Россия Федерациясининг Владикавказ шаҳрида эркин кураш бўйича “Pro League-2021” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Ильяс Бекбулатов -70 кг вазн тоифасида муваффақиятли иштирок этди.
Мусобақани чорак 23 ёшгача бўлган курашчилар ўртасида Европа чемпиони Имам Ганишевга қарши бошлаган ҳамюртимиз 10:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Ярим финалда эса ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Анзор Закуев билан тўқнаш келди. Вакилимизнинг устунлигида кечган баҳс Бекбулатовнинг 9:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Кутилганидек, финалда ушбу вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Давид Баев рўбарў келди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувда ҳамюртимиз 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу мусобақа Артур Таймазов раҳбарлигидаги “Taymazov team” компаниясининг титул ҳомийлигида ўтди ва унда ҳар бир вазннинг энг кучли 8 нафар курашчилари гиламга чиқди.
gujum.uz