Истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш вазифаси қўйилди

0
69
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Жорий йилнинг биринчи ярмида табиий газ қазиб олиш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича эришилган натижалар танқидий муҳокама қилинди.

Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Президент соҳа мутасаддиларига истеъмолчилар манфаатларини юқори қўйиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига табиий газ, суюлтирилган газ ҳамда нефть маҳсулотларини зарур миқдорда етказиб бериш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.

Хусусан, иккинчи ярим йилликда 32 миллиард куб метр табиий газ ресурлари балансини таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида тизимни барқарор ишлатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳар бир кон кесимида аниқ чора-тадбирларни белгилаб, истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, хорижий ва қўшма корхоналар салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Геологик-техник тадбирларни бажаришга тажрибали пудратчиларни, ишлатилмасдан турган конларга танлов асосида инвесторларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Иккинчи ярим йилликда 457 минг тонна, йил якуни билан 850 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаб, аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва янги газ-кимё лойиҳалари ишга туширилиши инобатга олиниб, келгуси 5 йилда табиий газга бўлган талаб ортиши ҳисоб-китоб қилинган. Давлатимиз раҳбари бу йиллар учун зарур табиий газ ресурсларини шакллантириш мақсадида ҳозирдан аниқ режаларни ишлаб чиқиш, энергетика соҳасини рақамлаштириш  кераклигини таъкидлади.

Бунинг учун соҳада геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва минерал хомашё базасини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.