Ижтимоий тармоқларда кўпинча ишламайдиган қонунлардан нолишади….

0
195
марта кўрилган.

Ижтимоий тармоқларда кўпинча ишламайдиган қонунлардан нолишади. Айбдор яна Қонунчилик палатаси.

Қонунлар қабул қилингунга қадар қуйи палатада унча-мунча чиғириқдан ўтишга тўғри келади. Қўмита, ишчи гуруҳ, бешта фракция ва 150 депутат. Осонмас бу майдон ичра қонунни ҳимоя қилмоқ…

Энди масаланинг пўст калласига келсак. Қонун ишламаяптими энди бу учун ижро ҳокимиятидагилар жавоб беришсин.

Олий мажлисдагилар кундошингиз эмас.

Келинг мен ҳам 100 минглаб сайловчиларнинг вакили сифатида мулоҳазаларимни билдираман. Охирги пайтлар таъбимни хира қилиб юрган ҳолат алкогол ва тамаки маҳсулотларидан жамоат жойларида фойдаланаётганлиги.

Хўш бу бўйича қонунчиликда нималар бор?

Бу бўйича Ўзбекистонда ижобий қадамлар бор.

Биринчидан— тамаки маҳсулотлари рекламаси таъқиқланди.

Иккинчидан-“Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истимол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун 2011 йилда қабул қилинган. Аммо, бу қонунда мазкур йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар назарда тутилмаган.

Учинчидан— 2015 йилда жамоат жойларида тамаки ва алкогол маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун жарималар оширилган.
2018 йилда “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган ва белгиланган чоралар устидан назорат қилиш маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
248-моддасига мувофиқ Ички ишлар органлари зиммасига юклатилган.

Тўртинчидан – 2016 йил соғлиқни сақлаш вазири тамаки ва алкогол маҳсулотлари истеъмолидан огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотлари учун махсус ажратилган жойлар ва иншоотлар ҳақида хабардор қилувчи ёзувлар битилган тахтачаларни тайёрлаш ва жойлаштириш тартиби тўғрисидаги қоидани тасдиқлади. Ҳужжатда белгиланишича ёзув тахтачаларини тайёрлаш ва ёпиштириш бино ёки обектдан фойдаланаётган иш берувчи ёки юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан ташкил қилинади.

Савол: Ижро қандай?

Ҳар бир қонуннинг ишлаши учун биринчи навбатда шароит керак. Қонун лойиҳа сифатида киритилганда лойиҳа қабул қилингач, ижро учун нималар қилишимиз керак деган саволга қонун ташаббускорида ҳам назорат юклатилган органда ҳам жавоб бўлиши керак аслида. Ҳа бу жавоблар қонунни ҳимоя қилаётганда бор, лекин,  ижрога келганда у ваъдалар ёлғон бўлиб чиқмоқда.

Тамаки ва алкогол маҳсулотларининг истеъмоли чеклангани йўқ ва унинг зарарли эканлиги маҳсулотнинг ўзида ёзилган бўлиши керак, деган талаб ҳам бор. Жамоат жойларида фойдаланиш тақиқланди.

Савол: Натижасичи?

Уйда чекилмасин оила аъзоларига, болаларига зарар етади (тиббиётнинг огоҳлантириши). Жамоат жойларида, болалар майдончаси, кафе-ресторанларда, йўл-йўлакай чекилмасин, акс ҳолда жарималар борлигидан огоҳлантирилди. Ёлғон бўлмасин бу қонун нормалари қабул қилингач, жуда қисқа муддат бир неча ойларгина ишлади, кимнингдир эсига тушганида тўғрироғи.

Нега? Саволга ҳамма жойда ҳам жавоб йўқ.
Аслида асосий айб ижрода. Қайси болалар майдончасида, қайси боғда чекманг деган ёзувларни ёки кимнингдир жаримага тортилганини кўрган ёки эшитгансиз? Қани қонуннинг кучи. Нега чекиш учун махсус жойлар ҳалигача ташкил этилмади. Ҳамма нарсада дунё тажрибаси деймиз. Ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида чекиш учун махсус жойлар бор ва албатта, жарималар ҳам юқори. Энг асосийси ижро ҳам жойида. Мактаб атрофидан қачон тамаки маҳсулотлари савдоси йиғиштирилади, истироҳат боғларида, айрим кафеларда қачон соғлиқни сақлаш вазири қабул қилган қоидаларга амал қилиб, назоратни ўрнатади?

Ҳурматли ижрочилар!
Қонун ишлаши учун шароитни яратайлик ва бошқаларга гап олиб келмай зиммамиздаги вазифани бажарайлик, албатта ўрнак бўлиб.
Жамоатчилик назорати эса ҳали ҳам муҳим. Жаримага торттиришга ёрдам бериш эмас, бир-биримизга эътиборли бўлишимиз, жавобгарлик мавжудлигидан огоҳлантириш орқали, сўнгги чора эса, албатта, қонуний ҳал қилиш.
Қонунлар ишлаш учун қабул қилинади. Ижрода эса улар яшашдан маҳрум этилиши эмас, умри узоқ бўлиши таъминланиши шарт.

Умида Раҳмонова, Қонунчилик палатаси депутати

Манбаа:  Умида Раҳмонова телеграмм канали

Таҳририятдан: Депутат Умида Рахмонованинг куйинчаклигига тасанно! Дарҳақиқат, ҳамма гапида жон бор. Бироқ, Олий Мажлис қўмиталарининг  иш режасида  «назорат-таҳлил»   деган йўналиш ҳам бор.  Қайси қонун  одамлар ҳаётига чуқур кириб борди-ю, қай бирига эътибор йўқ. Ушбу йўналиш яъни назорат — таҳлил кучайтирилиб, палатада муҳокамага қўйилиб, тегишли ташкилотлар жалб қилинса, янада самаралироқ бўлади натижа, деб ўйлаймиз. Депутатларда ана шу имконият бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.