Биринчи форум таассуротларга бой бўлди

0
139
марта кўрилган.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ёшларининг биринчи форуми иштирокчилари ана шундай хулосага келишди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган форум доирасида минтақа ёшларини бирлаштирадиган лойиҳалар, ғоялар ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди. Марказий Осиё минтақасида фан ва таълимни ривожлантириш, маданий ҳамкорлик, туризм, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш масалалари юзасидан давра суҳбатлари ўтказилди.
 
29 июнь куни форум якунларига бағишланган халқаро пресс-клубда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари К.Бекназаров, Қозоғистоннинг “Нур Отан” партияси “Жас Отан” ёшлар қаноти раиси Д.Сундетбаев, Қирғизистоннинг Ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги директори К.Аманкулов, Тожикистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Р.Назарзода Марказий Осиё ёшларини бирлаштириш учун худди шундай платформага эҳтиёж бўлганини ва ушбу форум бу борада айни муддао эканини таъкидлади. Форумда муҳокама этилган масалалар юзасидан хулосалар билдирилди.
 
– Самарқандда ўтган анжуманда бизнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз нафақат ёшлар келажаги, балки мамлакатларимиз тараққиёти учун ҳам хизмат қилишини англадик, – дейди тожикистонлик фаол Г.Қосимов. – Форум тадбирлари давомида илм-фан, технология ва туризм соҳаларида фикр алмашдик, тенгдошларимизнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллашидаги айрим муаммолар ечими бўйича таклифлар билдирдик. Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасида робототехника танлови, «Стартап» лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдик.
 
Форум иштирокчилари тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, фаоллик ва юксак савиядаги меҳмондўстлик учун ташкилотчиларга ҳамда ўзбекистонлик ёшларга миннатдорлик билдирди.
 
ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.