Ҳиндистон университети билан илмий ҳамкорлик

0
212
марта кўрилган.
Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик олимлар ҳаммуаллифлигида тайёрланган “Урду шеърияти” монографиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
 
Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида чоп этилган монография Тошкент давлат шарқшунослик институти доценти, филология фанлари номзоди Муҳайё Абдураҳмонова ва Ҳиндистоннинг Жавоҳарлал Неру университети профессори Хожа Икромиддин ўртасидаги илмий-ижодий ҳамкорликнинг маҳсулидир. Китоб урду тилида ёзилган бўлиб, Ҳиндистондаги илмий адабиётларни тайёрлашга ихтисослашган “Brown book publications” нашриётида босмадан чиқди. Китобда XIII асрдан то ҳозиргача бўлган давр мобайнида урду шеъриятининг шаклланиши ва тадрижий ривожланиши батафсил ёритилган.
 
Тақдимотда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Маданият маркази директори, профессор Чандра Шекҳар, Жавоҳарлал Неру университетининг профессорлари Хожа Икромиддин ва Ахлақ Аҳмад Ансорий ҳам иштирок этди.
 
Чандра Шекҳар сўзга чиқиб, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Жавоҳарлал Неру университети ўртасидаги илмий ҳамкорлик самарали йўлга қўйилганини, икки мамлакатнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқалари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ҳиндистонлик профессор Хожа Икромиддин эса 2018/2019 ўқув йилидан Тошкент давлат шарқшунослик институтида фаолият олиб бораяпти. У мазкур институт ўқитувчиларининг илмий салоҳияти, ҳиндий ва урду тили бўйича таҳсил олаётган талабалар, магистрларнинг билим даражаси юқори эканини қайд этди. 
 
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА
 
 
 
 
 
 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.