Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги тегишли баёни ижроси доирасида «Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат» ғояси остида «Кексалар ҳафталиги» тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ҳам пойтахтимиздаги «Оқсарой» маросимлар залида «Устозлар қадр топган юрт» мавзуида тадбир ташкиллаштирилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев медиа соҳани муттасил қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Тадбирда узоқ йиллар оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борган устоз журналистлар, олий таълим муассасаларида журналистика соҳаси бўйича ёшларга таълим берган фахрийлар, шунингдек, айни кунда газета ва журналлар, телерадиоканаллар ҳамда интернет нашрларида ёшларга устозлик қилиб келаётган соҳа фидойилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ёши улуғ журналистлар ҳамон катта университет, ибрат, намуна вазифасини ўтаётганини, бу эса миллий масс медиа ривожида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Бугун миллий журналистикамиз ривожига кўрсатилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юксак, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган устоз журналист Солиҳ Ёқубов. – Бу эътибор биз – ёши улуғ ижодкорларни янада катта масъулият билан ижод қилишга ундайди.
Тадбир доирасида бир гуруҳ юбилей ёшига етган устоз журналистлар Ўзбекистон журналистлар уюшмаси совғалари билан тақдирланди. Яна бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари тантанали топширилди.
Манбаа: jurnalistlar.uz