Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси ҳузуридаги олий ва ўрта махсус ҳарбий ўқув муассасаларининг илмий-услубий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Рустам Қосимов ҳамда барча олий ҳарбий таълим муассасаларининг бошлиқлари қатнашдилар. Тадбир давомида жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши баённомасида кўрсатилган Қуролли Кучлар академияси ҳузурида илмий-услубий Кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги вазифалар ижроси борасидаги ишлар кенг кўламда муҳокама қилинди.
Шунингдек, Қуролли Кучлар академияси ҳузуридаги олий ва ўрта махсус ҳарбий ўқув муассасаларининг илмий-услубий кенгаши вазифалари, функциялари, шу жумладан, биринчи навбатда бажариладиган ишлар ҳамда республикамиздаги ҳамда чет эл илмий тадқиқот таълим муассасаларида ҳарбий педагог кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш истиқболлари ҳақида маърузалар тингланди.
– Ўқув-тарбия жараёнини янада такомиллаштириш, ўқитишнинг энг замонавий инновацион усулларини чуқур ўзлаштириш ва машғулотлар жараёнига татбиқ қилиш, ривожланган мамлакатлар ҳарбий қурилиши тажрибаларини таҳлил қилиб, мавжуд хавф-хатар ва тажовузларнинг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда тингловчиларни бой назарий ва амалий билимлар билан бойитиш академиянинг профессор-ўқитувчилари учун долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Бу борадаги илмий ишларни умумлаштириш мақсадида “Ҳарбий таълим ва фанда инновация” журналини чоп этиш таклифини киритдик ва бу йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланди, – дейди Қуролли Кучлар академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Хомиджон Дадабоев.
Йиғилиш сўнгида тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати