Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида

0
330
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўринлар фойдаланишга топширилди.

Санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Одам савдосидан жабрланган 1 024 нафар фуқарога тиббий-ижтимоий реабилитация ва психологик қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилди.

Шу билан бирга, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятидаги камчилик ва муаммолар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:

биринчидан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат қарамоғига олинган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишни самарали бошқариш тизими етарлича шакллантирилмаган;

иккинчидан, ногиронликнинг олдини олиш ва тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифати лозим даражада эмас;

учинчидан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шароитлар яратиш бўйича тиббий-ижтимоий муассасалар моддий-техника базаси ҳолатида бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда;

тўртинчидан, тиббий-ижтимоий муассасалар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди;

бешинчидан, тиббий-ижтимоий муассасаларда маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар тизимли ташкил этилмаган;

олтинчидан, одам савдосидан жабрланганларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари ва психологик қўллаб-қувватлаш сифати етарли даражада эмас.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилсин.

Белгилансинки:

Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

Агентлик ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради;

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қуйидагилар Агентлик тизимига ўтказилсин:

а) “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари, Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази;

б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.

Қуйидагилар:

а) Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

тиббий-ижтимоий муассасаларнинг, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш;

кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий раҳбарлик қилиш;

ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрланишини ташкил этиш;

муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш;

тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш ва мониторинг қилиб бориш;

тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш;

одам савдосидан жабрланганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва психологик қўллаб-қувватлаш тизимини мувофиқлаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этиш;

б) “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш;

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили икки марта диспансеризациядан ўтказиш, санаторийларда режали соғломлаштириш ва ихтисослаштирилган стационарларда даволашни ташкил қилиш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, юриш мосламалари), шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни мунтазам такомиллаштириб бориш;

маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, шу жумладан концерт дастурлари ташкил этиш орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш;

кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг юртимиздаги диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга ташрифларини ташкил этиш;

таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали ёшларни кексаларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш;

в) Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

одам савдосидан жабрланганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;

одам савдосидан жабрланганларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда огоҳлантириш-профилактика ишларини ташкил қилиш;

одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш.

Қуйидагилар:

тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифатини ошириш, уларда маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига “аутсорсинг” асосида хусусий секторни жалб қилиш, тизим ходимларининг малака ва касб маҳоратини ошириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, 35 та муассасада 428 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш ва уларни 40 миллиард сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишни назарда тутувчи Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари “йўл хариталари”да белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан масъул эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

6. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг:

раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 баробарга;

ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши 2 баробарга;

бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;

б) Агентлик марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маошини 1,5 баробарга, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 баробарга;

в) “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилсин.

Молия вазирлиги Агентлик билан биргаликда:

а) уч ой муддатда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, Агентлик марказий аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати, унинг ҳудудий комиссиялари ходимларининг ойлик лавозим маоши миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар учун 2021 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча маблағ ажратиш учун “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин ҳамда 2022 йил Давлат бюджетини шакллантиришда мазкур харажатларни инобатга олсин;

б) “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, шахсий гигиена ва дори воситалари таъминоти учун ажратиладиган маблағ миқдорини 2022-2024 йилларда босқичма-босқич ошириш, шунингдек, 2021 йилда маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлашни молиялаштириш чораларини кўрсин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси”да янгидан қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилган объектларни 2022 йил ва ундан кейинги йиллар учун шакллантириладиган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш чораларини кўрсин.

Бунда тиббий-ижтимоий муассасаларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш бўйича тайёрланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларида муассаса фаолияти учун зарур бўлган тиббий, физиотерапия ва спорт анжомлари билан жиҳозлаш назарда тутилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ўн кун муддатда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида тегишли ҳоким ва унинг ўринбосарларини “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига бириктирсин;

бир ой муддатда Агентлик билан биргаликда ҳар бир тиббий-ижтимоий муассасадаги шароитни ўрганиб, қўшимча бино қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун кўтариш платформалари билан таъминлаш, кутубхоналарни ташкил этиш ва уларнинг фондини бойитиш юзасидан ҳудудий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва ижросини таъминласин;

уч ой муддатда тегишли бинолар (хоналар), мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситаларини ажратиш йўли билан Агентлик барча бўлинмаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишини таъминласин;

Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар “Саховат” интернат уйлари ҳамда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларнинг ҳар бирини саёҳатга мўлжалланган автобуслар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан зарур маблағлар ажратсин;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда туроператорлар ва турагентлар билан шартнома тузган ҳолда мунтазам равишда “Саховат” интернат уйларидаги кексаларнинг республикамиздаги диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштирсин;

тиббий-ижтимоий муассасаларни 2021-2024 йилларда босқичма-босқич зарур тиббий ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин;

даврий равишда уйда яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз кексалар ва фахрийлар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш чораларини кўрсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида:

Агентлик ва Молия вазирликлари билан биргаликда бир ой муддатда замонавий физиотерапия бўлими ташкил этилишини ҳамда муассасада мавжуд тиббий ускуна ва жиҳозлар янгиланишини;

20212022 йилларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун янги бино қурилишини ва ушбу муассасага туташ ҳудудда Нуронийлар истироҳат боғи ташкил этилишини таъминласин.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси икки ой муддатда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийлари, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари ҳудудларида манзарали ва мевали дарахтлар экилиши, кўкаламзорлаштирилиши ва ободонлаштирилишини таъминласин.

Агентлик уч ой муддатда:

а) тиббий-ижтимоий муассасаларда қўшимча ва ёрдамчи функциялар (таом тайёрлаш, кир ювиш, тозалаш, техник хизмат кўрсатиш, ахборот-комуникация таъминоти ва бошқалар) “аутсорсинг” хизмати орқали амалга оширилишини жорий этиш тартибини тасдиқласин;

б) тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизмат кўрсатиш тартибини тасдиқласин, бунда:

“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида шартнома асосида пуллик тиббий-ижтимоий хизматнинг кундузги қатнов ҳамда интернат тизими (ҳафтасига 6 кунгача келиш) ташкил этилиши;

тиббий-ижтимоий муассасаларда кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағларни Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварақасига йўналтириш тартиби назарда тутилсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) тиббий-ижтимоий муассасаларда ишловчи врач ва ўрта тиббиёт ходимларининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ва тиббиёт марказларида бепул малакасини оширишни таъминласин;

б) тиббий-ижтимоий муассасалар ходимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказсин;

в) Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда тиббий реабилитация тизимини тубдан яхшилаш ҳамда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиш ва соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

Бунда, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлик кўрсаткичларини алоҳида дастур асосида мунтазам равишда баҳолаб бориш, уларни ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига бириктириш, бепул даволаш ва соғломлаштиришни йўлга қўйиш назарда тутилсин;

г) Агентлик билан биргаликда икки ой муддатда “Мурувват” интернат уйларида яшовчи беморлар учун олинадиган дори воситаларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг рўйхатини тасдиқласин.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 20212024 йилларда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ижтимоий ходимларнинг олий маълумот олиши учун республика олий таълим муассасаларида мақсадли квоталар ажратилишини таъминласин.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Агентликнинг 2021 йил май ойидан бошлаб “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бир марта Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан санаторийларда бепул соғломлаштиришни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Агентлик Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан биргаликда:

бир ой муддатда “Саховат” интернат уйларида яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни 2021 йилда санаторийларда соғломлаштириш жадвалини;

ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги йил учун “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни санаторийларда соғломлаштириш жадвалини тасдиқласин.

Тиббий-ижтимоий муассасаларга тиббиёт муассасалари, ўрта, профессионал ва олий таълим муассасалари 3-иловага мувофиқ бириктирилсин.

Агентлик икки ой муддатда:

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим мактаблари 10–11-синф ўқувчилари, профессионал ва олий таълим муассасаларининг талабалари ва ёшларнинг бириктирилган тиббий-ижтимоий муассасаларда “икки авлод” учрашувларини ташкил этиш, улар билан турли маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, таълим муассасаларида ўтказиладиган “кексалар маърифати” соатига таклиф қилиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бириктирилган тиббий-ижтимоий муассасаларда ҳудудий тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари шифокорлари томонидан кўриклар ва соғломлаштириш ишларини ташкил этиш;

Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси билан биргаликда тиббий-ижтимоий муассасаларда концерт дастурлари, маънавий-маърифий, маданий тадбирларнинг йил давомида ўтказиб борилиши юзасидан режа-жадвални тасдиқласин ва ижросини ташкил этсин.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Агентлик тизимидаги “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида яшовчиларнинг сонидан қатъи назар 1 нафардан кутубхоначи штат бирлиги жорий этилсин.

Агентлик:

а) Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари кутубхоналарини компьютер техникаси ва бошқа турдаги оргтехника, мебель, шу жумладан махсус мебель ҳамда тегишли кутубхона ускуналари билан жиҳозлаш бўйича талабларни тасдиқласин.

Бунда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш учун ўқув залларини махсус компьютер жиҳозлари ва бошқа қўшимча воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилсин;

б) 2021 йил якунига қадар Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари кутубхона фондларини миллий ва жаҳон адабиётининг 100 та энг яхши асарлари (бестселлерлари), даврий нашрлар (газета ва журналлар) билан таъминласин;

в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, “Саховат” интернат уйлари кутубхоналарининг Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланишини ва улар учун Миллий кутубхона электрон ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминласин.

Белгилансинки, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари кутубхона фондларини тўлдириш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ушбу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.

Агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг йиллик иш режасини тасдиқласин ва ижроси мониторингини олиб борсин.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари босма ва электрон ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг кўламда ёритиб борилишини таъминласин.

Ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан:

Агентлик директори зиммасига – тиббий-ижтимоий муассасаларни ривожлантириш, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш таъминланиши учун;

Соғлиқни сақлаш вазири А.Хаджибаев зиммасига – тиббий-ижтимоий муассасаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни соғломлаштириш ишлари ташкил этилиши учун;

Халқ таълими вазири Ш.ШерматовОлий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ва Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев зиммасига – тиббий-ижтимоий муассасаларда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабардор бўлиш ва ёш авлодни кексаларга нисбатан ғамхўрлик руҳида тарбиялаш ташкил этилиши учун;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – тиббий-ижтимоий муассасалар қурилиши ва реконструкция қилиш ишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши ва уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилиши, кексаларни юртимизнинг диққатга сазовор жойларига ва зиёратгоҳларга мунтазам ташрифлари уюштирилиши учун шахсий масъулият юклансин.

Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Ушбу Фармоннинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Мазкур Фармон ижроси 2021 йил август ва 2022 йил январь ойларида кўриб чиқилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти    Ш.МИРЗИЁЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.