– Очиғи Афруза Ҳамдамованинг ота-онасига жуда ҳавас қилдим. Болага тикилган сармоя келажакка тикилган сармоя деганлари бекорга эмас. Чемпионлар ва уларнинг ортидан фахрланиб юрадиган ота-оналар кўпайсин!- дея эзгу тилак билдиради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида РАҲМОНОВА.
Дарҳақиқат, ушбу тилакка биз ҳам қўшиламиз. Афруза Ҳамдамованинг Италиянинг Монтесильвано шаҳрида шахмат бўйича эришган ютуғи- жаҳон чепионлигига муяссар бўлганлиги бутун мамлакатимизнинг ютуғидир. Жаҳоннинг саксон давлатидан келган 760 нафардан зиёд шахматчилар иштирок этган чемпионатнинг ғолиби бўлиш улуғвор омад ва бахтдир. Ўзбек шахмати оламида аёллар ўртасида илк жаҳон чемпиони бўлиш бахти унга насиб этди.
— Албатта, бундай муваффақиятга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Қизим эсини таниганидан бери шахмат билан шуғулланади. Она сифатида айтишим керак, бугун юртимиз ёшлари кўп йўналишларда катта муваффақиятларга эришишида давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароит муҳим омил бўлмоқда. Бундай эътиборга муносиб бўлиш, ҳамиша олдинга интилишга ёшларни рағбатлантиришда мактаб, маҳалла, оиланинг ўрни катта. Афрўзанинг чемпион бўлишида маҳалламиз, у таълим олаётган Самарқандаги 42-ўрта таълим мактаби ва оиламизда шахматга бўлган қизиқиш асосий сабаб бўлди, деб ўйлайман. Қизимнинг энг катта орзуси – аёллар ўртасида жаҳон шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келиш эди, Унга эришди. — дейди Афрўзанинг онаси Шабнам Исматова.
Афруза Ҳамдамова жаҳон чемпиони мақомига эришгани билан қутлаймиз. Чемпионлик бардавом бўлишида, ҳамиша гуллар қуршовида юришида, эл-юртнинг юзи-кўзи бўлишида қизалоққа тилакдошмиз.
GUJUM.UZ