Ўктам Исмоилов: тиббиёт соҳасида ҳар бир талабага амалиёт зарур

0
504
марта кўрилган.

Тиббиёт институтлари талабалари ўз яшаш ҳудудларига амалиётга юборилмоқда. Амалиётнинг мақсад ва сабаблари ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фан ва таълим бошқармаси бошлиги Ўктам Исмоилов изоҳ берди:

– Ҳар бир талабага амалиёт зарур. Айниқса бизнинг соҳамизда талаба фақат назарияни ўрганиб ҳеч қачон шифокор бўла олмайди. Тиббий таълим азалдан амалиёт билан бирга олиб борилган. Айни пайтда бу масала кун тартибига чиққани ҳам аниқ сабабларга, ҳуқуқий асосга эга. Маълумки, Ўзбекистон президентининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди. Унда шундай банд бор:

2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланади. Бунда, ушбу чора-тадбирлар мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилади.

Бу банднинг мавзуга алоқадор жиҳати шундаки, кўпчилик талабалар амалиётдан узоқлашдилар, ўзларининг келажакдаги потенциал иш жойлари бўлган оилавий поликлиникаларга бормайдилар. Фармонда талабаларнинг амалиётга узвий бириктирилиши ҳам кўзда тутилган.

Ҳужжатга асосан вазирлигимизнинг махсус буйруғи ҳам чиқарилган. Бир сўз билан айтганда, бутун дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, шифокор амалиётсиз шифокор бўла олмайди.

Йигирма кун давом этиши мўлжалланган бу амалиёт Қашқадарё вилояти мисолида бошланди ва босқичма-босқич ҳамма ҳудудларда давом эттирилади. Қашқадарёда бошланишига сабаб, давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида аҳолини рўйхатдан ўтказиш, антропометрик кўрсаткичларини аниқлаш ва саломатлигини текшириш топшириғи берилган. Бу жараёнга барча соҳа ходимлари сингари ўша ҳудудлик юқори курс талабалари, клиник ординаторлар ва магистрлар ҳам жалб қилинмоқда.

Бу амалиёт учун ҳақ тўланадими, унга бориш мажбурийми, деган савол туғилади. Пандемия даврида тиббиётга жиддий юклама тушди, янги-янги вазифалар бериляпти, катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бундай жараёнлардан профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг четда қолиши тўғри эмас. Амалиёт учун талабаларнинг йўлкиралари тўлаб берилади. Аммо уларнинг вақтинча фаолияти учун ҳақ тўлаш кўзда тутилмаган. Шунингдек, барча қатнашиши шарт бўлса-да, касалликка чалинганлар, ҳомиладорлар ва бошқа узрли сабабларга кўра талаба амалиётга жалб қилинмаслиги мумкин. Сабабларни таълим муассасалари раҳбарияти ўрганиб чиқади ва хулоса чиқаради.

Энг муҳими, талабалар ўзлари яшайдиган ҳудудда, ота-оналари бағрида амалиётни ўтайдилар ва бу ҳам уларга катта тажриба мактаби бўлади.

Манбаа: Вазирлик расмий канали – @ssvuz

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.