Жаҳон эътиборидаги ўзбек мусиқачиси

0
250
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида дунёнинг етакчи мусиқа жамоалари, нуфузли оркестрлари билан биргаликда концерт бераётган ҳамюртимиз Беҳзод Абдураимов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. 

Жорий йилнинг 15-16 февраль кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтадиган концерт дастури олдидан ташкил этилган ушбу учрашув самимий, илиқ руҳда ўтди. 

Ёш пианиночи Беҳзод Абдураимовнинг ноёб истеъдоди, юксак маҳорати дунёдаги етакчи нашрлар томонидан эътироф этилмоқда. 

1990 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган Беҳзод беш ёшидан мусиқа билан ошно. У Успенский номли Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида таҳсил олди. 

Ўқишни АҚШнинг Park University ҳузуридаги халқаро мусиқа мактабида давом эттирган Беҳзод 2009 йилда Лондонда бўлиб ўтган халқаро ёш фортепьяночилар танловида Гран-при соҳиби, 2010 йили Германиянинг Kissinger Sommer танлови совриндори бўлди. 

Сўнгги йилларда Б.Абдураимов жаҳондаги энг етакчи симфоник оркестрлар, моҳир дирижёрлар билан концерт дастурлари, мусиқий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда. 

– Ўзбекистон тарихи, маданияти, илм-фани ғоят бой мамлакат, – деди ёш пианиночи. – Кўплаб истеъдодларга Ватан бўлган бу заминда классик мусиқага бағишланган йирик фестиваль ташкил этишни, шу билан бирга ўзбек миллий мумтоз асарларини фортепьянода ижро этишни орзу қиламан. Негаки, мусиқа ҳар бир инсонга сув ва ҳаво сингари зарур бўлган бебаҳо неъматдир. 

 Назокат Усмонова, ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.