«Алдагани бола яхши»ми ёхуд ТВда 45 дақиқалик фильм оралиғида қанча реклама бериш мумкин?

0
171
марта кўрилган.

ТВда истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланяптими? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатлари томонидан жойларда «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг ижроси ўрганилди.

Ўрганишлар асосида бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар умумлаштирилди, жамоатчилик фикри ўрганилди, хулоса эса амалдаги қонуннинг ҳаётийлигини таъминлаш зарурати борлигини ҳам кўрсатди.

Аҳолининг аксарият қисми айни кунда телеканалларимизда рекламанинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетганлигидан норози: ёмони – диққатни бўлиши, битта рекламанинг қайта-қайта такрорланиши оқибатида асаб бузилиши. Берилиб фильм қаҳрамонлари билан воқеа, ҳодисалар гирдобига айни тушиб турганингда тўсатдан реклама қўйиб юборишади ёки экраннинг пастида эса ёзувлар, суратлар бодроқдай бўртиб чиқади. Яна тағин ҳаракатланади. Кимнидир кўтариб келиб, ташлаб юборишадими-ей. Фикрни бўлади. Энди, ҳозир ёзувларни ўйлаб топишибди. Нима эмиш, фильмга бироздан кейин қайтармиш ёки қисқа муддатдан кейин қайтармиш. Худди-ки, «алдагани бола яхши». Рекламаси кинодан узун.

БУ БОРАДА ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ НОРМАЛАР МАВЖУД?

Эътирозлар қанчалик даражада тўғри? Бу борада қонунчиликда қандай нормалар мавжуд?

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддаси телевидение ва радиодаги рекламага бағишланган. Унга кўра, рекламага ажратилган вақт кўрсатувнинг ҳар бир соатига 10 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Оддий тил билан айтадиган бўлсак, ҳар соатда 6 минут реклама берилиши мумкин. Лекин қонунимизда бу талаб кўрсатувнинг ихтисослаштирилган рекламавий каналларига татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган. Табиий савол туғилади: бу каналлар қайсилари? Қонундан бу саволга жавоб топилмайди.

Тўғридан-тўғри ишловчи қонунлар қабул қилинаётганлиги эътиборга олинса, қонунда ихтисослаштирилган рекламавий каналларни очиқлаштириш керакдир. Уларнинг халқ вакиллари томонидан белгилаб берилиши эса қонунийликни таъминлайди.

Мазкур моддада 45 минутдан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 минутлик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бу норма рекламавий телеканаллар учун бўлса керак! Негаки, кузатишлар айрим телеканалларда бу нормага умуман амал қилинмаётганлигини кўрсатди. Фильм нари борса, ярим соат давом этгани ҳолда камида икки-уч марта узилиб, реклама қўйилади.

Шунингдек, 17-моддага мувофиқ дастурларнинг реклама қисмлари товушини телерадио дастурнинг товушига нисбатан баландроқ қилиш тақиқланади. Аммо амалда-чи? Реклама бошланиши билан бирдан телевизор овозининг шанғиллаб баландлаб кетиши, асаблар таранг ҳолда овозни пасайтириш учун пультни қидириб қолиш одатий ҳолга айланди.

Қонунда реклама кўрсатувларнинг бошланиши олдидан ва (ёки) улар тугаганидан сўнг жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланган. Аммо у мажбурий тус олган. Шундан келиб чиқиб, қонунда мажбурийлигини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Мана шу жойда реклама учун кўпроқ вақт ажратилса, диққатни бўлиш, фикрни чалғитиш, асабни эговлашнинг олди олинган бўлар эди.

Мазкур моддада ишлаши гумон бўлган нормалар ҳам мавжуд. Масалан, 10 минутдан ортиқ давом этадиган телекўрсатувларга муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишмасдан туриб реклама жойлаштирилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма. Яхши норма, лекин унга қанчалик даражада амал қилинмоқда?

ЯНА БИР ГАП…

Телекўрсатувларнинг бошловчилари, дикторлари ва бошқа қатнашчилари реклама учун ажратилган вақтдан ташқари пайтда маҳсулотни билатуриб намойиш қилиш ёки унинг истеъмол хусусиятларини бевосита ёки билвосита тавсифлаш ҳуқуқига эга эмас.

Телевидение ва радио ходимларига ахборот ниқоби остида реклама билан шуғулланиш, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчининг реквизитларини, жойлашган манзилини, телефон рақамини, маҳсулотнинг тижорат белгиларини кўрсатиш тақиқланади. Бугунги кунда ушбу моддага зид ҳолатларни телеканаллардан истаганча учратиш мумкин. Бошловчи уст-бошидаги кийимидан тортиб, қўлидаги ёки столи устида турган идиши орқали ҳам айрим маҳсулотларни реклама қилмоқда. Кўрсатув ҳомийлари сифатида эслатиш орқали ҳам қатор маҳсулотлар реклама қилинмоқда.

Ўн тўрт ёшгача бўлган болалар даврасига мўлжалланган кўрсатувларда реклама тақиқланиши, бу тақиқ ижтимоий рекламали ахборотга татбиқ этилмаслиги белгиланган. Биринчидан, сир эмаски, «Болажон» каналида тижоратга оид ҳар хил ширинлик ва сақичлар рекламаси авж олган. Иккинчидан, бу нормада ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи эътиборга олинмаган, чунки таснифда 14 ёш кўрсатилмаган.

Учинчидан, бошқа каналларда берилаётган айрим кўрсатувларда ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси болалар ҳам кўриши мумкинлигига рухсат этса, унда бу кўрсатувда ижтимоий рекламали ахборотни қамраб олган рекламадан бошқа реклама бериш мумкин эмас, деган хулосани беради. Кўриниб турганидек, мазкур норма таҳрирга муҳтож.

Телеканалларда ҳаракатланувчи сатрлардан фақатгина реклама пайти фойдаланиш мумкин. Телекўрсатувлар намойиш этилаётганда реклама мақсадларида ҳаракатланувчи сатрлардан фойдаланиш бўйича тақиққа амал қилинмаётир. Бу ерда нафақат сатрлардан, балки оддий ва анимацияли суратлардан ҳам фойдаланилмоқда. Албатта, бу реклама эмас, анонс дейиш мумкин. Аммо анонс нима? «Реклама тўғрисида»ги қонунда анонснинг ҳуқуқий асослари ўз ечимини топиши керак.

Дониёр Тошбоев, ЎзМТДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.