Илм, қарор ва амалиёт: Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида оиланинг роли

0
211
марта кўрилган.

Абдулла Авлоний ҳикмати: Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмоқ – танини пок тутмоқ, ёш вақтидан маслакини тузатмоқ,  яхши хулқларни ўргатмоқ, ёмон хулқлардан сақлаб, ўстирмоқдир.

 Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Оила кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади” деганларида минг бора ҳақ эдилар. Хақиқатдан ҳам Болалар ва ёшларнинг тарбияси, айниқса, маънавий-ахлоқий тарбияси барча даврларда жамиятнинг устувор вазифаларидан бўлиб бу энг аввало оилада шаклланган.

 Давлатимиз томонидан бугунги кунда фарзанд тарбияси, ёшлар тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги  Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги  Қарори билан “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ” тасдиқланди. Мазкур Концепцияда оилалардаги маънавий-ахлоқий мухитни яхшилаш, айниқса, ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларнинг самарадорлигини ошириш  икки йўналишда иш олиб боришни тақозо этади.

Биринчидан, ота-оналар билан олиб бориладиган ишлар. Аввалам бор, ота-оналар фарзандлари учун масъул эканликларини ҳис қилишлари зарур. Фарзандларини, фақатгина, моддий жиҳатдан таъминлаш, назорат қилиш эмас, уларга яқин дўст, сирдош бўлишлари, муаммоларини ҳал этишда кўмакдош бўлишлари, тушунмаган нарсаларини тушунтириш учун маслаҳатгўй бўлишлари лозим. Бунинг учун ота-оналарнинг ўзлари замон билан тенг қадам ташлашлари, ўз фаолиятини юксалтириш мақсадида мунтазам ишлашлари зарур. Ота-оналар билан ўтказиладиган тадбирларда мана шу ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирги вақтда фарзандлари билан бирга чет тилларни, компьютердан фойдланишни ўрганаётган, биргаликда спорт билан шуғулланаётган ота-оналаримиз талайгина.

Иккинчидан, болалар ва ёшлар билан олиб бориладиган ишлар. Бу йўналиш энг масъулиятли бўлганлиги сабабли, батафсилроқ тўхталиб ўтамиз. Бугунги кунимизни “информацион хуружлар даври” десак тўғри бўлади.Ёшларимиз интернет тармоқлари орқали хохлаган маълумотларини олиш имкониятига эга бўлган бугунги кунда уларнинг эътибори ва ҳурматини, ишончини қозониш учун ҳар биримиз билимли, салоҳиятли, изланувчан ва кенг маънода тадбиркор бўлишимиз керак. Ёшларни қизиқтиришни ўзига хос усулларини амалда қўллашимиз зарур.

Хамкорлик. Болалар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси натижадор бўлиши учун   оилаларга қатор ташкилотларимиз ёрдам бериб келмоқдалар. Хусусан, Ёшлар иттифоқи, таълим муассасалари, туман маҳаллалар Кенгаши, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ҳамкор давлат ва нодвавлат ташкилотлари.

Замонавий маълумотлардан фойдаланиш. Ёшлар билан ўтказиладиган тадбирларда уларнинг қизиқишларини эътиборга олган ҳолда суҳбатни ташкил этиш. Масалан, қандай мусиқани яхши кўради, нима учун? Чет эллик сайёҳ Ўзбекистонни таърифлаб беришни сўраса, қандай таърифлаган бўлар эдинг? Ўзбекистондаги ( вилоятдаги, тумандаги) энг гўзал биноларни айтиб бер ва таърифлаб бер. Жамиятдаги энг хурматли инсон қандай инсон деб ўйлайсан? Келгусида қандай ихтиролар бўлишини истайсан ва нима учун? Ота-онангга меҳрингни қандай сўзлар билан ифодалар эдинг? Ота-онага ёрдам нима? Сиз ота (она) бўлсангиз нималарга эътибор берган бўлар эдингиз? каби мавзудаги савол-жавоб кечалари ўтказилмоқда.

Интернетдан фойдаланиш қоидалари бўйича тадбирлар. Бундай тадбирлар вилоятнинг “Нурли ҳаёт”, “Оқтепа”, “Гулшан” каби қатор маҳалларида, касб-ҳунар коллежларида хамда “Ёшлар иттифоқи ” етакчилари билан ўтказилди.

Асрлар давомида шаклланган урф-одатларга, қадриятларга меҳр уйғотиш.

Ёшлар билан амалий тадбирлар хам кўп ўтказилади. Хамир қориб, нон ёпиш жараёнида иштирок этиш, чучвара, кўк сомса каби ўнлаб миллий таомларимизни тайёрлашга ўрганиш, миллий жиҳозларни тикиш, томорқада ишлаш каби хаётий жараёнларни кузатиш, ўрганиш. Бундай тадбирлар “Беруний”, “Наврўз”, “Маънавият” маҳалларида ўтказилди.

Китобхонлик. Ҳамма учун танишдек кўринган бу жараён турли  шакл ва услубларда ўтказилади(ёддан шеърлар ва цитаталар айтиш, тарифга қараб қахрамонларни топиш, қисқа текст мазмунидан китобни топиш, маълум асарлар бўйича муҳокамалар ўтказиш, ота-оналари билан ўқиган китоблари ва ундаги қахрамонларга ота-оналарининг ва ўзларининг муносабатлари  каби ўнлаб шаклларда). Кўп ҳолларда ёшлар келгуси учрашув учун тадбир шаклини ўзлари белгилайдилар. Бундай тадбирлар тумандаги 1-сонли, 22-сонли, 20-сонли мактабларида, иқтисодиёт касб-хунар коллежида ўтказилди.

Таниқли ва эл-юрт хурматига сазовор бўлган инсонлар билан учрашувлар, савол-жавоб кечалари. Масалан, Ўзбекистон қаҳрамони Ш.Ражабов, “Соғлом авлод учун” ордени совриндорлари педагог Ш.Раззақов, шифокор Н.Бекчонов ва бошқалар билан учрашувлар ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, барчамизнинг мақсадимиз – билимли, ватанпарвар, маънавияти юқори, одобли- ахлоқли фарзандларни тарбиялашдир. Бу вазифани бажаришга жуда кўп ташкилотлар масъул бўлсаларда, бироқ болалар аввало оилада тарбияланадилар. Шу боис, муҳтарам Президентимиз алоҳида таъкидлаганлар: “Оила кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади”.

Ўйлаймизки ўтказилаётган ҳар бир давра сухбати, учрашув, кўрик-танлов ёки хонадонларга ташриф бўладими бўларнинг барчасининг мақсади фаровон, бахтли оилани барпо этиш, оилаларда ватанимизга хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаш ва оилалар тинчлигини мустахкамлашга кўмаклашишдир.

 Равшонбек БАБАЖАНОВ

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.