Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июнь куни аҳолини касб-ҳунарга тайёрлаш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мамлакатимизда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш каби кўплаб соҳалар ривожланиб, янги-янги корхоналар очилмоқда. Уларни малакали ишчи ва мутахассислар билан таъминлаш мақсадида олий ва ўрта махсус таълим йўналишлари ўзгартирилмоқда. Ҳудудларда “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилиб, ёшларга касб ўргатилмоқда.
Тараққиёт стратегиясида бу борада навбатдаги қадамлар – ҳар бир фуқарога касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, камбағалликни 2 бараварга қисқартириш мақсадлари белгиланган.
Бунинг учун барча асослар бор. Масалан, биргина 2022 йилнинг ўзида жами 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларга 300 мингга яқин малакали ишчилар керак.
Шу билан бирга, бу йил 404 минг ёшлар ўрта таълимни, 151 минг нафари профессионал таълимни битириб, меҳнат бозорига кириб келади. Уларни тўғри йўналтириб, бандлигини таъминлаш – долзарб вазифа.
Лекин, очиғини айтганда, 330 та касб-ҳунар мактаби, 173 та коллеж ва 207 та техникум кутилган натижани бермаяпти. Улардаги имкониятнинг атиги 40-50 фоизидан фойдаланилмоқда, холос. “Ишга марҳамат” мономарказлари бор-йўғи 10 фоиз ишсизларни қамраб олган.
Кўп коллеж ва техникумлардаги ўқув дастурлари замон талабига мос эмас, 1 минг 350 номдаги касбий дарслик ва адабиётлар етишмайди. Оқибатда иш берувчилар ходимларни қайтадан ўқитишга мажбур бўлмоқда.
Шу боис йиғилишда касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Яъни, 45 та коллеж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларнинг ўрнида мономарказлар ташкил этилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ва методик таъминлашга масъул бўлади.
Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади ва уларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Кенгаш таркибига давлат идоралари, банк, ректорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда туман иқтисодиётидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва сервис корхоналари раҳбарлари киради. Улар мутахассисларига бўлган эҳтиёж асосида, мономарказ ва коллежларда ўқитиладиган касбларни белгилайди, ёшларни ишлаб чиқариш корхоналарига бириктириб, амалиёт ўташини ташкил этади.
Йиғилишда соҳадаги ижобий тажрибалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Масалан, 57 та профессионал таълим муассасасида, Германия тажрибаси асосида, иш жойида ўқитишнинг дуал таълим шакли йўлга қўйилган. Мактабгача таълим тизимида бу ўз натижасини бермоқда: педагогика коллежи ўқувчилари 2 кун назарий билимлар олиб, қолган кунлари боғчаларда ишлаб, ойлик олмоқда.
Ёки яна бир мисол: Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги энергетика коллежида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси буюртмаси асосида ёшларни муқобил энергия станцияси техниги, оператори ва диспетчери каби касбларга тайёрлаш бошланган. Бунинг учун компания 2 миллион 800 минг долларга коллежда замонавий устахона, лаборатория ва ётоқхона барпо қилган.
Давлатимиз раҳбари бундай ишларни бошқа тармоқларда ҳам йўлга қўйиш, касбий таълим муассасаларини йирик саноат корхоналари ва кластерларга бириктириш бўйича тавсиялар берди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда олий таълим тизимида ўқитилаётган айрим мутахассисликларни техникумларга ўтказиш мумкин. Бу ёшларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежайди.
– Техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак. Улар “институтга киришнинг осон йўли” эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб, илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақини олийгоҳлардагига тенглаштириш, янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам имтиёзли таълим кредитини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, техникумларга қабул бир йилда 2 марта ташкил этиш бошланади. Бу орқали касбий таълим билан қамраб олиш 35 фоизга ошади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига янги ташкил этиладиган мономарказларда замонавий касблар ва хорижий тилларни ўқитиш, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Ҳиндистон ва Япониядан мутахассислар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда касбий таълим муассасаларида ишлаётган ўқитувчи ва усталарни рағбатлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Келгуси йил 1 январдан уларнинг ойлиги мактаб ўқитувчиларининг маошига тенглаштирилиши айтилди. Ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади. Эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор мураббийларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади. Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.
Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишнинг янги тизими яратилади. Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади. Бу марказлар иш берувчиларнинг эҳтиёжини ўрганиб, хорижий тажриба асосида педагоглар малакасини оширади.
Аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш учун ҳам бир қатор имтиёзлар белгиланди. Унга кўра, энди лицензия олиш учун талаблар енгиллаштирилиб, зарур маблағнинг минимал миқдори 2 бараварга камайтирилади. Бўш бинолар узоқ муддатга ижарага берилади. Хориждан келтириладиган қўлланма ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади. Халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчи учун 1 миллион сўмдан тўланади. Эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизи қоплаб берилади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар, ҳокимлар, касб-ҳунар мактаби ва мономарказлар раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз таклифларини билдирди.