“INFOLIB O’ZBEKISTON-2021” Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида кўрик-танлов

0
89
марта кўрилган.

“INFOLIB O’ZBEKISTON-2021” Х Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг 2-куни “Касбий маҳорат куни” деб номланиб, унда Ёш кутубхоначилар форуми иштирокчилари — ёш мутахассислар ўртасида “Ахборот-кутубхона марказининг энг яхши мутахассиси” кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари ўртасида бўлиб ўтган ҳудудий босқичлар ғолиблари иштирок этишди.

Беллашув уюштиришдан  мақсад — ахборот-кутубхона мутахассисларининг касбий малакасини юксалтириш, уларнинг инновацион фаолияти ва ижодий ташаббускорлигини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, шунингдек, кутубхоначи касбининг ижобий имиджини шакллантириш, ахборот-кутубхона марказлари ўртасида ижтимоий ҳамкорлик ва соғлом рақобатни ривожлантиришдан иборат.

Кўрик-танлов учта йўналиш – “Кутубхоначининг ташриф қоғози”, “Стартап лойихалар келажак кутубхоналари учун” ва “Билимдон кутубхоначи” шартлари асосида куч синашдилар.

Ижодий баҳслар натижаларига кўра кўрик-танловининг 1-ўрин ғолиблиги – Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Азимова Дилнозага насиб қилди. 2-ўринга Жиззах вилояти Дўстлик туман ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Рахимова Мунира ва 3-ўринга Бухоро вилояти Ромитан туман ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Бўронова Марҳабо муносиб деб топилди. Биринчи ўрин соҳибига телевизор, иккинчи ўринни эгаллаган мутахассисга ноутбук, учинчи ўрин ғолибига планшет берилди.

Шунингдек, иштирокчилар номинациялар бўйича ҳам тақдирландилар. Унга кўра, Нодирабегим номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Адиба Маматова “Йил янгилиги”, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Дилрабо Темирова “Томошабинлар эътирофи”, Қароқалпоғистон Республикаси Тахиатош туман ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Халбаева Дилфуза эса «Касбига садоқати учун» йўналишларида пешқадамлик қилишди.

Кўрик танлов номинацияси ғолиблари ҳам Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Ҳофиза Каримова, Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.