Кимё саноатини жадал ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди

0
164
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Маълумки, кимё соҳаси – замонавий саноатнинг “катализатори” бўлиб, ҳар қандай ишлаб чиқариш негизида кимёвий жараёнлар ётади, бу соҳасиз иқтисодиётда тараққиёт бўлмайди.

Ўзбекистон заминида Менделеев жадвалидаги барча кимёвий элементлар мавжуд, мамлакатимиз углеводородларга бой бўлса-да, кимё саноатимиз асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қурилиш материаллари, фармацевтика, текстиль, машинасозлик каби тармоқлар учун зарур бўлган мураккаб полимерлар, катализаторлар, реагентлар ва синтетик толалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.

Бунинг оқибатида ҳар йили 1,5 миллиард долларлик кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарилаётган фосфор ва калийли минерал ўғитлар ҳам мавжуд талабнинг фақат учдан бирини қоплайди, холос.

Мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари 60-70 фоизга эскиргани энергия ресурсларининг ортиқча сарфланиши, кимё маҳсулотлари таннархининг асоссиз ошишига олиб келмоқда.

Ўтган йилдан бошлаб, минерал ўғитга талабни қондириш учун 3,1 миллиард долларлик 17 та инвестиция лойиҳаси амалга оширила бошланди. Бундан ташқари, кимё саноати маҳсулотларини диверсификация қилиш мақсадида 2025 йилгача 4,2 миллиард долларлик яна 17 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Шунинг учун, кимё тармоғига хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг муҳим ва устувор вазифаси бўлиши зарур.

Йиғилишда тармоқдаги камчиликларни бартараф этиш ва кимё саноатини янада ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, тармоқни ривожлантириш учун янги замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш зарур.

Бугунги кунда мамлакатимизда азотли ўғитларга талаб 73 фоиз, фосфорли ўғитларга — 20 фоиз таъминланмоқда. Азотли ўғит ишлаб чиқариш қувватларининг ўртача эскириш даражаси 64 фоизни, фосфорли ўғит бўйича — 77 фоизни ташкил қилади.

Соҳадаги вазиятни яхшилаш мақсадида келаси 5 йилда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 9 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида минерал ўғит ва сульфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар кўпаяди. Азотли ва калийли ўғитларга талаб тўла қопланади, фосфорли ўғитларга талабни қондириш даражаси бир неча баробар оширилади.

Айни пайтда табиий газнинг бор-йўғи 14 фоизи, жумладан, кимё тармоғида 5 фоизи чуқур қайта ишланмоқда. Кремний, каолин ва гипс хомашёсидан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш эътибордан четда қолмоқда.

Маълумотларга кўра, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ноўғит маҳсулотлар, асосан полиэтилен, полипропилен, полистиролга хорижий давлатларда 100 миллиард доллардан ортиқ ҳажмда эҳтиёж мавжуд. Бу эса биз учун яхши имконият.

Шу сабабли, кимё саноатида маҳсулот турларини диверсификация қилиш учун органик моддалар ишлаб чиқариш бўйича 15 та ва ноорганик моддалар бўйича 8 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз мутасадди раҳбарларга ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Кимё саноатида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш лозим. Шу боис йиғилишда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг молиявий аҳволини яхшилаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, соҳага инновациялар умуман жорий қилинмагани, илм-фан салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Шунинг учун Корея кимё-технологиялари илмий-тадқиқот институти (KRICT) билан ҳамкорликда Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва муҳандислик, кадрлар тайёрлашга ихтисослашган марказ барпо этишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда мутасаддиларга белгиланган барча вазифалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, унинг ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш топширилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.