Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга фаол қатнашаётган қарияларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш мақсадида:
1. 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – 2,5 миллион сўм этиб белгилансин.
2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларга ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ