Илиас Илиадис: “Бу жамоага мураббий бўлиб келиш мен учун катта шараф”

0
241
марта кўрилган.

Ўзбек дзюдоси ўз тарихида янги даврни бошдан ўтказмоқда. Балки бу ҳол сиз-у бизга ушбу даврда яшаётганимиз учун билинмас, аммо вақт ўтиб барчаси акс этади. Ҳозир Ўзбекистон терма жамоасида мураббийлик қилаётган грециялик Илиас Илиадис терма жамоага “янги руҳ” олиб кирмоқда.

Бошқа маҳаллий мураббийларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, Илиадис ўз машғулотлари билан дзюдочиларимизни қайтадан кашф қилмоқда. Машғулотларни кузатар эканмиз, янгича ёндашув, унинг ўзбек тилида ҳам сўзлаётганига гувоҳ бўлдик. Эътиборингизга афсонавий дзюдочи билан ўтказган интервьюмизни ҳавола қиламиз:

– Келишингиздан аввал ўзбек дзюдосини қандай тасаввур қилган эдингиз-у, ҳозир қандай?
– Ўзбек дзюдоси ҳақида бутун дунё билади. Бу ердан кўп карра Олимпиада совриндорлари, жаҳон чемпиони бўлган Абдулло Тангриев, Ришод Собиров каби афсонавий дзюдочилар чиққан. Ўзбекистонда ўзига хос дзюдо анъанаси бор. Бу жамоага мураббий бўлиб келиш мен учун катта шараф. Энди мен бу анъанани давом эттиришим керак.
– Ўзбек дзюдочилари қайси томони билан кучли эди ва қайси жиҳатларни ривожлантириш керак?
– Мен бир гапни кўп такрорлаганман. Ҳар бир Олимпиадада дзюдо ўзгаради. Бироқ бунга қарамасдан ўзбек дзюдоси ўзининг техникаси ва жисмоний тайёргарлиги билан чиройли бўлиб келган. Ҳозир умуман бошқача дзюдо кетяпти. Айни пайтда техниканинг ўзи етарли бўлмай, жисмоний куч ва тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилиб юборяпти. Ҳозир жамоа билан шу томонлар устида ишламоқдамиз.
– Ҳозир бутун дунёда тарқалиб бораётган коронавируснинг IJF (Халқаро дзюдо федерацияси) ва бизнинг жамоага таъсири қандай?
– Жаҳондаги етакчи дзюдочилар ҳам, бизнинг полвонлар ҳам оддий одам. Бутун дунё бўйлаб амал қилинаётган қарорга биз ҳам бўйсунамиз. Аммо бу билан бўшашиб қолмаймиз. Ўзимизнинг ички машғулотлар давом этади. Орадаги вақтда анча мотивация ва куч йиғиб оламиз.
– Майгача бўлган мусобақаларнинг бекор қилиниши режаларингизга ҳалақит бермайдими?
– Ҳа, кўп режалар ўзгариб кетди. Лекин нима ҳам қилар эдик, бу ҳаёт. Бугунни ўйлаб яшаш керак. Чунки эртага нима бўлишини билмаймиз. Бугун ўз ишимизни қилайлик, эртага нима бўлишини кўрамиз.

– Жамоада ким сизнинг севимли шогирдингизга айланди?
– Ҳаммаси. Мана, қўлимиздаги 5 та бармоқ. Мен қандай қилиб бирини иккинчисидан кўпроқ ёқтираман дея оламан? Мен учун ҳаммаси бир хил. Шунчаки, уларнинг характери турлича. Худди оилада ҳам турли характерга эга ака-укалар бўлганидек. Мураббий бўлар экансан, уларнинг табиатини ўзгартиришинг ҳам талаб этилади.
– Федерация томонидан сиз истаганчалик шароитлар яратиб берилмоқдами?
– Албатта. Бу борада ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Барча ўз ишига профессионалларча ёндашган ҳолда ишлаяпти. Ҳатто давлат раҳбарининг эътиборини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Олимпиада циклида мамлакат Президентининг қўллаб-қувватлаши спортчига жуда катта куч беради. Фаолиятим давомида кўп давлатларда бўлдим. Лекин Ўзбекистондагидек шароитни ҳеч қаерда учратганим йўқ. Шу жиҳат мени бу мамлакатда ишлашимга ундади ва кўплаб давлатлар орасида Ўзбекистонни танладим.
– Келинг, энди жаҳон дзюдосига ҳам ўтиб кўрамиз. Япония терма жамоаси -66 килограмм вазн тоифасидаги иштирокчисидан ташқари барча вазнлардаги вакилларини эълон қилди. Сизнингча, улар бу вазнга кимни қўйишади?
– Бу мен учун қизиқ эмас. Рақибларга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтаманки, қолган жамоаларнинг таркиби мени қизиқтирмайди. Мени ўзимнинг жамоамдан бошқаси билан ишим йўқ. Қайси вазнга кимни қўйишлари ҳам менинг ишим эмас. Мен учун ҳаммалари бирдек рақиб.

– Тедди Ринернинг Париждаги мағлубиятига қандай қарайсиз? Бу кутилган воқеликмиди ёки тасодиф?
– Бу мени ажаблантиргани йўқ. Тедди ҳам инсон. Бир нарсани тушунмайман, одамлар бундан жуда ваҳима ясаб юборишди. Ўша кун унинг учун эмас экан. Дзюдочи бўлганим учун уни ҳам тушунаман. Ҳеч ким ғалаба билан абадий қололмайди. Тедди мен учун афсонавий дзюдочи ва шундай бўлиб қолади ҳам. Битта мағлубият унинг шуҳратини тўка олмайди. Масалан, футболда Бразилия ўз уйидаги жаҳон чемпионатида 1:7 ҳисобида енгилган. Нима, бразилияликлар кучсиз бўлиб қолдими бу билан?! Бу ҳам шунга ўхшаш вазият.

– Айни ҳолатда қизларимиздан икки нафари йўлланма зонасида турибди. Лицензион давр якунлангунча учинчисини ҳам қўлга киритишимиз мумкинми?
– Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Агар ўзимга ишончим бўлмаса, бу гапларни айтмаган бўлар эдим. Биз олиб бораётган машғулотлар билан кўп нарсага эришса бўлади. Ҳар куни шундай темпда кетмоқдамиз. Насиб қилса, мавсум охирида қизларда ҳам учинчи йўлланмани олишимиз мумкин.
– Машғулотларда кўрдикки, ўзбек тилини ҳам анча-мунча ўрганиб олибсизми?
– Жуда унчалик эмас (кулади). Шогирдларимга кураш пайти зарур бўладиган керакли сўзларни ўрганиб олганман. Лекин бу билан ўзбекчани билиб олдим дея олмайман.
– Сизнингча, жаҳонда аввал ва ҳозирги даврда энг кучли дзюдочи ким?
– Бу мен учун ҳам жуда қизиқ савол. Биласизми, мен учун ажралиб турадиган одам йўқ. Дзюдо тарихида ҳам, ҳозир ҳам ҳар бир вазн тоифасида ўзига яраша кучлилар бор. Уларнинг барчасини ҳурмат қиламан. Бирини иккинчисидан ажрата олмайман.

 Илиас Илиадис  ҳақида маълумот: 1986 йил 10 ноябрь куни Грузиянинг Ахмета шаҳрида грек оиласида таваллуд топган. Греция терма жамоаси аъзоси. 2004 йил Афинада ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида -81 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, дзюдо тарихида энг ёш (17 ёш) Олимпиада чемпионига айланган. Лондон-2012 Олимпиадаси бронза медали соҳиби. Токио (2010), Париж (2011) ва Челябинск (2014)да ўтган жаҳон чемпионатлари ғолиби. Шунингдек, ЖЧларнинг 2 карра кумуш ва 1 бор бронза медали совриндори. Пекин-2008 ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида Греция терма жамоасининг байроқдори бўлган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот маркази

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.