Ҳар бир тармоқ ва ҳудудда ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг масъулияти ва фаолият самарадорлигини ошириш – энг муҳим вазифа

0
133
марта кўрилган.

Шу йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоселектор орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирок этди.

Бугунги кунда иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Мазкур тармоқда 3,6 миллиондан зиёд киши меҳнат қилмоқда, соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши изчил ошиб бормоқда.

Шунинг учун ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу борада аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси пировардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, қишлоқ жойларга саноатнинг жадал кириб бориши ва янги иш ўринлари очиш учун аграр сектор имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида кенг имконият яратади.

Ўтган бир ярим йил мобайнида экспортни рағбатлантириш ва бунинг учун зарур қулайлик ва имтиёзлар яратиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси доирасида жорий этилаётган янгиликлар, тармоқлар ҳамда ҳудудлардаги мавжуд экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрилаётган амалий чоралар натижасида экспорт ҳажми ошмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 25 майига қадар 4 миллиард 576 миллион доллар ҳажмида экспорт амалга оширилган. Шу ойнинг охиригача белгиланган прогноз кўрсаткичлари бажарилади. 2017 йилнинг 5 ойига солиштирадиган бўлсак, экспорт ҳажми қарийб 21 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 5 миллиард 886 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз кўрсаткичлари 100,9 фоизга бажарилиши ва 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 25 фоиз ўсишга эришиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш иштирокчилари эътиборини ана шундай ижобий натижаларга қаратар экан, айни вақтда улар мавжуд имконият ва салоҳиятга нисбатан анча пастлигини таъкидлади. Айрим тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари бу борада ўз масъулиятини етарли даражада ҳис этмаётгани, бу эса экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича резервлар тўлиқ ишга солинмаслигига сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Йиғилиш кун тартибидаги масалалар Вазирлар Маҳкамаси комплекслари бўйича атрофлича танқидий таҳлил қилиниб, бу борада амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди. Маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида белгиланган режаларни бажармаган ташкилот ва корхоналар, ҳудудлар фаолиятини танқидий таҳлил қилиш, қолоқликнинг сабаб ва оқибатларини аниқлаб, уларни тезда бартараф этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга амалий топшириқ ва кўрсатмалар берилди. 

Селектор йиғилишида мамлакатимизда импортни оптималлаштириш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволда экани қайд этилди. Жорий йилнинг 4 ойи мобайнида мамлакатимиз бўйича товарлар импорти 4 миллиард 858 миллион долларни ташкил этиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллиард 111 миллион долларга ёки 30 фоизга ошган. Бундай ҳолатга сабаб бўлган омиллар асосан импорт таркибини ўрганиш ва импортни оптималлаштириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмагани, январь-апрель ойларида комплекслар таркибига кирадиган корхоналар томонидан юртимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган товарларни харид қилиш ўрнига, четдан шу турдаги 89 миллион долларлик маҳсулот импорт қилингани билан боғлиқ экани айтиб ўтилди. 

Ана шундай камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан масъул шахсларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. 

Йиғилишда бу йил мамлакатимизда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, бунинг оқибатида аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани, бундай ҳолат  сувдан оқилона фойдаланишни тақозо этиши алоҳида таъкидланди. 

Шу мақсадда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди. 

Сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди. Ана шу ишларни ўз вақтида, самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида юртимизда бу йил баҳор ойларининг салқин ва қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани, натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ғўза ривожланиши анча орқада қолаётгани, бу эса унинг парваришига жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Айниқса, бундай оғир шароитда культиваторлардан юқори даражада самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларга қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни талаб этиши қайд этилди.

Шунингдек, бу йил пахта етиштиришни молиялаштириш бўйича мутлақо янги тизим яратиш, агротехник тадбирларни вақтида ва сифатли амалга ошириш учун техник воситалар тайёрлигини ҳамда уларни мунтазам равишда дизель ёқилғиси билан таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик, идора ва ҳудудлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Йиғилишда мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” эълон қилиниши бўйича келишиб олинди. Катта меҳнат ва харажат билан етиштирилган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддиларининг сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа олим-агрономлари билан биргаликда барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ва масъулиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратилди.  

Кун тартибидаги яна бир муҳим масала – жорий йилда етиштириладиган ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, қисқа муддатда йиғиштириб олиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам муҳокама қилинди. 

Мамлакатимиз бўйича бу йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумида қатнашадиган мавжуд 3 минг 106 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнларини сифатли таъмирлаш ва мавсумга вақтида тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бундан ташқари, 400 та янги ғалла ўриш комбайни ҳам жойларга етказилмоқда. Бу эса ўрим-йиғим ишларини ҳар йилгига нисбатан бир ҳафта олдин якунлаш имконини беради. Бунинг учун жойларда ғалла ўрим-йиғими отрядларини тузиб, уларга комбайн, дон ташиш техникаси, кўчма таъмирлаш устахоналари ва ёқилғи қуйиш агрегатларини бириктириб, ўрим-йиғим ишларини график асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамасига тез кунларда жорий йилдаги ғалла ўрим-йиғими билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни ўз ичига олган қарор лойиҳасини киритиш вазифаси топширилди. 

Мажлисда ҳудудларда бюджетга қўшимча даромадларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳам танқидий таҳлил асосида кўриб чиқилди. Бу борада жорий йилнинг шу даври учун белгиланган режалар айрим ҳудудларда бажарилмасдан қолаётгани танқид қилинди. Натижада шу ҳудудларда солиқ қарздорлиги ошиб бормоқда. 

Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, секторлар раҳбарлари ҳанузгача бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва жалб қилишдан кўзланган мақсадни чуқур тушуниб етмаётгани танқид остига олинди. Бу борада молия ташкилотлари томонидан қўшимча даромад манбаларини аниқлаш бўйича ўрганишлар ўтказилмаётгани, фаолият кўрсатмаётган юридик шахслар фаолиятини қайта тиклаш ўрнига фақатгина ташкилотни текшириб, унинг фаолиятини тугатиш билан чекланаётгани асосий сабаблар сифатида қайд этилди. Ҳар бир тармоқ ва ҳудудда ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг масъулияти ва фаолият самарадорлигини ошириш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан билдирилган чуқур танқидий фикрлардан келиб чиққан ҳолда, соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни тезда бартараф этиш, белгиланган топшириқ ва режаларни вақтида ва самарали бажариш бўйича амалий фикр ва таклифлар билдирдилар. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.