Кеча янги шаклланган парламент палаталарининг  қўшма мажлиси бўлиб ўтди 

0
178
марта кўрилган.

Жорий ҳафта мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлмоқда. Куни кеча янги шаклланган парламент палаталарининг биринчи мажлислари ўтказилди. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Қўшма мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов очди. 

Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Муваққат котибият ва назорат гуруҳи тузилиб, кун тартиби тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ижтимоий соҳалар сифатини яхшилаш ҳамда қамровини кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор йўналишларини ўрта ва узоқ муддатда жадал ривожлантириш бўйича 3 йилда 30 дан ортиқ концепция ва стратегиялар қабул қилинганини таъкидлади. 

– Биз узоқ йиллар катта-катта рақамларга маҳлиё бўлиб юрдик. Лекин бу рақамлар халқимизга манфаат келтирмади. Шу боис асосий мақсадимиз аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни ошириш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва буни одамлар ҳаётида, дастурхонида сезадиган қилиш. Ўтган йилларда биринчи қадамлар қўйдик. Лекин ҳали кўзланган натижаларга эришганимиз йўқ. Бирон бир соҳани мукаммал деб айта олмаймиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳукумат зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ уддалаяпти, дейишга ҳали эрта экани, халқ кўпроқ ва аниқ натижалар кутаётгани қайд этилди. 

– Жойларда жуда кўплаб муаммо ва масалалар ўз ечимини топиши зарур. Одамларимизнинг талаб ва эҳтиёжлари кун сайин ўсиб бормоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Шунинг учун, янги ҳукуматнинг барча аъзоларидан ўзи масъул ва жавобгар бўлган соҳаларга танқидий ёндашиб, келгусидаги ишларни ортиғи билан бажариш, халқимиз ва парламентга берилган ваъдалар устидан тўлиқ чиқиш талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижадорлик ва халқ манфаатларини рўёбга чиқариш ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони бўлади

Қайд этилганидек, келгуси беш йил учун юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни ривожлантириш борасида катта марралар белгилаб олинган. 

Охирги икки йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 44 миллиард доллардан 58 миллиард долларга ўсган. Мажлисда бу кўрсаткични икки баробар ошириб, 100 миллиард долларга етказиш, инфляция даражасини 5 фоизгача камайтириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ҳукумат, Марказий банк ва барча даражадаги ҳокимларнинг умумий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.  

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев янгидан тасдиқланадиган ҳукумат олдида турган асосий вазифаларга тўхталиб ўтди.  

Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотчилик ва чорвачилик асосий “локомотивлар” бўлиши кераклиги, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кейинги беш йилликда 2,5 бараварга ошириш вазифаси таъкидланди. 

Сув ресурслари камайиб бораётган шароитда келгуси беш йилда суғориладиган ерларнинг камида 30 фоизига томчилатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни жорий этиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш орқали сув иншоотларининг эксплуатация ва инвестиция харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.  

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун нефть-газ ва энергетика тармоғидаги муаммоларни ҳал этиш лозимлигига эътиборни қаратди.   

– Ҳукумат бу соҳаларни трансформация қилиш, уларга хусусий секторни фаол жалб этиш, ҳисоб-китобни жой-жойига қўйиш орқали ортиқча йўқотишларни тўлиқ қисқартириш ва талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриши зарур. Нефть-газ соҳасида 2025 йилда ёқилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 5,2 миллион тоннага ошириш, шундан 4,1 миллиард долларлик 5 та объектни бу йил ишга тушириш керак. Кейинги беш йилликда электр энергияси ишлаб чиқаришни камида 80 миллиард киловатт-соатга етказиш, шундан камида 20 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига таъминлаш талаб этилади, – деди Президент. 

Чуқур таркибий ўзгаришлар ва йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобига тоғ-кон саноатида маҳсулотлар ҳажмини 2025 йилгача 1,5 баробаргача, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 3 карра кўпайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.  

Тўқимачилик ва чарм-пойафзал соҳаларига тўхталар экан, Президентимиз бу тармоқларда маҳаллий хомашёни тўлиқ қайта ишлаб, 2025 йилгача 8 миллиард долларлик экспортни таъминлаш масаласига алоҳида урғу берди.

Юқори технологиялар асосида электротехника саноатини жадал ривожлантириш, маиший техника ва саноат электр ускуналари, кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги қайд этилди. 

Давлат раҳбари  автомобилсозлик саноатида 2023 йилгача енгил ва юк автомобиллари ҳамда автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 360 минг донага етказиш, шундан камида 100 минг донасини хорижга экспорт қилиш соҳа масъуллари учун асосий марра бўлишини таъкидлади.  

Кимё саноати қувватларини модернизация қилиш, табиий газни чуқур қайта ишлаш асосида янги йирик лойиҳаларни амалга ошириш, фармацевтика соҳасида кейинги беш йилда маҳаллий дори воситалари ҳажмининг ички бозордаги улушини 45 фоиздан 70 фоизгача кўтариш ва экспортни 100 миллион долларга етказиш топшириғи белгиланди. 

Хорижий туристлар сонини 12 миллион нафардан ўтказиш учун инфратузилмаларни яхшилаш, меҳмонхоналарни кўпайтириш, транспорт тармоқларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини юксалтириш зарурлиги таъкидланди.  

– Барча режаларни рўёбга чиқариш ҳисобига ишсизликни 7 фоизгача камайтириб, йилига камида 500 мингта иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини 2 баравар ошириш янги ҳукумат олдидаги муҳим вазифа бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.  

Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, ўртача умр кўриш давомийлигини 76 ёшга етказиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини жорий этиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

 Президент Шавкат Мирзиёев  одамларнинг яхши яшашга бўлган талаблари ортиб бораётганига эътибор қаратди.

— Энди кечаги натижа билан халқимизни рози қила олмаймиз. Бугунги кун талаби ҳар куни изланиш, янгилик яратишдир. Шундагина халқимиз ҳаёти яхши томонга ўзгаради, — деди давлат раҳбари. 

Аввало, қонун, фармон ва қарорлар ижросини тўғри ташкил этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар бир туман ва қишлоққача етиб боришини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. 

— Биз қанча мукаммал қонун, фармон ва қарорлар қабул қилмайлик, агар улар жойларда етарлича амалга оширилмаса, шунча меҳнат ва саъй-ҳаракатимиз натижаси сезилмай қолаверади, — деди Шавкат Мирзиёев. — Шунинг учун вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар ишини оқилона ва самарали йўлга қўйиш ҳукуматнинг бош вазифаси бўлиши лозим. Энди ҳар бир топшириқнинг ижро этилгани қоғозга қараб эмас, эришилган пировард натижага қараб баҳоланади.

Ҳар бир ижро органи ўзи масъул бўлган соҳани ўрта ва узоқ истиқболда ривожлантириш бўйича аниқ режа ва дастурларга эга бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

— Энди иш фаолиятини фақат ишхонасида ўтказган ва қоғозбозликка берилиб, амалий натижани кейинги ўринга тушириб қўйган раҳбарлар билан хайрлашамиз. Марказда ўтираверган вазирлар халққа нима кераклигини қаердан билади? Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари иш услубини ўзгартириб, масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига олишни ўрганиши, ўз аравасини ўзи тортиши керак. Ўз вақтида ҳал қилинмаган муаммолар жойлардаги аҳоли кайфияти ва турмуш шароитига катта таъсир кўрсатишини бир сония бўлса ҳам унутмаслигимиз зарур, — деди Президент.

Давлат органлари фаолияти ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши устувор вазифага айланиши кераклиги белгиланди.

Қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ижроия органлари раҳбарларининг Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.


 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.