ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ПОЙИДА

0
203
марта кўрилган.

Урганч шаҳрида  14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!» шиори остида фестиваль бўлиб ўтди. Жасур саркарда Жалолиддин Мангубердининг муҳташам ҳайкали қад кериб турган майдон шу куни ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлди.

Йиғилганларни Хоразм вилоят ҳокими Илгизар Собиров, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Ортиқов қутлади.

Ҳарбий техникалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари қизғин қарши олинди. Созанда-ю хонандалар, раққосалар тадбирга алоҳида файз бағишлади. Урганчнинг марказий кўчалари бўйлаб саф қўшиқлари жаранглади.

Фестиваль давомида майдондаги куй-қўшиқларга ҳам эътибор қилмасдан жанговар техникаларни ҳайрат билан томоша қилаётган болалар ҳам кўпчилик эди. Чарақлаган кўзларида аскар акаларига нисбатан ҳавас ва ҳурмат акс этиб турган болакай ўзини Сардор деб таништирди:

– Мен ҳам катта бўлганимда аскар бўламан. Энг катта машинани бошқараман…

Ҳа, орзулар шундай туғилади, шарафли касбга муҳаббат шундай пайдо бўлади. Орзулар, муҳаббат она Ватанга садоқат туйғусини сайқаллайди. Шу куни Ватан ҳимоячилари кўпдан-кўп қалбларни ёруғ орзуларга ошно қилгани шубҳасиздир.

Фестиваль барча-барчада унутилмас таассуротлар қолдирди, чексиз завқ-шавқ улашди.

Назокат НОДИРШОҲОВА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.