Хумора Ихтиёрова: СИЗ – онажоним қабрда эмас, қалбимдасиз!

0
83
марта кўрилган.

Онам мен учун ким бўлганлигини энди энди англаяпман…

У баайни улкан, улуғвор ва чиройли дарахт эди… Оч қолганимда мени ширин мевалар билан сийларди… Ҳаётимда кўнгилсизликлар, азиятлар бўлганида… мени шамоллардан ва совуқдан ҳимоя қиларди. Оғир вазиятларда ва ҳолдан тойганимда… шу дарахт соясида ҳордиқ чиқаришим ва куч тўплашим мумкин эди, инчунун у қудратли ва кучли бўлиб, чақмоқ ва яшинларга мардонавор дош бера оларди. Туҳмат тошлари отилиб, синдиришга уринганда ҳам мағрур ва тик тура оларди…

Бу менинг Онам – Марям Ихтиёрова эди!

Бизнинг узундан узоқ суҳбатларимиз энди қайда??  СИЗнинг кулгуларингиз қани, Онажоним???

СИЗнинг маслаҳатларингиз, меҳрибонлигингиз ва ҳаловат бахш этишингизга қанчалар муҳтож эканлигимни билсангиз эди…

СИЗ – онажоним қабрда эмас, қалбимдасиз! Ёнимдасиз! Юрагимдасиз!

Муҳтарам ўқувчи, СИЗ Ўзбекистон халқ артисти, Устоз санъаткор, мушфиқа Онам – Марям Ихтиёрованинг хотиралари билан танишиш арафасидасиз.

Афсуски, бешафқат ажал Онамни орамиздан олиб кетди ва унинг битиклари ниҳоясига етмай қолди…

Онам ҳаётлик пайтида кўрган-кечирганлари ушбу хотираларда жамланган экан, уни ўқиш асносида Онаизоримнинг ҳаёти ҳақида янада тўлиқ тасаввурга эга бўласизлар, деган умиддаман.

Ушбу китоб санъат тарихининг муайян қисмини ўз ичига қамраб олган. Шунинг баробарида, менинг ота-онам – Ўзбекистон халқ артистлари – Бахтиёр ва Марям Ихтиёровлар оиласи, жамики бизни тарк этган устоз санъаткорларнинг руҳларини хотирлаб, дуо ва тиловат қилишингизларни илтимос қилиб қолар эдим…

Барчангизга самимий ҳурмат билан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,  Хумора ИХТИЁРОВА

 

Инсон хотираси – азиз!

Хумора Ихтиёрова онаси ёзган бироқ,  ўзи ҳаётлигида чоп этишга улгурмаган китобини  босмадан чиқарибди. Хуморага тасанно! Онасининг ишини давом эттирибди. Ҳар кимга ана шундай ота-онасини ишини бардавом қиладиган фарзанд ато қилсин, Аллоҳим!

Китобни чоп этган нашриётнинг директори Ферузахон менга китоб ҳақида ахборот бериб, уни телеграмм орқали жўнатди. Хуморанинг асарга ёзган сўзбошини ўқир эканман, ҳар бир инсонга ана шундай салоҳиятли фарзандлар насиб этсин, дея алқадим. Онажонини қадрлаб ишини давом қилдиргани учун ниҳоятда хурсанд бўлдим.

Мени ҳам елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Нега шундай деяпман?. Бир гуруҳ ижодкорлар ва санъаткорлар  пахта далаларига чиқдик. Айни йиғим- терим маҳали  эди. Тушлик палласида пахтакорларнинг руҳиятини кўтариш, кайфиятига кайфият бағишлаш керак эди.  Барча пахтакор аёллар дала челида ўтириб, тугунчагини очиб, тушлик қилишга тушишди.  Саломлашдик. Қисқагина мақсадни тушинтирдик. Куй-қўшиқлар бошланди. Бечора аёлларимиз-а, ҳатто дала шийпонида ҳам эмас, тупроқда ўтириб овкатланишаяпти, пахта азизми, инсон, деган фикрлар кўнглимдан ўтарди.

Ушбу тадбирда  Марям Ихтиёрова Абдулла Қодирийнинг  “Ўтган кунлар” асаридаги бош қаҳрамон Кумуш тилидан ёзилган дардли  қўшиқни куйлади. Барча аёлларнинг кўзида ёш қалқиди. Гўё дунё бир титради, бир қалқиди. Денгизда бўрон тургандек, у зарб билан пишқириб қирғоққа урилгандек ва яна орқага қайтиб кетгандек бўлди. Денгизнинг шовуллашини ҳам пишқиришини ҳам эшитгандек бўлдим.

Марям опа қўшиқ куйлаяпти… Мен пахтакор аёлларни кузатаман. Уларнинг кўзларида ҳам ёш қалқиди. Баъзилари юзига дурдек думалаган томчиларни рўмолини учи билан артиб қўйишди. Марям опа қўшиғини ”Зайнаб билан қолинг, бегим” дея якунлаганида, бир зум жимлик чўкди, гўё бу қўшиқ оламда дард кўплигини, дала четига, тупроққа тугунчагини ёзиб, осойишта овқатланиш бахтдек туйилиб кетди. Ҳамма ҳайратда, сукунат… Кимдир шундай дардли қўшиқлар яралишига сабабчи бўлган жадидлар сардори, ўлимга маҳкум этилган, юраги тўппончага нишон бўлган, ўзбек халқининг севимли ёзувчиси  Абдулла Қодирийни эсласа, кимдир ўз ҳаётидаги паст-текисликларни эслади-ёв… Жимликдан кейин бирдан гулдирос қарсаклар янгради… Ушбу эпизодни  ҳамон- ҳамон эслайман.

Ўзбекистон телевидениесида ишлаб, кўплаб артистлар ҳақида теле лавҳалар ва теле очерклар ёзган эканман-у, нега бу санъаткорга эътибор бермаган эканман деган хаёлларни кечирдим.  Тамарахоним, Сора Эшонтўраева, Меҳри Абдуллаева, Коммуна Исмоилова, Берта Давидова, Гавҳархоним Рахимова…  Шунча санъаткорларни қаламга олибман-у, нега уларга эътибор бермадим?… Энди эътибор бераман.  Бу фикримни беихтиёр ўзига ҳам айтиб юборибман-да. Айтилган сўз отилган ўқ. Бироқ, кундалик ишлар, хизматчилик ва оила ташвишлари билан хаёлимдан кўтарилиб кетибди. Марям опа мени йўқламади, мен уни йўқлаб бора олмадим.

Кейинчалик яна бир тадбирда у киши билан учрашиб қолдик. “Раъножон, ваъдага вафо кани?” дедилар. Моҳиятни бирдан англамадим.  Чунки, ҳаёлимдан бутунлай кўтарилган экан. Биз журналистлар ҳар куни ҳар хил қаҳрамонлар билан учрашамиз-да.

 Аввало бир зум жим бўлдим. Сўнгра айтган сўзим эсимга тушди.  “Биз журналистлар кўнгил одами. Бир марта телефон қилиб  шу гапни айтганингизда бошқача бўларди. Барча  кишилар ҳам журналистларга интнрвью беришни хоҳлайвермайди.  Сиздан телефон бўлмагач, ана шундай деб ўйлаганман” дедим мен ҳам.

Марям опа ана шундай оддий, шон-шухратларга қизикмайдиган ўз касбига,  оиласига садоқатли, фарзандларига меҳрибон аёл эди. Энг аосийси оддий аёллардек самимий эди. Қизи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хумора Ихтиёрованинг мақоласини ўқиб, унга қўшимча қилиб елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

Ўзбек халқининг севимли санъаткори хаёт бўлганида бугун 85 ёшга кирган бўларди. Энг асосийси ўзига муносиб, ўзидек меҳнаткаш, заҳматкаш ва изини боса оладиган фарзандлар тарбиялаб санъат оламига йўллаб кетди.   Хуморахоннинг муҳтарама волидаси таваллуди кунига бағишлаб чоп этган китоби  бунинг далилидир.

Марямхон опамизнинг охирати обод бўлиб, ётган жойи нурга тўлсин. Жаннатларда кавсар сувларидан ичиб юрсин.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.