ОЛТИН КУЗ, ХАЗОНРЕЗГИ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

0
1271
марта кўрилган.

Дарахтларнинг инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишда аҳамияти жуда ҳам катта. Манзарали дарахтлар экилган боғда ярим соатлик сайр  килиш бир неча хил турдаги дори воситалари ўрнини босади.

Кучли санитар сифатида дарахтлар ва буталарнинг яшил юзаси ис газини ютиб, инсон хаёти учун зарур бўлган кислародни чикаради. Дарахтлар ҳам барча тирик мавжудодлар каби ўзига хос қувват манбаига эга. Чунки инсон дарахтлардан таралаётган ифорлардан баҳраманд бўлиб, кайфияти кўтарилади. Табиий табибларимиз ҳисобланмиш дарахтлар инсонни асабларини тинчлантиради, моддалар алмашинувини меъёрлаштиради. Саломатлигимиз қалкони сифатида ёз ойларида юрак касалликлари, юқори қон босими бор инсонлар эманзорларда, нафас олиш йўллари касалликлари бор инсонлар қарағайзорларда сайр қилса соғликлари тикланади.

Бундан ташқари катта ёшдаги битта дарахт бир мавсумда бир йилда ўн киши истеъмол қиладиган миқдорда кислород ишлаб чиқаради. Бир гектар дарахтзор бир кунда 220-280 кг. карбонат ангидрид ютади ва 180-220 кг. кислород чикаради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтиради ва шовқинни пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, ўсимлик дунёси табиатнинг иссиқлик ва радиацион мувозанатини бошқаради, ҳавонинг намлигини таъминлайди, заҳарли тутунларни ва шамолларни сақлаб қолади. Жумладан, дарахтлар турли хил шовқинларни камайтириш хусусиятига эга. Бундан ташқари очиқ экин майдонлари атрофида экилган дарахтлар ерни шамол деградациясидан ҳимоя қилади. Дарахтлар иқлим мўътадиллигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, шаҳарлар ҳудудида турли ташқи таъсирлар туфайли ўзига хос экотизим юзага келиб, мавжуд табиий муҳит тубдан ўзгаради.

Шаҳарлар майдонларини безатишда, уларга чиройли ва шинам кўрк беришда ёрқин рангларда гуллайдиган бута ўсимликларнинг аҳамияти беқиёс бўлди. Ушбу ва кўпгина буталарнинг бебаҳо сифати шундаки, улар нафақат тез ўсувчи ва шаҳарнинг ўзига хос экологик шароитларига мослашувчанлиги билан, балки жуда манзаралилиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экологик талабларга қатъий риоя қилиш, атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экиш, уларни парвариш қилиш борасидаги ишларда барчамизни фаол бўлишимиз ҳамда ташаббускорлик кўрсатишимиз, бу йўналиш бўйича турли тарғибот ишларини амалга оширишимиз бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Аслида табиат ўз мувозанати ва моҳиятига кўра тўкис ва бекаму куст яратилган. Айниқса, мамлакатимизда тўрт фаслнинг барқарор алмашинуви, уларнинг ҳар биридаги жозиба кишини ҳайратга солади. Умуман олганда  юртимизнинг ҳар фасли, ҳар кунида ўзгача сеҳр ва мўъжиза бор. Юртимизга сокинлик ила кириб келаётган куз нафаси аллақачон руҳиятимизда, кайфиятимизда сезилган.

Эътироф этиш жоизки, дарахтлар инсониятнинг тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эга. албатта. Яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди.

Дарахтлар ҳар доим табиатга, инсониятга фойда келтирган. Сояси жонга, меваси танга дармон. Лекин биз биламиз-ки, ҳар бир фаслнинг ўз хусусияти бор. Олтин куз фасли келиши билан дарахтлар ўзининг яшил оламини хазонрезгиликка бўшатиб беради. Айни куз фаслида аҳоли томонидан хазонрезги мавсумида юқорида айтиб ўтилган манзарали ва мевали дарахтлардан тўкилаётган баргларни йиғиш тўплаш ва олиб бориб ташлашни ташвишга солади. Шунингдек, айрим фуқаролар томонидан шох-шаббаларнинг ёқиб юбориш ҳам кузатилади.

Дарҳақиқат, юртимизда куз фасли келиши билан хазон мавсуми бошланади. Яъни сарғайган дарахт барглари ерга гилам қатори тўкилади ва баргларни йиғиб айрим хонадон, маҳалла, корхона ва ташкилотлар ҳудудларида хазонларни тўплаб ёқиб юбориш ҳолатлари кузатилади.

Келинг,  ёнаётган хазоннинг нечоғлик зарарли эканини статистик маълумотлар орқали кўрайлик. Бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқазади. Ундан ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид газини чиқазади. Зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиши хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон томир ва нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир этади.

Шуни унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланганлар, тузалиб чиққанлар учун эса ниҳоятда зарарлидир.

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя қилиш атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлигини ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, фуқаролар, маҳалла фаоллари соғлом экологик вазиятни сақлаш ишларидан четда қолмаслиги лозим.

Олиб борилаётган тадбирлар натижаси йилдан-йилга хазон ва шох-шаббаларни ҳамда ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш ҳолатлари камайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Бироқ, бу орада амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар ҳам мавжуд. Улар бир неча омилларга боғлиқдир.

Биринчидан, тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан хазон ёқишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича чора-тадбир амалга ошириш лозим. Дарахтлардан тўкилган хазонларни йиғиб мутасадди  ташкилотлар кўмагида шаҳар ташқарисига тегишли жойларга ташлаш.

Иккинчидан, кесилган шох-шаббаларни қайта ишлаш натижасида турли хилдаги қурилиш материаллари ва брикетлар тайёрлашни йўлга қўйиш.

Учинчидан, дарахтлардан тўкилган хазонларни алоҳида ажратилган ҳолда йиғиб олиш натижасида улардан ўғитлар тайёрлаш йўлга қўйиш мумкин.

 Тўртинчидан, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда, экологик талабларга қатъий риоя қилиш ва туманнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш ва инсон саломатлиги учун мақбул бўлган ўсимлик ва дарахт турларини экишга алоҳида эътибор қаратиш.

 Бешинчидан, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида экологик ҳашарлар ўтказилиб, аввало экологик тозалагини таъминлаш, чиқиндихоналарни озода сақлаш, бунда айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш.

Олтинчидан, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш экологик қоидабузарликларни олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, бу борада олиб бораётган амалий ишларимиз экологик фаровонликни таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси, келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилиши лозим.

Умида КАМИЛОВА, Ўзбекистон Экологик партиясидан  халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати,

Эркин ОМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси катта референти

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.