Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан Кавказдаги Ўзбекистон санаторийсида иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларидан бир гуруҳи дам олаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Улардан бири юзидан нур, сўзидан самимийлик ёғилиб турган, мушоҳадага бой отахонни бир кўришда-ёқ педогог бўлса керак деб ўйладим. Дарҳақиқат, Самарқанд туманидаги Юқори Арабхона маҳалласида яшовчи Аҳад бобо Очилов урушдан кейин Самарканд давлат университетининг филология факультетини тугатиб, бир умр педогогика соҳасида ишлаган экан.
Тасодифни қаранг-ки, отахон фашизмга қарши курашни айнан Кавказ тоғларида бошлаган экан. Шоир “ғалабанинг ўзи келмайди дўстим, жон бериб, қон кечиб оласан уни” деганидек, отахон уруш даҳшатларини биринчи бор ана шу тоғлар бағрида ҳис қилди. Бобо шундай дейди: Фашистларнинг муддаоси Кавказ тоғлари орқали ўтиб Озарбайжоннинг нефт конларини босиб олиш эди. Бизнинг муддаомиз уларнинг ниятини пучга чиқариш бўлди.
Махачқалъада қаттиқ тўқнашув бўлиб, биз йигирмата танкимиз билан уларнинг юздан ортиқ танкига қарши жангга кирдик. Командиримиз ”орқага чекиниш йўқ, ё ғалаба ё ўлим” дедилар. Ўшанда 1942 йилнинг октябрь ойи бўлиб, мен эндигина ўн саккизга тўлган эдим. Бизларни Ашхабоддаги танкчилар мактабида саккиз ой ўқитишгани, танкни бошқариш ва танк билан жанг қилиш санъатини ўргатишгани қўл келди. Аёвсиз жангда қанчадан қанча дўстларимизни йўқотдик. У пайтлар кўз ёш тўкиб, дўстлар учун тиловат қилиб ўтиришга ҳам вақт йўқ эди. Жангдан чиқиб жангга кирардик. Фарзандлар келажаги учун қон кечиб, жон бериб Кавказ тоғларини, пировардида нефт конларини, ўзлигимизни асраб қолдик.
Кўплаб сафдошларим боқий оламга бош қўйган бу тупроқни зиёрат қилиб, уларнинг ҳақига дуолар қилишни орзу қилардим. Мана 77 йил ўтиб яна шу ерга келиш насиб қилди. Аввало, Оллоҳга шукр. Қолаверса юртбошимизга бизларга кўрсатаётган ғамхўрликлари учун ташаккуримни билдираман. Яна ёнимда Самарқанд давлат университетини бу йил тугатган неварам Фариддунжон билан келиб турибман. Бу мен учун катта бахт. Набирам билан келиб, шу ерларни қайта кўришимга шароитлар яратган мамлакатимизнинг раҳбари омон бўлсин. Кейинги йилларда Ўзбекистондаги барча санаторийга йўлланмалар беришди. Беармон бориб даволандик. Бироқ орзуим ўзим уруш даҳшатларини биринчи бор ҳис қилган жойларни кўриш, ёшгина кетган сафдошларим қаҳрамонликлари ҳақида невараларимга сўзлаб бериш эди. Оллоҳ шунга етказганига шукр.
– Кўксингиздаги нишонларингиз босиб ўтган йўлингизни ифодалаб турибди. Шулар ҳақида ҳам гапиришсак.
– Кавказдаги жанг майдонлари менга катта мактаб бўлди. 1943 йили “За отвага” медалимни шу ерлардаги, Кавказдаги жасоратим учун беришган. Номларини русча айтавераман, майлими, қизим, – сўрайди суҳбатдошим.
– Албатта, беҳижолат. Уни ўзим ўзбекчалаштириб оламан,– дейман отахонга.
– “Қизил юлдуз” орденини 1944 йил беришди. Сўнгра “Будапештни ишғол қилишдаги жасорати учун” ва “ Берлинни ишғол қилишдаги жасорати учун” медалларини ҳам олишга муяссар бўлдим.
– У пайтлар мана шу санаторий госпиталь бўлган экан. Бу ҳақида санаторийга кираверишда ёзилган пештахтада ҳам битилган.
– Ҳа, у пайтлар бу ерда икки қаватлик бино бор эди, халос. Ярадорлар шу ерда даволанишар эди. Ўзим бу ерда даволанмаганман. Ярадор бўлиб яна сафга қайтган дўстларимдан эшитганман.
– Невараларга шогирдларга ўгитларингиз.
– Ўғил- қизларимга, шогирдларимга ҳаёт жуда қисқа, унинг омонатлигини ҳис қилиб, ўтган умрингиздан афсусланмайдиган бўлиб яшанг, дея уқтираман. Ҳаётингизда илоҳий деб ҳисоблаган ва муқаддас санаган нарсаларингиз бўлсин. Булар оиланг, элу юртинг деб туширтираман. Яқинларингизни зиёратига боришдан вақтингизни аяманг. Дея ўргатаман. Ахир бу меҳр, оқибат, ўтганларга ҳурмат, инсоний эътиқод бўлиб, аслида дунёни ушлаб турган ҳам ана шу эзгуликлардир.
Аҳад бобо донишмандларга монанд фалсафаона мушоҳада қилади. Бу албатта, халқимиз удумларига ишониб, анъаналарини улуғлаб, атрофидагиларни эъзозлаб халқимизнинг “кимни кўрсанг Хизир бил” деб, яшаб келаётган турмуш тарзидандир.
– Аҳад бобо узоқ умр кўришнинг сирлари нимада деб ўйлайсиз?
– “Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади”,– дейди халқимиз. Аввало Оллоҳнинг ёзмишидан деб биламан. Қолаверса оила аъзоларимнинг аҳиллиги, бир-бирига бўлган самимий, назокатли, нафосатли муносабатидадир. Аҳил оилада қут-барака ҳам бўлади. Ахир халқимиз ”бир кун жанжал бўлган уйда қирқ кун барака бўлмайди“, деган ҳикматни бекор айтмаган.
Катта оила етакчиси Аҳад бобо олти фарзанди, қирқдан ортиқ невара чеваралари қуршовида яшайди. Минвода шаҳрида самолётдан тушганида Петербург юридик институтида ўқийдиган невараси билан келини бобони кутиб олишди ва санаторийга жойлаштириб кетишди. Аҳад бобонинг омади ва ютуғлари ҳам ана шунда: меҳр –оқибатли фарзандлар тарбиялаб, юртга-элга муносиб хизмат кўрсатганидадир.
– Аҳад бобо,педогог сифатида соғлом авлод тарбияси, кўпни кўрган инсон сифатида яқин қариндошларнинг ўзаро қудачилиги борасида ҳам ўз фикрингиз бор, албатта.
– Соғлом фарзандлар соғлом оилада тарбия топади. Бунинг учун ўзингизни ўйлаб қариндош билан қуда-анда бўлишга интилманг, деб фарзанду-шогирдларимга ўргатаман. Бегонадан қиз олсангиз қариндошлар сафи кенгаяди ҳамда фарзандлар соғлом бўлиб дунёга келади, деб тушинтиришга ҳаракат қиламан. Медикларнинг “Яқин қариндошга қиз берманг” деган маслаҳатлари ҳаётга қай даражада тўғри келишини билиш мақсадида ака- ука, опа- сингиллар қуда бўлган оилаларнинг фарзандларини кўп кузатганман. Ўшандай оила фарзандларининг баъзиларида ногиронлик яққол акс этиб туради. Баъзиларда жисмоний ногиронлик кўринмайди, бироқ, зеҳни пастлиги сезилади, дарсни яхши ўзлаштира олмайди, салоҳияту фаросатда ҳам камчилик билинади Билимга ҳам ҳуши йўқроқ, тез-тез касалланиб турадиган бўлади. Агар ота боболаримизнинг турмуш ва тафаккурига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлигига жуда катта эътибор берганини кўрамиз. Амур Темур бобомизнинг сўзларига эътибор берайлик: ”Мен келин танлаш ишларини давлат сиёсати билан тенгма-тенг қўйдим” дея таъкидлаганлар. Биз ана шу фикрларни эсдан чиқармаслигимиз, қариндошдан қиз олиб, қиз бериш генетиканинг бузилишига олиб келишини тушинтиришимиз керак.
Умри давомида бобо минглаб шогирдларга мураббийлик қилди. Ўзи ҳам устозлардек намунали ҳаёт кечиришга интилди. Мен Аҳад бобонинг сўзларини тинглар эканман, эзгулик аввало ота-оналарнинг қалбида, вужудида куртаклайди. Сўнгра авлодларга кўчади, дегим келади. Феъли тупроқдек хокисор, мушоҳадалари, эзгуликлари қуёшдек юксак устоз мураббийни яқинлашиб келаётган қурбон ҳайити билан қутлаймиз.
Раъно Зарипова,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида тайёрланди.