Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда ушбу фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш мақсадидаги вазифалар ва имтиёзлар белгилаб берилди.
Жумладан:
1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов (кейинги ўринларда – қўшимча тўлов) тўлаб борилади;
1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида тўланадиган компенсация (кейинги ўринларда – компенсация) жорий этилади.
Манбаа: prezident. uz расмий веб- сайти (08.06.2022).