Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ʼʼИжод мактаблари: тажриба, таҳлил ва истиқболʼʼ мавзуида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Адабиёт ва санъат намояндалари, олимлар, ёш истеъдод эгалари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар мамлакатимизда адабиётга, ижод аҳлига берилган имкониятлар ҳақида гапирди.
Тадбирда Намангандаги Исҳоқхон Ибрат, Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистон Республикасидаги Ибройим Юсупов, Қашқадарёдаги Абдулла Орипов, Фарғонадаги Эркин Воҳидов, Андижондаги Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти ҳамда чет тилларига ихтисослаштирилган ижод мактабларининг юридик мақомини ишлаб чиқиш, машғулотларни такомиллаштириш, тажрибали педагог-кадрларни ўқитувчи сифатида жалб қилиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
2019-2020 ўқув йилидан Хивада Огаҳий, Гулистонда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаблари ташкил этилиши, уларга истеъдодли ўқувчиларни қабул қилишга алоҳида аҳамият қаратилиши кераклиги таъкидланди.
– Мактабимизда 13 та фан ва 5 та ижодий тўгарак фаолият кўрсатмоқда, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори Шоҳиста Нурматова. – Бу йил мактабимизга Президент совғаси – янги автобус топширилди. Шу йил мактабимиз ўқувчиларининг ʼʼУмид ғунчалариʼʼ номли илк шеърий тўплами нашр этилди.
Ижод мактабларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар билан мунтазам ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқлари ўтказилиши билан бир қаторда салоҳиятли инсонлар, олимлар ва ёш ихтирочилар иштирокида маҳорат дарсларини самимий суҳбат шаклида ташкил этиш кераклиги таъкидланди.
Бу ижод мактаблари ўқувчилари қатор танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Абдулла Орипов номидаги ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ижод мактаблари фаолияти ҳақида шоир Ғайрат Мажиднинг “Бунда булбул китоб ўқийди” китоби нашр этилган.
Семинарда ижод мактаблари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқди.
Дилобар МАМАТОВА, Отабек МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА