Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти: Ўзбекистонда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш ҳалқаро талаблар асосида амалга оширилмоқда

0
166
марта кўрилган.

Шу кунларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейн ва ташкилотнинг фавқулотда ҳолатларга тайёргарлик кўриш дастурининг масъул ходими Жетри Регми юртимизда бўлиб, дунёда давом этаётган эпидемияга қарши олиб борилаётган чоралар ва профилактик тадбирларнинг техник экспертизасини ўтказишмоқда.

Шунингдек, улар мамлакатимизга кириш ҳудудларидаги санитария-карантин пунктларида назорат ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш, даволаш муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, лабораториялар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби қатор масалалар бўйича техник тавсияларини ҳам беришмоқда.

– Биз юртингизда бир ҳафта мобайнида бўлиб, коронавирус инфекциясини четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш, эпидемиологик назоратни кучайтириш борасидаги ишлар ҳалқаро талаблар асосида, ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган стандартлар ва тавсияларга мос равишда амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлдик, – дейди Уте Эндерлейн. – Юртингизда ушбу инфекцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда.

Бундан ташқари, ЖССТнинг экспертлари мамлакатимиз мутахассислари билан ҳамкорликда жаҳондаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда фавқулотда вазиятларда қандай йўл тутиш бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашишмоқда.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш лозимки, айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, “COVID-19” инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида санитария-карантин пунктларида барча эҳтиёт чоралари кўрилиб, назорат кучайтирилган. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.

Эслатиб ўтамиз, шу кунгача мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолидан ортиқча саросимага тушмаган ҳолда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қолади.

 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.