Кавказ тоғлари рус халқининг севимли шоирлари Лермонтовга, Пушкинга ва бошқа кўплаб буюкларга илҳом берган маскан. Улар жаҳон адабиётидан муносиб ўрин олган кўплаб асарларини мазкур илҳомбағш тоғлар қучоғида яратишган. Айниқса Лермонтов бу ерларни жуда хуш кўрган. Унинг “Мен нечун севаман Кавказни” деган шеърий жумлалари Кисловодскнинг марказидаги шоирга бағишлаб ўрнатилган ёдгорликда ҳам акс этган.
Чунки, у болалигидаёк бувиси билан бирга бу ерларга келиб шифобахш нарзан сувларидан шимириб ва чўмилиб, тоғнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиб, бетакрор манзаралар қучоғида ором олган. Болалигида нимжонгина бўлган шоир бувисининг саъй-ҳаракатлари билан бу ерда даволаниб, рус армиясида хизмат қила оладиган дуркун ва соғлом йигит бўлиб вояга етган. Ва рус армиясида офицер бўлиб хизмат қилган.
Лермонтов суйган хушманзара Кавказ тоғларида “Ўзбекистон” санаторийси мавжудлиги, бу ерда ўзбек халқининг фарзандлари ҳам соғликларини тиклаб шифо топаётгани, бунга мамлакатимиз раҳбари алоҳида эътибор бериб кенг имкониятлар яратаётгани халқимизнинг фахри ва омадидир.
Бу йил ушбу масканда учта янгиликни кўриб биз ҳам хурсанд бўлдик. Дам олувчилар неча йиллардан буён кўз тиккан сув ҳовзаси ишга тушибди. Кисловодскнинг марказига бориб ичиладиган шифобахш минерал сув санаторийнинг ўзига тортиб келтирилибди. Эндиликда дам олувчилар бу ерда нарзан , ессентуки, славян минерал сувларидан санаторийнинг ўзида баҳраманд бўлишлари мумкин.
Бу санаторийни таъмирлаш борасида амалга оширилган ишлар бўлса, яна бир ўзгариш ушбу санаторийга келадиганларга мавсумга қараб имтиёзлар берилибди.
Учинчи ўзгаришда эса мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига яратаётган шарт-шароитларни, имкониятларни эътиборини яна бир бора ҳис қилдик.
Бу йил май ойида эълон қилинган “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши халқимизга хос кексаларга меҳр ва эътиборнинг яна бир гўзал намунаси эди. Бу ерда эса яна бир ғамхўрликка гувоҳ бўлдик. Уруш қатнашчиларига давлат ҳисобидан дам олиб келиш имконияти яратилди.
Ялта ва Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийсининг бош директори Талъат Қулаҳмедович Обиджонов шундай дейди: Бу йилдан бошлаб мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг Ялта ва Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийсида дам олиб, даволанишлари йўлга қўйилди. Айни кунда “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда ўн икки нафар уруш қатнашчиларини Кисловодскдаги шифо масканига кузатиб юбордик. Қарияларимизга алоҳида хизмат кўрсатадиган тиббий ҳамшира белгиланди ва у Тошкентдан бирга кетди. Шунингдек, қарияларимиз у ерда ҳам ўзини оиласи қучоғида эканлигини ҳис қилиб туриши учун фарзандларидан бир кишига ҳам ёнида дам олиб, ғамхўрлик қилишига имконият яратилди. Буларнинг бари давлат ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бу ерга келиб янги бунёдкорлик ишларини, иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига яратилган имкониятларни, умуман халқимизга берилган имтиёзларни кўриб биз ҳам хурсанд бўлдик. Шунингдек, бу тадбирнинг яна бир яхши томони шуки, оқсоқолларга бўлган эътибор фарзандлар қалбида эзгуликлар уйғотади, оила муқаддаслигини, кексалар эъзозда эканлигини ва бу миллий қадрият эканлигини яна бир бора эслатиб туради. Оилани аҳилликка даъват қилади. Ўз вақтида Ватанга муносиб хизмат қилган отасининг ортидан фарзандлар ҳам дам олиш имкониятига эга бўлишди. Бу эса Ватан, оила муқаддаслигини ифода этади ва миллий қадриятларни улуғлаш йўлидаги гўзал амалиётдир.
Раъно Зарипова,
Республикада хизмат кўрсатган журналист
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.