Истиқлол тимсоли

0
2803
марта кўрилган.

Биз ёш авлодларимизни бошлаган буюк ишларимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбияламоқчи бўлсак, ҳеч шубҳасиз, қандай оғир, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтганимиз, дунё ҳамжамияти тан олаётган юксак ютуқ ва марраларимиз тарихимиз солномасида ўчмас из қолдириши, халқимизнинг онгу тафаккурида муҳрланиши, миллий ғоямиз, мафкурамиз асосига айланиши шарт.

Бу вазифани биринчи навбатда ким маҳорат билан амалга ошира олади? Албатта халқ манфаати, Ватан тақдирини қалбидан, юрагидан ўтказиб яшайдиган сиз, ҳурматли журналист даъваткор сўзи, ибратли фаолияти бу борада ҳал қилувчи ўринни тутади, деб ишонаман. Ислом Каримов

Истиқлол ижодимга қанот бағишлади, дейди Ўзбекистон Республикаси 1-даражали Давлат мукофоти

совриндори Рустам Ерметов

Ҳар бир давлатнинг ўзига хос рамзи бўлади. Халқимиз бахт қуши – хумодек лайлакларни ҳам жуда қадрлайди. Лайлак уя қурган масканга тинчлик, қут-барака, осойишталик, эзгуликлар, бахт-саодат киради, деб ният қилишади. Ватанимизнинг юраги – “Мустақиллик” майдонидаги лайлаклар билан безатилган арка юртимизнинг рамзий дарвозаси! Мамлакатимизнинг рамзий дарвозасининг улуғвор кенгликларида осмон ўпар баландликларида оппоқ лайлаклар само қучмоқда, Марказий арканинг икки томонидаги кенгликларнинг устида эса лайлаклар бир оёғини кўтариб ором олишяпти. Бетакрор манзаралар олдида лол қолиб, ўйланасиз, улар нега битта оёқда туриб осойишта узоқларга боқишяпти!? Парвоз қилаётган лайлаклар ҳамда бир оёғида ором олаётган лайлаклар тимсолида гўзал ҳаёт фалсафаси мавжуд. Лайлаклар баланд учади ва тинч юртларга маскан қуради. Қачонки, қўнган жойида ўзини бехавотир сезса, бир оёқда туриб дам олади. Унда Ватан мустақиллигининг парвозлари баланд ва шукуҳли, юртимиз осойишта ва қут-баракали бўлишига тилакдошлик ниятлари мужассамлашган. Дарҳақиқат, тинчликсевар, элпарвар юртимиз одамларининг ҳар бири мустақил Ўзбекистоннинг парвози юксак, юртимиз тинч, хонадонларимиз қут-баракали бўлишини ва келажак авлодлар бахтли-саодатли ясашини истайди.

Тошкентнинг марказий майдонидаги учта манумент бир-бирига уйғун бўлиб, кўнгилларга кувонч бағишлаб турибди. Пойтахтнинг гўзал марказий майдонига 1991 йил 5 сентябрь куни “Мустақиллик” майдони номи берилди. У ердаги тоталитар даврдан қолган рамзлар ўрнига Мустақил Ўзбекистон харитаси акс этган ер шарининг рамзи қўйилди. Бу тимсол ўзбек халқи аср давомида орзу қилган Мустақил Ўзбекистон давлати вужудга келганини ифодалади. “Мустақиллик” манументи ёнидаги “Бахтиёр она” ҳайкали юртнинг қут-баракаси баҳордан бошланганидек, юрт келажаги соғлом ва бахтиёр фарзанддан бошланишини ифодалайди. Шунинг учун юртимизда соғлом авлод тарбиялаш вазифаси мустақилликнинг илк йилидан-оқ умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳар бир она-бола Ватан ғамхўрлигини ҳис қилмоқда. Она ва бола муҳофазасига бўлган эътибор юксаклигини бутун жаҳон аҳли тан олмоқда. “Бахтиёр она” ҳайкали ана шу ҳаёт ҳақиқатини ифодалаб турибди. Лайлаклар акс эттирилган арка эса “Эзгулик” монументи деб аталади. Бир-бирига уйғун учта тимсоллар”Мустақиллик ва эзгулик” манументи сифатида юртимиз одамлариинг оппоқ орзуларини ифода этади. Дарҳақиқат, ўтган 25 йил ичида пойтахтимизнинг бош майдони Ватанимизнинг тинчлиги, элимиз одамларининг бунёдкорлиги, бахт – саодати рамзи бўлиб қолди.

Байрамларда, тантанали кунларда пойтахтнинг Марказий майдони шукуҳли давримизни ифода этади. Ёш авлод, мунис оналар, донишманд оталар, меҳмонлар ва янги ҳаётга қадам қўяётган оппоқ либослардаги келин – куёвлар оқ яктакли лайлаклар ифодаланган “Эзгулик аркаси”дан ўтиб, Ўзбекистон харитаси акс этган “Мустақиллик” манументи ёнидаги “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гуллар қўйиб, таъзим бажо келтирадилар. Ҳатто оддий иш кунларида ҳам ҳам бу гўзал маскан сайлгоҳга айланган. Кўкка бўй чўзган фавворалар остида сайл қилиб ҳузурланаётган она-ю болаларни кузатганда беихтиёр бир оёқда турган лайлакларга боқасиз. Нақадар уйғун ва уйқаш бетакрор манзара! Бу онлар юрт тинчлигини, халқимиз ҳаёти осойишталигини, хонадонлар қут-баракали эканлигини ифодалаб тургани билан дилларни янада эзгуликларга тўлдиради. Улар абадият қасри бўлиб болаларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб турибди.

Мустақиллик майдонининг ёнида 2009 йилда муҳташам Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи қад ростлади. Анжуманлар саройининг кумушдек товланаётган маҳобатли гумбази устида бир жуфт оппоқ лайлаклар мағрур қўним топган. Уларни узоқдан кузатсангиз, гўё узукка қўйилан дурдек товланиб турибди. Гўё улар мамлакатимизга тинчлик, ижодкор олижаноб халқимизга бахт-саодат тилаяпти. Шунингдек, халқимиз, миллатимиз асрлар давомида одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келаётганини англатиб турибди.

Юртимизнинг гўзалигига гўзаллик, элимиз одамларининг қувончига қувонч қўшаётган оқ яктакли лайлакларнинг ҳайкалтароши Турон академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси 1-даражали Давлат мукофоти совриндори Рустам Ерметов бўлади. У айни кунда Камоллиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга дарс бериб. ёшларга устозлик қилмоқда. Биз у кишига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик:

– Лайлаклар Мустақиллик майдонида, Анжуманлар саройининг гумбазида мўъжазгина кўринади, сиз ижод қилаётган онларингиз муҳрланган сувратларга эътибор берсак, қатор тиргак ва устунлар қўйилган ҳолда қурувчилардек ижод қиляпсиз. Албатта, бу заҳматли меҳнат ва улуғвор ижодкорлик эканлигини ҳис қилдик.

– Албатта, кузатганингиздек, кичик макетлардан кўра катта нарсани ясаш қийин кечади. Уни митти моделдан улуғвор асл нусхага етказиш ва мустаҳкам мис металга ўтказиш лозимлиги ҳайкалтарошдан янада кўп меҳнат ва куч – қувват талаб қилади.

Ушбу гўзалликларнинг асосий муаллифи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бўлиб, уларнинг ўй-фикрлари, ёруғ ғоялари, донишмандона кўрсатмалари, чексиз эътибори ва ғамхўрлиги асосида яратилди. Ушбу меҳнатим давомида халқимизнинг ҳар қадамига, ҳар бир парвозига камарбаста бўлиб турган мустақил давлатимизнинг донишманд юртбошиси борлигини янада яқиндан ҳис қилдим.

Юртимизнинг юраги – мамлакатимизнинг бош майдонига олижаноб халқимизнинг меҳнати мужассамлашган. Ушбу улуғворликка кичкинагина мехнатим маҳсули қўйилганлиги мени беҳад қувонтиради. Бу улуғвор марказий майдонга камтарона меҳнатим синггани менинг омадим, бахтим деб ўйлайман.

Невараларим, шогирдларим билан Мустаққиллик майдонига тез-тез бораман. Бахтиёр келин – куёвларни, миллий байрамларимизни нишонлаётган кўзларида қувонч порлаётган юрт одамларини, майдонни қизиқиш билан томошо қилаётган меҳмонларни кўрганимда қалбим ҳаприқиб кетади. Уларга меҳнатим маъқулми, уларнинг розилигини ола билдимми деб кўзимдан ёш чиқиб кетади. Зеро, уларнинг бари пировардида халқимиз ва уларнинг осойишта ҳаёт кечиришлари учун яратилгандир. Ундай пайтларда Ватан мустақиллигини алқайман. Болаларимга, шогирдларимга “Шукр денглар, қаноат қилинглар, бу лазиз дамларнинг қадрига етинглар, қароқларим” дейман.

Биз суҳбатлашиб ўтирганимизда турмуш ўртоғи ўзларининг таъбири билан айтганда”энг яқин ёрдамчиси” Шоҳидахон Ерметова яна янги-янги расмларни олиб келди. Уларнинг бирида Корея республикасида бўлиб ўтган анжуман акс этган. Рустам Ерметов ушбу анжуманда Ўзбекистон давлати Мустақил бўлганлиги учун қатнаша олганлигини эътироф этади:

– Мени Кореяда бўлиб ўтадиган ҳайкалтарошларнинг анъанавий анжуманига таклиф қилишди. Анжуман доирасида ҳайкалтарошлик кўргазмалари мавжуд “боғи эрам”га олиб боришди. У масканга барча мамлакатлардан санъаткорлар йиғилиб, ўз Ватанининг ҳайкалтарошлик ҳунарини намойиш этишар экан. Ва мамлакат номидан эсдалик сифатида шу ерда яратилган асарини қолдиришар экан. Ушбу ижодий кўргазманинг ёнида мамлакат рамзи – байроғи қўйилар экан. Барча мамлакатлар қаторида бизнинг Ўзбекистон байроғи турганини кўрганимда қувончимга қувонч қўшилганини тассавур эта олмайсиз! Шунингдек, асаримнинг ёнига икки тилда “Ўзбекистон – Корея” деб ёзиб қўйдим. Эътибор беринг, аввал ўзбек тилида сўнгра, корейс тилида битилган. – дейди у фахр билан.

Ҳайкалтарош ёзувларни, Ўзбекистон байроғини кўрсатиб, ўзи ясаган қуш тимсолини бир – бир шарҳлаб қувонади. “Ҳаётда ўз ўрнингни топа олишинг, меҳнатингни қадрланиши ижодкор учун катта бахт деб биламан. Булар ҳақида невараларимга сўзлаб бераётганимда, дунёда бекор яшамадим, мустаққилликка муносиб ҳисса қўша олдим деб қувонаман.” – дейди у.

Дарҳақиқат, Рустам Ерметов айтганидек, улуғвор Ватан муносиб хизмат қилиш катта бахт. Зеро, пойтахтдаги “Мустақиллик” майдони – Ватан юраги, истиқлол тимсоли! “Эзгулик аркаси” эса мамлакатнинг рамзий дарвозаси. Халқимизга қанот, элга тиргак – пок орзулар тимсоли лайлаклар эса унга уйғунлашиб, катта маъно-моҳиятни ўзида ифода этади. “Мустақиллик ва ззгулик” манументлари жуда кўплаб кишиларнинг меҳнатини, ижодкорлигини ифода этиб турибди. Бу майдон инсоннинг буюклигини, азизлигини, ижодкорлигини, бунёдкорлигини ифодалаб турибди. Таъбир жоиз бўлса, Бош майдонимиздаги эзгулик, тинчлик, бахт-саодат, қут-барака элчиси лайлаклар гўё элимизнинг ватанпарвар ва меҳнаткаш кишилариинг шукронасини билдириб турибди.

Ватанимиз мустақиллиги баланд учаётган лайлаклардек юксак парвозли бўлаверсин!

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.