Кавказ тоғларида Ўзбекистон туркумидан: одамларга эзгуликлар улашиб яшаётган аҳил оилалар

0
278
марта кўрилган.

Кавказ тоғларининг гўзал ва баҳаво “Ўзбекистон” санаторийсининг мўъжазгина айвончасида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Абдухолиқ Боймиров ва Эшмирзо Очиловларни ўзаро қизғин суҳбатлашиб ўтиришганида учратдик.

Отахонларнинг иккаласи ҳам Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан бўлиб, фронтга бир вақтда кетишган экан. Тўқсон етти ёшга пешвоз чиқаётган ушбу отахонларнинг тақдирлари бири бирига жуда ўхшаб кетади. Тақдирларининг туташган жойлари ҳам кўп. Эшмирзо бобо билан Абдухолиқ бобо иккаласи ёнма ён қишлоқда яшаб бир мактабда ўқишган. Иккаласи бир пайтда ўн саккиз ёшга тўлмасдан ҳарбийлар сафига чақирилган бўлиб, қурол ушлашга, ҳарбийлик санъатига битта  мактабда ўргатишган.  Улар ўн саккиз ёшга  тўлишганида 1942 йилнинг октябрь ойида жанг майдонига киришган. Бири пиёдалар, иккинчиси танкчилар сафида туриб битта фронтда жанг қилишган.

Иккаласи ҳам кўкси тўла орден- медаллар билан ғолиб бўлиб юртга қайтишган. Урушдан қайтгач уйланиб  пиру бадавлат хонадон етакчиси бўлиб, қишлоқ хўжалигининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшишган. Уларнинг танишлигига, дўстлигига деярли тўқсон йил бўлаяпти. Бундай бахт камдан кам кишига насиб айлайди. Иккаласи  битта фронтда жанг қилганидек, урушдан кейин яна битта жабҳада жавлон уришди. Уруш йилларида орқага кетган ўз қишлоқларининг иқтисодиётини кўтаришга хизмат қилишди. Улар урушда юрганида тинч осойиша оила даврасида турмуш кечиришни, фарзандлар қуршовида яшашни орзу қилишар эди. Бу ниятига ҳам эришдилар. Пиру бадавлат оила қуршовида ҳар бири 4-5 фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Айни кунда дўстлар даврасида меҳр-муҳаббатли фарзандлар, невара-чевара, эваралар кўриб тинч осойишта ҳаёт кечиришаяпти. Давлатимизнинг раҳбари иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида этибор бераётгани уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб келмоқда. Муолажаларга ҳам ўзлари бемалол тушиб чиқишаётганига кишининг ҳаваси келади.

 “Отамиз туфайли қарилик нафақасига етганимизда бизга ҳам шундай гўзал жойларни кўриб, дам олиб, даволаниш насиб этди, – дейди  Абдухолиқ бобонинг ўғли  Нишон Боймиров. – Бу ҳолат биз учун, бизнинг фарзандларимиз учун катта сабоқ. Эл-юртга муносиб хизмат қилган киши ҳамиша ардоқда яшашлигини невараларимиз яъни отамнинг чеваралари ҳам кўриб улғаяпти. Отамнинг ўгитларини мен ҳам тез-тез болаларимга такрорлайман: Бир ишга киришган чоғингда  оғирликлар юз берса ноумид бўлма. Шижоатли  ва матонатли бўл. Қатъият ва сабр тоқат билан мушкул йўлни босиб ўта оласан, деб эндиликда мен невараларимга ўргатаяпман. Отамиз қишлоғимизнинг фахри. Кўпгина кишилар отамизга қараб қаддини ростлайди. Бирор нарсадан сиқилишса келиб маслаҳат сўрашади. Суҳбатлашиб, кўнгли яйраб уйига қайтишади. Одамларга керак бўлишингни англаб яшаш ҳам катта бахт. Мен отам билан фахрланаман”. 

“Бу ерга келаётганимизда қишлоғимиздаги барча кишиларнинг бизга ҳаваси келди. Фарзандларимга эса намунали ҳаёт кечирган одамнинг ҳамиша қадри баланд бўлади, атрофдагиларга ҳамиша сояси тегади. Дея далил сифатида отамнинг ҳаётини кўрсатдим. Отам бизга ҳамиша такрорлайдилар: яқинларга, ошноларга яхшилик қилмасдан улардан манфаат кутиш, худди ерга уруғ сепмасдан туриб дон олишдан умидвор бўлишдир.  Атрофингдагиларга меҳрибон бўл. Ўзлари ана шу ўгитларига амал қилиб яшадилар. Шунинг учун ҳам отам билан суҳбатга ошиқадиган қишлоқдошларимиз ҳамиша уйимиздан топилади. Отам билан уйимиз фариштали деган гап ҳамиша кўнглимдан ўтади.– дейди Эшмирзо бобонинг ўғли  Қўчқор Эшмирзаев.

Холқўзи бобо Тошқўзиев ўғли билан нонуштадан ярим соат олдин ичиладиган шифобахш   нарзан сувини ичиб келди-да тенгдошлари даврасига қўшилди. Отахон Сирдарё туманининг Деҳқонобод маҳалласида истиқомат қилади. Тўқсон етти ёшни қаршилаётган отахон 1943 йил 15 январда Кенесберг (бугунги Калининград)дан урушга кириб, Берлингача борганлигини бир бир эслайди. У етти йил деганда уйга қайтган. Чунки, урушда  сапёр бўлиб ишлаган. Отахон шундай дейди: “ Урушдан кейин беш йил уруш бўлган жойларни  мина ва бомбалардан тозаладик. 1950 йилда яъни етти йил деганда уйга қайтдим.  Уйландим. Етти қиз, уч ўғилга юзим тушди. Юзлаб невара, чевара, эвараларим бор. Шуларнинг ардоғида бахтиёр ҳаёт кечираяпман. Оллоҳнинг шу кунларга етказганига шукр”.

Отахон билан бирга келган ўғли Умрзоқ Тошқўзиев олтмиш уч ёшда бўлиб, отаси билан фахрланади: Мен отам туфайли Кавказ тоғларида бирга дам олишга муяссар бўлдим. Бу мен учун катта бахт. Онам билан отам мактабда ўқитувчи бўлиб ишлашган. Онам Мукаррам Тошқўзиева ҳозир 83 ёшда, қирқ йил ўқитувчи бўлиб пенсияга чиқди. Улар олтмиш беш йилдирки, бир-бирига суяниб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшашаяпти. Ота-онамизнинг турмуш тарзи, ўзаро назокатли муносабатлари нафақат оиламиз учун  балки, бутун қишлоқ аҳли учун намуна эканлиги билан  фахрланаман. Қишлоқда пиру бадавлат хонадон етакчиси деб барча ҳурмат қилади. Чақалоқни биринчи марта бешикка белаш маросими бўлса онамни, чақалоқнинг  сочини биринчи марта олиш керак бўлса отамни иззат-ҳурмат қилиб, сизга ўхшаб юришсин деб чақириб кетишади. Ота — онам туфайли фарзандларим олдида юзим ёруғ.  Уларнинг аҳиллик билан яшаётган ҳаёт йўлини намуна қилиб кўрсатаман. Отам билан онамнинг бир-бирига меҳрибонлигини кўриб ўсаётган фарзандларим набираларим ҳам шунга интилишади. Отам ҳамиша иложи борича ғам-ғусса келтирадиган нарсага кўнгил қўйма, ҳуда-беҳуда нарса учун қайғурма. Шунда оилангдан шодлик, қут-барака, эзгулик пировардида аҳиллик аримайди дея ўргатадилар. Мен ҳам ана шу ўгитларга амал қилиб яшаяпман”. Дейди Холқўзи бобонинг ўғли  Умрзоқ Тошқўзиев.

Одамларга эзгуликлар улашиб яшаётган аҳил оилаларнинг етакчиларига узоқ умр, фарзандларига оталаридек эл-юртга муносиб хизмат қилиб, элда азиз бўлиб юришларида тилакдошмиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.