Инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланади

0
126
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 февраль куни тадбиркорлик фаолиятида лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Унда илғор хорижий тажриба асосида лицензия ва рухсатномалар турларини қисқартириш, уларни бериш тартибини соддалаштириш ва тегишли талаблар бажарилишини мониторинг қилишнинг ошкора механизмларини ишлаб чиқиш давр талаби эканлиги таъкидланди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман таркибидаги махсус Ишчи гуруҳ ишини ташкил этишдаги асосий йўналишларни белгилаб берди.

Бинобарин, аввало инсон соғлигига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турлари лицензиялашдан чиқариб ташланиши лозимлиги қайд этилди.

Масалан, ўқув марказларидаги ўқитиш жараёни фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зиён етказмаса-да, лицензияланади.

Айни пайтда, айрим лицензия шартлари соҳада рақобатни ҳам чекламоқда.

Хорижий тажрибада лицензиялаш ўрнига хабардор қилиш, мажбуриятни суғурталаш, ўзини-ўзи бошқариш, техник тартибга солиш каби муқобил усуллар мавжуд. Мисол учун, турар жой объектларини нотурар сифатида қайд этиш учун тадбиркор алоҳида рухсатнома олиши керак. Ваҳоланки, бунинг учун давлат идоралари хабардор қилинса кифоя бўлиши мумкин.

Худди шундай, риэлторлик, аудиторлик, суд бошқарувчилиги каби фаолият турлари билан шуғулланувчиларнинг жавобгарлигини суғурталаш ёки ўз-ўзини бошқариш тизимларига ўтказиш мумкин.

Шу муносабат билан, Адлия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигига икки ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг муқобил усулларини жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.