“Кичик академия”нинг илмий- амалий фестивали

0
739
марта кўрилган.

Пойтахтимизнинг Сирғали туманидаги 300- ихтисослашган умумтаълим мактаби ҳузурида ташкил этилган “Кичик академия”нинг илмий- амалий фестивали бўлиб ўтди. Ҳар ўқув йили охирида мазкур академиянинг ҳисобот фестивали ўтказилиши анъанага айланган.

Бу йилги якуний тадбирда ўқувчилар томонидан яратилган илмий, ижодий ва амалий ишлар кўргазмаси уюштирилди. Шунингдек, спорт ва маданият йўналишидаги машғулотларда қатнашаётган ўқувчиларнинг тантанали чиқишлари намойиш этилди. Тадбирда ушбу  ўқув йили давомида ютуқларга эришган ўқувчилар, шунингдек, “Йилнинг энг яхши иқтидорли ўқувчиси” номинацияси ғолиблари муносиб тақдирланди. Тадбир Республика “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Фестивалда Олий таълим муассасалари, туман ҳокимлиги, халқ таълими тизими ва ОАВлари вакиллари иштирок қилишди.

Мактаб ”Кичик академияси”нинг кенгаши ташкил этилган бўлиб, у ўн бир нафар салоҳиятли педогоглардан иборат. Унинг раиси Малика Абдуллаева билан суҳбатлашдик.

Савол: Малика Махмуджоновна, ушбу ўқувчилар  академиясининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Жавоб: Мактаб “Кичик академияси” 2005 йилда ташкил топган бўлиб, ўқувчиларнинг салоҳиятини юксалтириш, фанга қизиқишларини ошириш ва иқтидорларини тарбиялашдан иборат. Тўртта  йўналишда иш олиб борамиз. Фанларга қизиқувчи ўқувчиларни илмий-амалий фаолият юритишга йўналтирамиз. Маъруза ўқиш, мавзу йўналишини муҳокама қила билиш фазилатларини тарбиялаймиз. “Билимлар беллашуви”га, фан олимпиадаларига тайёргарлик кўришда кўмаклашамиз. Ёш ижодкорлар йўналишида ижодий ишлар в уларининг ютуқларини  оммалаштиришга ёрдамлашилади.  Ёш тадқиқотчилар йўналишида эса кичик илмий иш ва ихтиролар яратишда ёрдам кўрсатилади. Тўртинчи йўналишимиз спорт ва маданият соҳасига қизиқувчи ўқувчиларнинг иқтидорини тарбиялашдан иборат бўлиб, тадбир, мусобақа, танловларда шарт-шароитлар яратиб беришга интиламиз.

Савол: Ўқувчиларнинг иқтидорини тарбиялашда ҳамкор ташкилотларнинг бўлиши табиий. Улар ҳақида гапириб берсангиз.

Жавоб: Мактаб “Кичик академияси” ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети, ЎзРФА  Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Давлат геология музейи, Юнус Ражабий уй музейи, Сирғали туманидаги Бобур саноат сервисi” МЧЖ корхонаси билан ҳамкорлик шартномалари асосида фаолият юритамиз.

Савол: Мана фаолият олиб бораётганизга ўн уч йил бўлибди. Мактаб Академиясининг номи, мақсад муддаоси амалга ошираётган ишлари улуғ,  ўтган йиллардаги натижалар, самралар ҳам шунга яраша бўлса керак.

Жавоб:  Айни кунда академиямизга 892 нафар ўқувчи жалб этилган. Усмонжон Эркинов спортнинг сув полоси йўналишида ва Наргиза Раҳмонқулова эса миллий курашда Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаб тургани бизнинг фахримиз. Шахноза Тоғаймурадова қиличбозликда Осиё чемпионатида учинчи ўрин олиб барчамизни хурсанд қилди. Наргиза Тоҳирова эса каратэ бўйича икки карра, муай-тай бўйича бир карра Осиё чемпионлигига сазовор бўлди. Шунингдек, Улуғзод Эркинов, Абдурасул Абдумажидов, Улуғбек Раимов ёшлар футбол жамоасида тўп суриб, турли чет давлатларда совринли ўринларни қўлга киришди.

“Зулфияхоним қизлари”, “Юксак маънавиятли авлод”, “Ватан куйчиси” каби кўрик танловларда муносиб ўринларни эгаллаган ўқувчиларни эса санаб чиқиш анча вақтни олади. Бу йилги инновацион олимпиадада ўқувчиларимиз тўртта совринли ўринни қўлга киритди.

Савол: Мактаб битирувчиларининг кейинги ютуқларини ҳам кузатиб эътиборга олиб турасизларми?

Жавоб: Албатта, бизни қизиқтиради. Масалан, Рустам Раҳимов Корея Республикасида фан доктори даражасига эришди. Феруза Абдуллаева, Индира Раҳимовалар ҳам Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида докторлик иши устида тадқиқот олиб боряптилар.

Савол: Академиянинг фаолияти ниҳоятда самарали эканлиги кўриниб турибди. Шиорингиз?

Жавоб: Мактаб “Кичик академияси” ўз низомига, рамзига эга. “Фикримиз, жасоратимиз, ижодимиз- сенга Ватан!” шиори остида фаолият юритамиз. Мактаб ”Кичик академия”сида фаолият юритаётган иқтидорли ўқувчилар ва педагогларни ягона максад бирлаштиради. У ҳам бўлса, эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал яъни уларнинг фикрини, ижодини, шижоатини Ватанга бахшида этишга йўналтириш, юртга муҳаббат ва миллий ғурур туйғуларини сингдиришга интилиш бош мақсадимиз. Чунки, фарзандларимиз Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётини таъминлашда ҳамда юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида энг асосий омил, Ватан таянчи ва келажаги ҳисобланади.

Суҳбатдош: Қизиқарли ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Суҳбатдош: Жавлон Саъдуллаев

Муаллиф олган фотолар

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.