Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Жаҳон адабиёти дурдоналари: ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этишдаги ютуқлар, муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида жамоатчилик асосида “Таржима ва тарғибот маркази” ташкил этиш режалаштирилган, юқори малака ва тажрибага эга таржимонлар гуруҳи ҳозирда шакллантирилмоқда, – деди Уюшма раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Марказ фаоллари жаҳон ва қардош тиллардан ўзбек тилига, ўзбек тилидан жаҳон ва қардош тилларига таржима қилиш билан шуғулланади. Марказнинг таркиби, ишлаш тартиби ва режалари март ойида ишлаб чиқилади”.
Марказ, шунингдек, таржимонлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, таржима ишлари учун олдиндан қисман тўловлар тартибини жорий этишни мувофиқлаштиради.
Тадбирда бадиий ва илмий асарларни ўзбек тилига таржима қилишда муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя қилиниши юзасидан фикрлар билдирилди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбек ва жаҳон адабиётини чоп этиш ҳамда муаллифларга ҳақ тўлашда кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари мавжуд, – деди Интеллектуал мулк агентлиги қошидаги ўқув маркази директори ўринбосари Воҳиджон Аллаёров. – Масалан, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида шунақа топшириқлар бўлар экан: ўқитувчиларнинг қўлига рус тилидаги китоб берилади ҳамда “Шуни таржима қиласан ва ўзингнинг номингдан чоп этасан”, дейишади. Ўқитувчи интернетдан китобнинг электрон вариантини кўчириб олади ва таржимонларга пул тўлаб, ўзбек тилига ўгиради, кейин ўзининг номидан чоп эттиради. Бу бир томондан – жуда кулгули ва аянчли ҳолат, иккинчи томондан – қонуннинг қўпол равишда бузилиши”.
Интеллектуал мулк агентлиги мутасаддиларининг билдиришича, асарни ёзган шахс ҳаёт бўлса ёки унинг вафотига ҳали 50 йил тўлмаган бўлса, муаллифдан ёки унинг ворисидан розилик олиниши шарт.
“Интернет кутубхоналар, маърифий йўналишда фаолият олиб борадиган сайтларга жойлаштирилаётган асарлар ҳақида ҳам худди шу фикрни айтиш мумкин, – деди Воҳиджон Аллаёров. – Бирор бир порталга асарни жойлаштириш учун интелектуал мулк эгаси (асар муаллифи ёки таржимон) розилиги олиниши лозим. Акс ҳолда бу нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка ҳам асос бўлиши мумкин”.
Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Ижод” жамоат фонди директори Шерзод Ирзоев ижодкорлар учун белгиланган қалам ҳақи миқдори кам эканини тан олди.
«Албатта, бугун қалам ҳақи учун муайян ставкалар белгиланган, – деди Шерзод Ирзоев. – Ставкаларни белгилашда ўзим ҳам қатнашганман. Қалам ҳақи миқдори камроқ, лекин уни кўпайтирсак, китобларнинг тан нархи ошиб кетади”.
Матбуот анжумани ҳақида интернет тармоқлари орқали жонли тарзда маълумот бериб борилгани учун фуқаролар он-лайн тарзда савол йўллаш имконига эга бўлди.
“2018 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ёзувчи ва шоирлар учун Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошлангани айтилган эди, – дейилади он-лайн саволлардан бирида. – Қарор чиққанидан буён қарийб 1 йил ўтди, лекин уйлар ҳамон ўз эгаларига топширилмаган. Нега?”
Конференциядан сўнг Ёзувчилар уюшмаси хўжалик ишлари мудири, уй-жой тарқатиш бўйича комиссия раиси Абдураҳмон Эшимқулов билан телефон орқали боғланилганда у ҳали қурилиш ишлари якунланмаганини маълум қилди.
“Ҳозир канализация, сув таъминоти билан боғлиқ муҳандислик ишлари олиб борилмоқда, – деди Абдураҳмон Эшимқулов. – Ўтган куни борганимда қурилиш компаниясининг мутасадди вакили уйларни бир ҳафта, ўн кун ичида топширамиз, деди. Шундан кейин иншоотни Давлат комиссияси кўриб чиқади, агар комиссия аъзолари томонидан маъқулланса, ижобий хулоса берилади. Бундан буёғи бизнинг ваколатимиз доирасидаги ишлар ҳисобланади, яъни банкларни аниқлаймиз ва мазкур уй-жойларни тарқатишни бошлаймиз”.