Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов: Фуқаролар манфаатлари, ҳуқуқлари таъминланиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда

0
150
марта кўрилган.

2017 йил 10 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Ўтган бир йилда фармон ижроси доирасида қандай ишлар қилинди? Соҳада инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, тергов тизими, жазони ижро этиш муассасаларида қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда? 

Бу саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашди. 

– Президентимизнинг ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган фармони тизимда ислоҳотларнинг тамоман янги босқичини бошлаб берди, – дейди П.Бобожонов. – Фармонда тизимни ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи, деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш вазифаси белгилаб берилди. 

Хўш, халқ манфаатларига хизмат қилиш нимани англатади? 

Бу тушунчанинг доираси кенг бўлиб, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ватанимиз тақдири ва келажаги, халқимизнинг бахту камоли каби олижаноб мақсадлар йўлида барчамиз белни маҳкам боғлаб ишлашимизни, бор ақл-заковат, билим ва тажрибамизни, юртимизга меҳр ва садоқатимизни сафарбар этишимизни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни ҳам ўз ичига олади. 

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактикасига эътибор кучайтирилгани жиноятчилик камайишига замин яратди. Осойишталик барқарорлиги жамият ривожига хизмат қилмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. 

– Ислоҳотлар давомида ички ишлар органларида жиноятларни тергов қилиш жараёнига қандай янгиликлар киритилди? Улар қандай натижа бермоқда? 

– Ички ишлар вазирлигининг барча соҳавий хизматлари қатори тергов тузилмаларида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. 

Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларида сўроқ қилиш жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио-видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган замонавий махсус хоналар ташкил этилди. 

Бу, энг аввало, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилиши ҳамда қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, тергов қилиш жараёнида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда далиллар мақбуллиги талабларига қатъий риоя қилишга эътибор кучайди. Жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда. 

Айниқса, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳларга тергов жараёнида кўрсатилиши мумкин бўлган салбий таъсирлар, уларнинг стресс ҳолатига тушиб қолиши, руҳияти жароҳатланишининг олдини олиш учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хоналар ўртасида ўрнатилган “гезелла” ойнаси гумон қилинувчи ёки айбланувчининг жабрланувчи ва гувоҳлар, жумладан, вояга етмаганлар билан тўғридан-тўғри алоқасини чегаралаган ҳолда, сўроқ қилиш, шахсни таниб олиш ва бошқа тергов ҳаракатларини ўтказиш имконини бермоқда. Бундай хоналарда вояга етмаган шахснинг кўрсатувлари видеоёзувга олинади ҳамда тергов ва суд жараёнларида уни қайта сўроқ қилмасдан ушбу видеоёзув орқали танишиб чиқиш мумкин бўлади. 

Тергов жараёнларини ислоҳ қилишда Президентимизнинг 2017 йил 30 ноябрдаги «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур фармонда процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан олинган кўрсатувлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, руҳий ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда олинган кўрсатувлар ҳам ана шулар қаторига кириши алоҳида кўрсатилган. 

Ички ишлар органлари тергов идораларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш мақсадида барча шаҳар-туман-тармоқ ички ишлар органлари тергов бўлинмаларидаги хизмат компьютерларига жами 1 минг 832 та веб-камера ўрнатилди. Ушбу қурилмалар орқали терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари жараёнларини қайд қилиб бориш амалиёти жорий этилди. 

Шунингдек, процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатувлари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланди. 

Ушбу фармонда қўйилган вазифалар мазкур соҳага оид қонун нормаларини қайтадан кўриб чиқиш ва такомиллаштиришни тақозо қилди. Хусусан, 2018 йил 4 апрелдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 230-1 ва 230-2-моддалар билан тўлдирилди. Терговга қадар текширув ва жиноят ишлари материаллари бўйича далилларни ҳамда тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун жавобгарлик белгиланди. 

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик, ёлғон хабар ва гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. 

Ўз навбатида, жиноят-процессуал қонунчилигига ҳам фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган далилларга оид қатор янги талаблар киритилди. 

Юқоридаги талаблар ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган барча суриштирувчи, терговчи, эксперт ва бошқа масъул ходимларга тушунтирилди. Бундай ҳолатларга йўл қўйган ҳар қандай ходим тегишли жавобгарликка тортилиши қатъий белгиланди. 

– Ушлаб турилган, қамоққа олинган, жазо ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? 

– Ушлаб турилган, қамоққа олинган, жазо ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлашнинг ишончли механизмларини жорий этиш борасида бир неча йўналишда, жумладан, замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Улардан бири – бу ўзини ҳозиргача самарали восита сифатида намоён қилган видеокузатув тизимидир. Унинг юқори профилактик хусусияти ва таъсирчанлигини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Юқоридаги фармон эълон қилингандан буён ўтган вақт мобайнида мавжуд вақтинча сақлаш ҳибсхоналари 1 минг 814, тергов ҳибсхоналари 123, махсус қабулхоналар 25 ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун мўлжалланган реабилитация марказлари 283 замонавий видеокузатув воситаси билан жиҳозланди. Кузатувни амалга ошириш ва маълумотларни қайд этиш учун зарур миқдорда монитор ва серверлар ўрнатилиб, тўлиқ фойдаланишга топширилди. 

Ушбу видеокузатув воситаларидан 965 таси шахсларни вақтинча сақлаш камераларига, 327 таси тергов ҳаракатларини ўтказиш ва адвокатлар билан учрашув хоналарига, 364 таси йўлакларга, 161 таси маҳбуслар сайр этадиган ҳудудларга, 307 таси муассасалар атрофига ҳамда 121 таси шахсни кўздан кечириш жойларига ва ошхоналарга ўрнатилган. Кўриб турганингиздек, бутун муассаса ҳудудида маҳбусларга нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллашнинг олдини олиш чоралари кўрилган. 

ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфидаги 1-тергов ҳибсхонаси мисолида оладиган бўлсак, бу ерда жами 357 видеокузатув мосламаси ўрнатилган. Замонавий услубда бунёд этилган, халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган ушбу муассасада адвокатлар, терговчилар учун алоҳида-алоҳида хоналар ажратилган. Мазкур хоналар 67 кузатув камераси билан жиҳозланган. Бундан ташқари, таниб олиш хонаси, экспертиза тадқиқоти учун намуналар олиш хонаси, гувоҳлар учун хона мавжуд. 

Муассасада маҳбуслар яқинлари билан учрашиши учун етарлича жой ажратилиб, барчаси жиҳозланган. Фуқароларни қабул қилиш хонаси ҳам ишлаб турибди. Маҳбусларнинг камераларида уларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва бошқа эҳтиёжлари учун шарт-шароитлар яратилган. 

Тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига видеокамералар ўрнатилишидан асосий мақсад, тергов ҳаракатларини ўтказиш жараёнида ноқонуний усуллар қўлланишига йўл қўймасликдир. Айни пайтда бу жиноят процесси иштирокчилари томонидан терговчини асоссиз равишда турли ноқонуний хатти-ҳаракатларда айблаш каби ҳолатларнинг ҳам олдини олади. 

Адвокатлар хонасининг видеокамералар билан жиҳозланиши эса қонунга зид ҳаракатларнинг олдини олиш билан бирга, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни ҳам кўзлайди. Шунингдек, муқаддам судланиб, суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган гумон қилинувчи ва айбланувчиларни сўроқ қилиш учун махсус хоналар ташкил этилган. 

Маълумот ўрнида шуни ҳам айтиш керакки, ўрнатилган видеокузатув воситалари, монитор ва серверлар учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари махсус жамғармаси ҳисобидан 5,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. 

Бундан ташқари, 2017 йил мобайнида Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларининг маҳкумлар ётоқхоналарига 50 та, Навоий вилоятидаги бундай муассасаларнинг маҳкумлар ётоқхоналарига эса 34 та замонавий видеокузатув мосламаси ўрнатилиб, ишга туширилди. Бундан кўзланган мақсад, жазони ўтаётган шахслар ички тартиб-қоидаларга риоя этишини узлуксиз назорат қилиб бориш ҳамда улар бир-бирининг ва муассаса ходимлари маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилишининг олдини олишдир. Ҳозирги кунда бошқа жазони ижро этиш муассасаларида видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. 

Тергов ҳибсхоналарининг кириш дарвозаси ва йўлакларга, маҳбусларнинг камераларига ҳам видеокузатув воситалари ўрнатилди. Бунда нафақат маҳбуслар, балки терговчи ва адвокатларнинг ҳам хатти-ҳаракатлари кузатув остида бўлади. Мансабдор шахслар ва муассаса ходимларининг ҳибсхонада сақланаётган маҳбусларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний муомала-муносабати қайд этилади ва уларга нисбатан тегишли чора кўрилади. 

Шу ўринда мулоҳаза учун рақамларга эътибор қаратсак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали 2018 йилнинг биринчи чорагида ички ишлар органларига тааллуқли 22 минг 690 мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 минг 835 тага кам, демакдир. Мурожаатларнинг камайишига тергов ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналарда сақланаётган, реабилитация марказларига келтирилган шахслар, шунингдек, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган тизимли чоралар ҳам муҳим омил бўлган, деб ҳисоблаймиз. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир «буюртмаси»ни бажарган ҳар қандай шахс, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади. 

Зеро, ҳар қандай фуқаро, у маҳкум бўладими ёки маҳбус, аввало, инсондир. Қолаверса, у ҳам шу халқнинг, шу юртнинг фарзанди. Ҳар бир шахс жиноят содир этган бўлса, қилмишига яраша қонунга мувофиқ жазога тортилади. Лекин уни қийнашга, таҳқирлашга, ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Аксинча, ҳар қандай шароитда ҳам фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатланишини таъминлаш ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаларидан биридир. Соҳа ходимлари ушбу эзгу мақсад йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солмоқда. 

Манба: ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.