун Республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилди.

Видеоселекторда мазкур дастур ижросини сифатли таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Дастур ижросини жойларда бевосита ташкил этиш учун ҳар бир ҳудудга республикадан масъуллар бириктирилади. Улар вилоят ва туманларга шахсан бориб, ишлар ҳолатини жойида ўрганади. Тўртта сектор раҳбарлари билан дастурни сифатли амалга ошириш чораларини кўради.

Имтиёзли кредитларга эҳтиёжни аниқлаш бўйича уйма-уй юриш тизими йўлга қўйилади. Бунга иқтисодий комплекс ходимлари билан бирга Халқ қабулхоналарининг жойлардаги вакиллари, маҳалла раислари, хотин-қизлар, Ёшлар иттифоқи ва касаба уюшмалари вакиллари жалб этилади.

Президентимиз сарфланган маблағ яхши самара бериши, оилаларга фаровонлик олиб кириши учун уни мақсадли ажратиш зурурлигини таъкидлади. Шу боис жойлардаги секторлар раҳбарлари мурожаат қилган ҳар бир тадбиркорнинг рўйхати асосида уларга кредит ажратилиши ва мақсадли фойдаланилиши учун масъул бўлади. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда солиқ идоралари раҳбарлари дастур доирасидаги товарларнинг муддатида ва сифатли етказиб берилишига кўмаклашади.

Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, анъанавий ҳунармандлик йўналишларини инобатга олиш ҳам муҳим. Мисол учун, Риштон туманида кулолчилик, Марғилонда ипакчилик, Чустда дўппи ва пичоқчилик, Олтиариқда боғдорчилик ва узумчилик йўналишлари учун замин бор. Шу каби имкониятлардан фойдаланиб, “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида тадбиркорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Ўз бизнесини очиш истаги кўпчиликда бор. Лекин бунинг учун зарур ускунани қаердан олишни ҳамма ҳам билмайди. Шу боис йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ҳар бир ҳудудда доимий ишловчи мини-технологиялар кўргазмаларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат ветеренария қўмитасига зотли чорва молларини олиб келиб, аҳолига етказиб бериш вазифаси топширилди.

Оммавий ахборот воситалари орқали оилавий тадбиркорликни тарғиб этиш, муваффақиятли тадбиркорлар фаолиятини ёритиш, секторлар ва маҳаллаларда семинарлар ўтказиш лозимлиги қайд этилди. 

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси ва йиғилишда берилган топшириқлар бўйича мутасаддилар ахборот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.