Давлатимиз раҳбари шу йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифлари чоғида вилоят ахборот кутубхона марказини замон талабларига мос равишда қайта таъмирлаш, китоб фондини бойитиш, мутолаа учун қулай шароит яратиш бўйича топшириқ берган эди.
Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона биноси мутлақо янги кўринишда наманганлик китобхонлар ихтиёрига топширилди.
Барча шароит ва қулайликларга эга ушбу кутубхона Наманганда кутубхоначиликнинг 100 йиллиги ва Янги йил байрамига муносиб туҳфа бўлди.
– Ушбу кутубхона Президентимиз томонидан бизнинг Агентлигимиз олдига шу йилда вазифа қилиб қўйилган энг охирги катта лойиҳа эди.
Мана, жамоамиз билан бирга уни ҳам якунлаб, фойдаланишга топширдик. Умид қиламанки, катталиги бўйича мамлакатимизда иккинчи ўринда турадиган кутубхона Наманган ёшлари учун илм маскани бўлади.
Йил жуда ҳам сермазмун ўтди. Бир томондан, кунлар кўз юмгандек ўтиб кетган бўлса, иккинчи томондан, бир йил худдики 5 йилдек туюлиб кетади. ЎзМАА АОКАга айланди. Журналистлар, блогерлар, кутубхоначилик фаолияти йил трендларига чиқди. Китобхонлик акциялари, сайловлар ҳам ўтди. Ҳисоботларда сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги алоҳида эътироф этилди. Агар санаб чиқилса, қилинган ишларнинг рўйхати катта.
Ўтган даврда кимгадир аччиқ хақиқатларимиз қаттиқ тегиб кетди (минг узр, касбимиз шунақа), кимнингдир дардига малҳам бўлишга ҳаракат қилдик, муаммоларни кўтардик, аксариятини ижобий ҳал қилдик, қилолмаганимизни кейинга олиб қўйдик. Лекин нима бўлганида ҳам, Агентлигимиз тинмади. Ватан учун, юрт учун тинмади. Ҳалол бўлишга ҳаракат қилдик, ишончни оқлашга интилдик, – дейди АОКА раҳбари К. Алламжонов телеграмдаги саҳифасида.
Дарҳақиқат, Агентлик тизимларида 2019 йилда улуғвор ўзгаришлар амалга ошрилди. Биттагина мисол: мамлакатимиздаги барча вазирлик ва бошқа йирик ташкилотлар раҳбарларининг журналистлар билан самимий мулоқоти йўлга қўйилди. Ушбу мулоқотлар мамлакатимизда демократияни юксалтириш, очиқлик, шаффофликни таъминлаш учун ҳам юрт тараққиёти, эл фаровонлиги учун ҳам катта маҳорат мактаби бўлди. Жамоатчилик назоратининг гўзал бир йўналишига айланди.
Хоразмда юрганимда вилоят ахборот кутубхона марказининг қайтадан бунёд этилган яъни капитал таъмирдан чиқарилган биносини бориб кўрдим. Бу ердаги улуғвор ва нуравшан ўзгаришларни кўриб, кузатиб, беҳад қувондим. Беихтиёр болалигим эсимга тушди. Кутубхонага деярли ҳар куни борардим. Янги китобларни излаб, китоб токчаларини узоқ-узоқ титкилардим. Бироқ ўзим ўқимаган янги китоб топа олмасдим. Кичкинагина, мўъжазгина кутубхона эди. Барча китоблар битта хонага жойлашганди. Бугунги муҳташам ўқув заллари, турли соҳага доир китоблар жамламаси хоналари, айниқса қадимий китоблар фонди ҳам борлиги кишини лол қолдиради. Буларнинг бари давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳага эътиборини, Агентликнинг ишга бўлган масъулияти ва муносабатини ифодалаб турибди. Бир сўз билан айтганда, соҳадаги ютуқларга кўз тегмасин илоҳим!
Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист