Урганчдаги қасрлар фаровонлик тимсоли

0
385
марта кўрилган.

Урганч шаҳридаги 35 та маҳалланинг тенг ярмини намунавий маҳаллага айлантириш бўйича қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Уларнинг бири “Ёшлик” – кўчасидир. “Ёшлик” кўчасининг замонавий меъморий услуби кўзни қамаштиради десак хато бўлмайди. Мазкур кўча ўрнида уч-тўрт йил бурун пастқам эски турар – жойлар мавжуд эди. Қисқа даврда унинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Бу ерда коттеж типидаги турар-жойлар билан бирга “Ёшлик” спорт мажмуаси, Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи, болалар боғчаси, 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби, бир-бирига уйғун намунали турар-жойлар қурилди. Бу ерда бунёдкорлик босқичма босқич амалга оширилаяпти.  “Ёшлик” кўчасидаги турар-жойларнинг аксарияти аукцион асосида аҳолига сотилди ва бир хил меъморий лойиҳа асосида қуриш шарти билан берилди. Ҳозир бу ерда бир юз йигирма саккиз хонадон истиқомат қилаяпти. Турар-жойлар икки қаватли коттеж услубида бўлиб, унинг биринчи қавати маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари учун мўлжалланган. Уларнинг бирида музқаймоқ сотилса, бирида комьпютер тузатиш устахонаси, яна бирида маиший асбоб – усканалар тузатиш устахонаси яна бирида ширин пишириқлар дўкони, гўзаллик салони, тўй либослари салони жойлашган. Хуллас, бу шаҳарча одамлари ўзига керак барча нарсани шу ернинг ўзидан топишлари мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадон эгаси тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятига эга. Бу эса оилаларга қўшимча даромад, қут-барака олиб келмоқда

Хоразмликлар урфу одатига кўра кечки маҳалда эшиги олдига сув сепиб юрган аёл билан саломлашдик. У уйига таклиф қилди. Уй бекаси Зулайхонинг беш фарзанди бўлиб, эри Шавкат Солаев қурувчи экан. Замонавий типда қурилган хоналарни бир-бир айланиб чиқиб орқа ҳовлига чиқдик. Ҳовлида созанда Хушнуд Солаевга дуч келдик. Икки ака-ука ёнма-ён уй олган бўлиб, ўртада девор қуришмаган экан.

– Термиз кўчасида эски кўп қаватли уйларда яшаганмиз, унинг ёнида бу уйимиз жаннатга ўхшайди. Биринчи қаватда музқаймоқ сотадиган дўкон очдим. Бу хам оиламга қўшимча даромад келтиряпти. Бу ердаги ҳар бир хонадонда ана шундай имконият бор. Кўриб турибсиз уйларнинг ташқи қиёфаси бир хил, уйнинг ички хоналарини эса ҳар ким ўзининг диди ва оиласининг талабига қараб қуришга рухсат берилди. Кўчамизда “Ёшлик” спорт мажмуаси ва Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи жойлашган. Булар болаларимиз таълим-тарбиясида бизга қўл келишига аминман. Биз яшашга қулай ва сўлим ана шундай маҳаллада яшаётганимиздан жуда хурсандмиз, – дейди Хушнуд Солаев.

Уйимиз ёнида “Ёшлик” спорт мажмуаси борлиги бизнинг, болаларимизнинг бахти дегим келади. У ерда спортнинг барча турлари бўйича тўгараклар мавжуд экан… – дейди хонадон соҳибаси.

Бизга тикилиб суҳбатларимизни қизиқиш билан эшитиб турган қизча Озодахон этиборимни тортди. У 28-мактабнинг 6-синфида таҳсил олар экан. “Умид ниҳолларида қатнашдингми?, – сўрадим ундан. “Бу сафар қатнашмадим. Келгуси сафар албатта қатнашаман. Бу тадбир уйимизнинг ёнида бўлиб ўтди. Қизиқиб томоша қилдим. Бадиий гимнастика билан сув спортига қатнашишни орзу қиляпман, у эса ёнимиздаги спорт мажмуасида мавжуд экан.-дейди у.

Орзулари бир олам бу оила билан хайрлашар эканмиз, хонадон ободлиги, тўкинлиги, орзуларнинг қанот қоқиши мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий барқарорлик ифодаси эканлигини юрагимиздан ҳис қилдик.

“Ёшлик” спорт мажмуаси. Ушбу маскан Урганч шаҳрининг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ва архитектура қиёфасини ўзгартириш мақсадида бунёд этилган масканлардан яна бири бўлиб, уни “Спорт шаҳарчаси” деб номласак ҳам бўлади. Зеро, бу иншоат 10 гектар ерни эгаллайди. Атрофи боғ-роғларга бурканган. Мажмуа – шаҳарчада 1 та ёпиқ спорт манежи, 2 та ёпиқ спорт заллари, 1та ёпиқ сузиш ҳавзаси ва ёзги стадионлар барпо этилди. Унда гимнастика, сув спорти, бокс, теннис, волейбол, футбол, оғир ва енгил атлетика, миллий кураш, дзу-до, юнон-рум кураши, тренажёр заллари учун алоҳида алоҳида ёзги ва қишқи машғулот заллари мавжуд. Ҳар бир бино спортнинг қай бир турига мўлжалланган бўлса шунга мослаштириб безатилган.

Мажмуанинг бош майдонига “Спорт – тинчлик элчиси” деб ёзилган. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керак – ки. ушбу шаҳарчада гўзал яшил майдон яратилган. Хоразмда ернинг шўрлик даражаси кучли, экин-тикин, боғ-роғ яратиш қийин. Бу ердаги манзарали яшил майдонларни барпо этиш учун уларнинг тупроғи юзаси бир метр олиб ташланиб, серҳосил далаларнинг серунум тупроғи билан алмаштирилди. Бу ерда 42,2 миллиард сўмлик бунёдкорлик ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди.

У ерда сузиш бўйича тренер Шавкат Хўжаев билан суҳбатлашдик, у бу ерга Тошкентдан таклиф этилганлигини фахр билан гапирди.

– Тошкентда ишлаган экансиз пойтахт бассейнлари билан беллаша оладими? – сўрадик ундан.

– Иншоат Германия мутахассисларининг лойиҳаси асосида қурилган. Уларнинг масъулиятли халқ эканлигини жаҳон тан олади. Сув ҳавзасига келсак, юринг ўз кўзингиз билан кўринг, мана бу ҳовуз сувини иситиш ва тозалаш хонаси. Ҳовуздаги сув шу ердан бошқарилади. Унга беш хил модда қўшилади. Сув ниҳоятда тиниқ бўлиши керак, спортчиларнинг машқлари, сув остидаги ҳар бир нозик ҳаракати кўриниб туриши лозим. Бу борада жаҳон талабларига жавоб беради. Бу ердаги биринчи мусобақа – “Умид ниҳоллари” иштирокчиларининг беллашуви бўлди. Урганчлик саккиз нафар ўспирин йигит – қизлар ғолиблар сафидан ўрин олди. Улар орасида Мадина Иброҳимова, Дилафрўз Сайидова, Комила Қаландарова, Мехринисо Қўзиева, Денис Галкин, Муҳаммад Абдураимов, Жалолидддин Шавкатов ва Жавоҳир Шахназаровлар бор. Уларни кузатиб машқларини мунтазам давом қилдирса, жаҳон ареналарида жавлон уради, деган умиддаман. Мен вилоятимиз ёшлари билан фахрландим. – дейди у.

Янгидан бунёд этилаётган Ёшлик кўчасининг бир қисми “Машъал” маҳалласига тегишли. Ушбу кўчанинг орқа томонида ҳам худди шундай яна бир янги кўчада бир-бирига уйғун уйлар бунёд этиляпти. Ички кўчадаги уйларда маиший хизматга режалаштирилган хоналар йўқ, халос.

Янгидан бунёд этилаётган Ёшлик кўчасининг ички томонлари “Темир йўлчилар” маҳалласига қарайди. Бу маҳаллада яна бир кўча “Ғалаба” кўчаси қайтадан бунёд этилди. Бу ерда 19та кўп қаватли турар-жой намунали типда қурилди. Бу кўчани кўрганимда болалигим эсимга тушди. Ёшлигимизда тандирлар кўча юзига қуриларди. Гоҳ у уй ёнидан гоҳ бу уй ёнидан нон ҳиди уфириб турарди. Ўтган кетганга “нон тузини тотиб кетинг»,  дея мулозамат қилинарди. Маҳалладаги кексаларга, ётган беморларга иссиқ нон олиб кириларди. Бу ерда ана шу қадрият қайта тиклангандек туюлди менга. Иккита уйга битта новвойҳона қурилган. Новвойхонанинг атрофи гулзорга айлантирилган, дам олиб ўтирадиган ёз кезларида музқаймоқ еб суҳбатлашиб дам оладиган жойлари ҳам мавжуд бўлиб, ушбу имкониятларга ҳавасингиз келади. “Бу массивда ўнта новвойхонамиз бор. Бу маҳалламиз аҳли учун янги иш ўринлари ҳам десак арзийди. Кўриб турибсиз тандирлар ҳам иккита бирида нон ёпилса, бирида самса ёпилади”. – дейди маҳалла масъул котиби Муяссар Полвонова. Шунингдек, маҳалла учун қурилаётган бино ҳам шу ерда жойлашган экан. Бу аввалги маҳаллага қиёсласак бутунлай ўзгача қиёфада, замонавий лойиҳа асосида қурилган. “Бу ерда маҳалла идораси, милиция таянч пункти, турли хил ўқув марказлари жойлашган. Маҳалла болаларига турли тасвирий санъат, тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик каби турли хил ҳунарлар ўргатилиши кўзланган. Ёнида футбол ва баскетбол майдончалари спорт майдончалари ҳам мавжуд. Бу маҳалламиз болаларини соғлом дуркун ўсишига ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишига ёрдам беради, – дейди Муяссархон.

Шаҳардаги “Жингавуз” маҳалласи вилоятда ўтказилган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи” танловда ғолиб бўлди. Бу маҳаллада ҳам фақат кўп қаватли уйлар жойлашган. Маҳалланинг ўзига хос томони шундаки, ўз дурадгори, ўз новвойи, ўз тикувчиси, ўз тўқувчиси бор. Бу маҳалла патент олиб ишлаётган ҳунарманд-тадбиркорлар жуда кўплиги билан ажралиб туради. Шунинг учун бу маҳаллада тарбияси оғир болалар, жиноят содир этган болалар, ички ишлар рўйхатида турган жиноятчилар йўқ. Энг намунали маҳаллалардан биридир.

Бу маҳалланинг ўзига хос томони шундаки, яқин-яқингача ахлатхона бўлиб ётган ташландиқ ерлар ўзлаштирилиб, спорт майдончалари, болалар майдончалари маҳалладошларининг кучи билан бунёд этилди. Маҳалла атрофи ҳам турфа гуллар билан ўролган бўлиб, мўъжазгина боғларни эслатади.

 Шаҳар билан беллашаётган қишлоқлар

Юқори дўрман. Урганч туманидаги Юқори дўрман қишлоғида 50та уй фойдаланишга топширилиб, унинг ҳар бири 2014 йилда 112 миллион сўмдан нархланган бўлиб 15 йилга кредитга берилди.

– Уйимиз Урганч шаҳридаги Гузар ота мақбараси ёнида бўлиб, эски уйлар эди, маҳалламиз бузилиб кетди. Маҳалладошларимнинг барчасига уй қурилишига ер ажратишди, ҳамда 70-80 миллиондан маблағ беришди. Аммо, уй қуришнинг ўзи бўладими!. Кўп қаватли уйларда яшашни таклиф этишди. Биз шаҳар билан ёнма – ён жойлашган Юқори Дўрман қишлоғидаги намунали уйлардан ажратишни ҳокимиятдан илтимос қилдик. Нафақага чиқишимда менга шундай гўзал ва шинам тайёр уй насиб қилади деб ҳеч ўйламаган эдим. Бир ўғлимиз ва икки қизимиз бор, эрим шофёр. Иккала қизимни узатганман. Кўнглим тинчиб маза қилиб яшаяпман. – дейди мамнунлик билан Замира Бекчанова.

– Биз ҳам шаҳардан кўчиб келдик. Бу уй банкда ишлайдиган ўғлимга Умрбек Юсуповга берилди. Ёш оила сифатида ўғлимга расмийлаштирилган уйда ўғлим, келиним ва невараларим билан яшаймиз. Қурилиш бошланганида 25 фойизини тўладик. Қолганини 15 йил давомида тўлаймиз. Энг асосийси бундай уйни қуриш осон эмас. Қурилиш материаллари жуда қиммат. Агар ўзим уй қурганимда бундай нархга шундай гўзал уйни йигирма йилда ҳам қуриб тугата олмасдим. Янги уйнинг пулини биргалашиб тўлаяпмиз.” – дейди Отабой Юсупов.

– Мен юртимиз раҳбарларидан жуда миннатдорман. Бу уйлар юртбошимиз таъкидлаган сўзларнинг яъни шаҳар билан қишлоқнинг бориб-бориб фарқи қолмайди. Аксинча қишлоқ афзал бўлиб боради, деганларининг айнан исботидир” – дейди эрининг сўзини қўллаб қувватлаб  Зулфия Юсупова.

Худди ана шундай уйлар Хоразмнинг ҳар бир туманида, ҳар бир қишлоғида қурилмоқда. Масалан, Хива туманининг “Шомахулун”, “Жулён”, “Саёт”, “Эскиқиёт” қишлоқларида қатор наъмунали уйлар қурилиб фойдаланишга топширилди. Хонқадаги “Олажа” қишлоғида “Истиқлол” номли янги маҳалла босқичма босқич бунёд қилинди

Режалар, лойиҳалар, улуғвор қурилиш майдонлари билан танишар эканмиз, шундай худосага келдик: ижтимоий-сиёсий барқарорликка эришилган мамлакатдагина иқтисодиёт баравж ривожланади, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўзланган натижаларни беради.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.