Ифтихор маҳалласи Чирчиқнинг ифтихорига айланди

0
49
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 18 март куни Чирчиқ шаҳрида бўлганида Ифтихор маҳалласидаги аҳволни кўрган, одамлардан ҳудуддаги муаммоларни сўраб, уларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгилаган эди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Шундан сўнг маҳалла бутунлай ўзгарди. 16 та кўп қаватли уйнинг коммунал тармоқлари ва ташқи қиёфаси янгиланди. Уйлар олдида болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, автотураргоҳлар ташкил этилди. Йўлаклар асфальтланиб, кўчаларга ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, майсазорлар барпо этилди. Маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино, кутубхона қурилди.

Президент маҳалла бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Маҳалладаги 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 1 минг 250 ўринли 7-умумтаълим мактаби ҳам мукаммал таъмирланган. Давлатимиз раҳбари мактабдаги шароитлар билан танишди.

– Сизлар замонавий билим олиб, эртага Янги Ўзбекистоннинг муносиб ворислари бўлиб улғайишингиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Яхши ўқиб, соғлом бўлиб улғайсангиз, менинг ниятим шу. Чунки, нажот – таълимда, билимда, – деди Шавкат Мирзиёев болаларга.

Шу ерда маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбат бўлди.

– Кўп-кўп шаҳарларга, узоқ-узоқ қишлоқларга бориб, одамларни рози қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Чирчиқда ҳам одамлар қийналди, умидсизликка ҳам тушиб қолганди. Мана, энди ўзгаришларни кўриб, ишонч пайдо бўлди, “қилса бўлар экан-ку!” деяпти. Уйлар қуриляпти, сув, иссиқлик тизими яхшиланяпти, боғлар ташкил қилинаяпти. Бундай ишлар ҳали давом этади. Чирчиқни одамлар келиб ҳавас қиладиган шаҳарга, вилоятда намунага айлантиришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ифтихор маҳалласида 2 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бугунги кунда ҳудудда барча қулайликларга эга 2 минг 500 хонадонли 39 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Кейинги босқичда, бу ерда яна 3 минг 500 оилага мўлжалланган 56 та замонавий уй барпо этилади.

Мазкур маҳаллага ёндош ҳудудда 50 та 2 қаватли коттежлар ҳам қурилмоқда. Президент ушбу уйларни кириб кўрди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.